АҚШ узоқ вақтдан бери инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида бошқа давлатларнинг ички ишларига очиқдан-очиқ аралашиб келяпти. ТАССнинг хабар беришича, Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И ана шундай фикр билдирган.
“Бу эса дунёда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаряпти, айрим ҳолатларда низоларга сабаб бўляпти. Қўшма Штатларнинг буни иложи борича тезроқ тушуниб етиши жуда муҳим, акс ҳолда дунё тартиб ва хотиржамликдан узоқ бўлади”, – деди Хитой вазири.
Унинг қайд этишича, турлича тизимларга эга давлатлар сифатида Хитой ва АҚШ фарқлар ва келишмовчиликларга эга, бу келишмовчиликларни эса мулоқот йўли билан бартараф этиш зарур.
“Биз АҚШ билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёрмиз. Умид қиламизки, Қўшма Штатлар ҳам худди шу йўналишда илгарилайди ва икки томонлама ҳамкорликдаги асоссиз чекловларнинг барини олиб ташлаб, янги тўсқинликларни келтириб чиқармайди”, – дея таъкидлади Ван И.
Шунингдек, у Хитой ҳукумати АҚШга бир томонлама санкциялар орқали Эронга босим ўтказишни тўхтатишни тавсия қилишини айтди.