Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

АҚШ: одамга илк бор ҳайвон юраги кўчириб ўтказилди

5357

Америкалик жарроҳлар дунёдаги биринчи экспериментал операцияни ўтказишди – гени ўзгартирилган чўчқа юрагини беморга кўчириб ўтказишди. Шифокорларнинг таъкидлашича, Дэвид Беннет исмли беморнинг бундан бошқа чораси йўқ эди.  

Би-би-сининг хабар беришича, етти соат давом этган операция уч кун аввал амалга оширилган, ҳозирда бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда.

«Мен учун танлов ўлим ва бу трансплантация ўртасида эди, – деди 57 ёшли Беннет операция арафасида. – Келажакдаги тақдирим бутунлай номаълум эканлигини тушунаман, лекин мен учун бу охирги имконият».

Мэриленд университети тиббиёт маркази мутахассислари операция учун расмийлардан махсус рухсат олиб, бемор операциясиз ўлишини тушунтирди. Трансплантация муваффақиятли бўладими ёки йўқми, ҳали аниқ эмас.

Жарроҳ Бартли Гриффитнинг сўзларига кўра, амалга оширилган операция донор органлар танқислиги инқирозини ечимга яқинлаштиришни кўзда тутган. 

OrganDonor.gov сайти маълумотига кўра, биргина АҚШда 100 мингга яқин одам донор орган трансплантациясини кутмоқда ва танқислик туфайли кунига ўртача 17 бемор вафот этмоқда.

Олимлар ҳайвонларнинг аъзоларини одамга кўчириб ўтказиш, яъни ксенотрансплантация имкониятларини узоқ вақтдан бери муҳокама қилишади. Кардиожарроҳликда чўчқанинг юраги айрим қисмларини, хусусан, юрак клапанларини трансплантация қилиш аллақачон кенг қўлланилади.

2021 йил октябрь ойида Нью-Йоркдаги жарроҳлар одамга чўчқа буйрагини муваффақиятли кўчириб ўтказганликларини эълон қилишди, бу ўша вақтда тарихдаги энг мураккаб операция эди. Бироқ буйрак кўчириб ўтказилган бемор вафот этди.

Беннет эса яшашга умид қилмоқда. Операциядан олдин у юрак касаллиги туфайли олти ҳафта касалхонада ётди. Унинг ҳаёти тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида сақлаб турилди. 

Юраги трансплантация учун ишлатилган ҳайвон генетик жиҳатдан ўзгартирилган: олимлар трансплантация қилинган орган беморнинг организми томонидан рад этилишига олиб келиши мумкин бўлган гендан халос бўлишлари керак эди.

Гриффитнинг сўзларига кўра, ҳозир шифокорлар беморнинг аҳволини диққат билан кузатиб бормоқда.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусиқа рисоласи

284 20:20 07.08.2022

Катталар ўрнак бўлса, бола намунали бўлади

421 19:30 07.08.2022

Мактаб формасига сиёсатшунослар фикри

645 18:30 07.08.2022

Афғон (Афғон диёрида қачон тинчлик бўлади?)

443 16:30 07.08.2022

Тавозе билан хорлик орасидаги фарқ

310 14:35 07.08.2022

Қодиров ва Шойгу норасмий учрашув ўтказди

711 13:07 07.08.2022
« Орқага