АҚШ сенаторларининг резолюциясига кўра Муҳаммад ибн Салмон жавобгарликка тортилиши лозим

16:40 06.12.2018 416

АҚШнинг бир гуруҳ сенаторлари чоршанба куни Дональд Трамп администрацияси ва халқаро ҳамжамиятни журналист Жамол Қошиқчи ўлимидаги барча айбдорлар, хусусан, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмонни жавобгарликка тортиш ҳақидаги резолюцияси билан чиқди. Бу ҳақда ТАСС нашрига таяниб ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, резолюция ташаббускори республикачи Линдси Грэм (Жанубий Каролина штатидан) бўлиб, ҳужжат республикачилар – Марко Рубио (Флорида штатидан) ва Тодд Янг (Индиана штатидан), демократлар – Дайэнн Файнстайн (Калифорния штатидан, Эд Марки (Массачусетс штатидан) ва Крис Кунс (Делавэр штатидан) ҳаммуаллифлигида тайёрланган. Ушбу сенаторларнинг бари валиаҳд шаҳзодани Жамол Қошиқчи ишидан ташқари, Ямандаги гуманитар кризис, Қатарнинг блокада этилиши, сиёсий диссидентларни қамоқ жазосига ҳукм қилганликда айбламоқда.

“Мен шунга аминманки, шафқатсизларча ўлдирилган, ортидан уч нафар фарзанди – АҚШ фуқаролари қолган америкалик резидент - жаноб Қошиқчи иши бўйича Қўшма Штатлар миллий хавфсизлик манфаатларини ҳисобга олиб қатъий баёнот билан чиқиш керак“, – дея таъкидлаган Линдси Грэм.

Агентликнинг аниқлик киритишича, сенаторлар ҳавола этган ҳужжат Қошиқчи ишига алоқадорларни қатъий шаклда ҳукм қилиш, қотиллик амалга оширилган вақтда валиаҳд шаҳзода мамлакат хавфсизлик кучларини назорат қилганини тан олиш, АҚШ ва дунё ҳамжамиятни ушбу ишга алоқадор барча айбдорларни жавобгарликка тортиш, шунингдек, Саудия Арабистонини Қатар билан келишмовчиликларни сиёсий йўллар ёрдамида бартараф этиш ва дипломатик муносабатларни тиклаш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш юзасидан музокараларни бошлашга чақиради.

Эслатиб ўтамиз, Америка Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбари Жина Ҳэспел АҚШ Сенатида ўтказган ёпиқ брифингдан сўнг Конгресс юқори палатаси вакиллари – республикачилардан бўлган Боб Кокер ва Линдси Грэм “Вашингтон пост” журналисти Жамол Қошиқчининг ўлимида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг қўли борлигига эндиликда амин эканликларини журналистларга маълум қилган эди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!