АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинанинг мудофаа салоҳиятини кучайтириш учун 125 миллион доллар ажратилганини маълум қилди. Вазирлик баёнотида айтилишича, мазкур ёрдам «Украина хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш ташаббуси» доирасида ажратилди ҳамда жангчиларни тайёрлаш, қуролланиш ва ҳарбий маслаҳатчиларга кўмаклашиш учун ишлатилади.
Пентагон мазкур ёрдам Украина кучларига мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш, чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ва НАТО билан оператив мувофиқликни оширишга, шунингдек,
Россия агрессиясидан самарали ҳимояланишга имкон беради деган фикрда. Ажратилган маблағ ҳисобидан хусусан иккита Mark IV патрул катери сотиб олинади.
Украина ҳукумати мудофаа соҳасида асосий ислоҳотларни ўтказиш бўйича етарли даражада силжишга эришганини кўрсатгач, АҚШ Конгресси томонидан ажратилган 150 миллион доллар ҳам берилади.
АҚШ 2014 йилдан бери хавфсизлик соҳасидаги ёрдам тариқасида Украинага 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди.