АҚШ Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий ривожланиш, хавфсизликни таъминлаш соҳасида танлаган йўлини қўллаб-қувватлайди

17:00 16.05.2018 265

Жорий йилнинг 14 май куни АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида Атлантика кенгаши ва АҚШ ташқи сиёсати бўйича Марказий Осиё ва Кавказ институти томонидан “Ўзбекистон томон очилиш: Президент Шавкат Мирзиёев ташрифига дастлабки назар” мавзусида тадбир ўтказилди, дейилади "Халқ сўзи" онлайн нашри хабарида.

Мазкур анжуман юқори савияда ҳамда ўзаро манфаатдорлик муҳитида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Элдор Арипов, АҚШ Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кёртис, Марказий Осиё ва Кавказ институти, Буюк ипак йўлини ўрганиш дастури асосчиси ва директори Фредерик Старр ҳамда бошқалар қатнашди, сўзга чиқди.

Мажлисга АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, Атлантика кенгашининг Евроосиё маркази директори Жон Хербст модераторлик қилади.

Ташкилотчилар томонидан Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ижобий қадамлар ташланаётгани эътироф этилди. Пировардида мамлакат халқаро ҳамкорлик ва тўғридан-тўғри хориж инвестициялари учун ўз эшикларини очиб бераяпти.

Америкалик экспертлар таъкидлаганидек, Тошкентнинг Марказий Осиёдаги минтақавий сиёсати чегара ва сув ресурслари билан боғлиқ соҳаларни ҳам қамраб олган ҳолда барча мавжуд муаммоларга амалий жиҳатдан ҳал этиб берди. Ўзбекистон томонидан экстремизм ва терроризмга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Афғон муаммосига барҳам бериш Ўзбекистон ташқи сиёсатида асосий рольни ўйнайди”, деб ёзади Атлантика кенгаши.

Эслатиб ўтамиз, Атлантика кенгаши(Atlantic council) Америкадаги ташқи алоқалар соҳасидаги йирик ноҳукумат таҳлил маркази бўлиб, унга 1961 йилда асос солинган.

Сенатор Содиқ Сафоев ўз чиқишида Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи тарихий эканлигига урғу берди:

– Биз америкалик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Томонлар 8 миллиард АҚШ доллари қийматига тенг битимлар имзолаши эълон қилинди. Агар мендан Ўзбекистонда нималар рўй бермоқда деб сўрасангиз, иккита сўз билан – сиёсий модернизация деб жавоб бераман.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Акмал Саидов эса иштирокчиларга республикамизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

– 2014 йилда Европа Иттифоқидан рўйхат олганмиз. Унда 34 нафар маҳбус бор эди. Айни пайтга келиб уларнинг 32 нафари озодликка чиқарилди, – дея қайд этди у.

Депутат, шунингдек, Ўзбекистон парламенти фаолияти ҳақида тўхталар экан, қонун чиқарувчи органнинг ҳар икки палатаси ҳам жойларда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан фаол шуғулланаётганини айтиб ўтди. У иштирокчиларга парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича чора-тадбирлари ҳисоботини ҳамда бу борадаги “йўл харитаси”ни тақдим этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ҳам журналистларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берди. Шу аснода у Афғонистон Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида ўрин эгаллашини билдирди.

– Биз Афғонистонга таҳдид сифатида эмас, балки рисоладагидек ҳалол муносабатлар ўрнатиш имконияти сифатида қарашни бошладик, – деди у.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори Элдор Арипов мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан алоқалари ҳақида сўзлади.

– Бугун биз минтақада мутлақо бошқача муҳитга эгамиз. Тожикистон ва Қирғизистон билан чегараолди муаммоларига тегишли ҳужжатлар имзоладик. Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2015-2016 йилларда ўзбек-қирғиз чегарасида 15дан ортиқ можаро рўй берган эди. Айни пайтда бундай ҳолатлар деярли йўқ, – деди у.

Айни чоғда ТИВ вакили қўшни мамлакатлар билан боғлиқ, жумладан, ГЭС қурилиши ва бошқа муаммоларнинг барчаси деярли ҳал этилганини таъкидлади.

Тадбир давомида иштирокчилар янги Ўзбекистон АҚШ сармоядорлари учун очиқ эканлигини алоҳида эътироф этишди.

АҚШ Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кёртис АҚШ Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий ривожланиш, қолаверса, хавфсизликни таъминлаш соҳасида танлаган йўлини қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.

Қатнашчилардан бири Ўзбекистоннинг Хитой ва Россия билан муносабатлари ҳақида савол берди.

Сенатор Содиқ Сафоев барча давлатлар тенг алоқалар ўрнатиши лозим дея жавоб бериб туриб, Россия Ўзбекистоннинг стратегик шериги эканлиги, Ўзбекистон учун Америка товарлари эса Хитойда ишлаб чиқарилажагини таъкидлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!