Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

АҚШнинг Афғонистондаги мағлубиятида кинонинг аҳамияти  

3966

(иккинчи мақола)

Режага кўра, мақоланинг биринчи қисмида ўзбек, иккинчисида эса жаҳон кино саноати атрофида фикр-мулоҳаза юритишни ният қилган эдик. Аммо мавзуни ўрганиш жараёнида дуч келган айрим маълумот ва фикрларни сиз билан ўртоқлашгимиз келди. Ўзбек кино ижодкорлари орасида кинони давлат қўллаб қувватлаши керакми ёки йўқ деган мавзуда тортишиш бор экан. Майли, бу ҳақда кейинроқ, мақоланинг охирида гаплашамиз...

Хорижий кино ва мультфильмларнинг ўзига хос оҳанрабоси бор гўё... Совет даврида барча “йўллар” каби экранлар ҳам хориж кинолари учун деярли ёпиқ бўлган. 90-йиллардан бошлаб чет эл кино асарлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетди. Аввал марказий иккита телеканал фаолият юритган бўлса, “Мустақиллик шарофати билан” хусусий ва давлат телеканаллари сони керагиданам ортиб кетди. Аввал чет эл киноларини дублаж деган санъат “овози” билан она тилимизда кўрардик. Бора-бора “қўл бола” усулда ўзбекчалаштирилган кино ва мультфильмлар экранларимизни босиб кетди. Кинонинг мазмунию ғоясию жанри деярли ҳеч кимни қизиқтирмас, ҳар ким топганини “қозон”га ташлайдиган бўлди. Бу ҳолатни физикадаги диффузия ҳодисаси*га айланиб кетди (*моддаларнинг тартибсиз аралашуви).

Ўша йиллари Мексика, Колумбия каби мамлакатларнинг миллий ва диний қадриятларимизга зид бўлган сериаллари ўзбек томошабинини, айниқса, аёлларимизни экран қаршисига “михлаб қўйди”. Йигирма йиллар аввал МТРКда ишлайдиган устозларимизнинг биридан “Бу сериаллар менталитетимизга ёт, аёлларнинг (фикрий, ахлоқий) бузилишига сабаб бўлади-ку?! Шуларни кўрсатишдан муддао нима?” деб сўрагандим. Миллат тақдирига бефарқ эмас эса-да, ўша пайтлари оддий раҳбарча бўлгани учун вазиятни ўзгартириш қўлидан келмайдиган устозимиз: “Буни катталар билмайди, деб ўйлайсанми? Албатта сену мендан яхши билади. Аммо турмуш қийинчиликларидан эзилаётган одамлар мана шу сериаллар орқали чалғиб, “тўполон” қилмай ўтирса бўлди. Бошқаси билан иши йўқ катталарнинг...” деганди алам билан. 

Кейинроқ уларнинг ўрнини корейс кино ижодкорларининг асарлари эгаллай бошлади. Корейс сериаллари америкаликларники каби “яланғоч” ва шармсиз бўлмаса ҳам, асосан, уруш ва муҳаббат каби мавзуларни қамраб олганди. Бу орада экранларимизда япон, араб, турк ва ҳинд сериаллари ҳам онда-сонда бўй кўрсатиб турар, энг ажабланарлиси, араб киноларида ҳам миллийлигимизга зид ҳолатлар тарғибот қилинарди. Ёки ҳиндларнинг “Рамаяна, “Маҳобхарат”лари... Албатта бошқа миллат маданиятига ҳурматсизлик қилмаймиз, бироқ уларнинг диний эътиқодлари билан суғорилган афсоналарни миллатимизга “едиравериш” ҳам инсофдан эмас-ку...

Нафақат сериаллар, балки турли жанрдаги фильмларнинг аксарияти ҳам ўзлигимизга ёт ва диний эътиқодимизга зимдан зарба берувчи мафкураларга қоришиқ бўларди. Масалан, атеистик ғоялар илгари суриладиган кўпгина фильмларга ҳам ҳеч қандай монелик йўқ... Худди атайлаб қилинаётган душманликка ўхшарди бу. Чунки диний мазмундаги деярли барча кино фильмларга тақиқ қўя олган “кўринмас куч”лар мана шундай ёт ғояли “асар”ларни тўхтатиб қолишига шубҳа йўқ эди-да ахир...

Мультфильмлар мавзусида эса алоҳида муаммо,  катта дард... Гоҳ-гоҳида кўзим тушиб қолган ҳолатлардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, болаларимизнинг онгини заҳарловчи бир қанча “мултик”лар ўзбек тилига ўгирилган. Минг афсуски, улар орасида томошабиннинг диний эътиқодини бузувчи ғоялар билан суғорилган бир қанча мультфильмлар бор. Уни кўрган мурғаккина болажонларнинг эмас, диний саводи йўқ катта кишиларнинг ҳам иймонига зарар етиши муқаррар.

Шу ерда ҳақли савол туғилади: нега бошқа динлар ҳақидаги кино ва сериаллар бемалол намойиш этилавериладию ИСЛОМИЙ мазмундаги фильмлар экранларга яқинлаштирилмайди? Наҳотки, миллатимизни инсофга, тўғриликка, яхшиликка чорловчи асарларнинг биз билмаган зарарлари бўлса?! Бу саволга жавоб берадиган масъул ёки идорани қўлингиз билан ҳам кўрсатолмайсиз... Ачинарли жиҳати шундаки, хорижлик ижодкорнинг мардлик, инсонийлик, ватанпарварлик каби мавзулардаги кино ижодлари ҳам “ҳа деганда” экранларимиз юзини кўравермайди. Мисол учун турк сериалларини олайлик. Охирги йилларда қардошларимиз ўз тарихидан ҳикоя қилувчи кўплаб сериалларни суратга олди. Улар шу қадар муваффақият қозондики, турк сериалларини 150 тага яқин мамлакатда 700 миллиондан зиёд инсонлар томоша қилмоқда. Уларнинг асосий қисми тарихий мавзудаги сериаллардан иборат. Аммо бизда эфирга узатиладиган турк сериалларининг аксариятида очиқ-сочиқлик, беҳаёлик, шармандалик, бузуқлик тасвирланади. Айтишларича ўша “ижод”ларнинг аксарияти Туркиянинг ўзида тақиқланган экан. Ўйлаб қоламан, ахир ўша тарихий мазмундаги сериаллар намойиш этилса, кони фойда-ку!

Эътибор берган бўлсангиз, охирги ўттиз йил ичида миллатимиз тарбиясида салбий ўзгаришлар пайдо бўла бошлади. Буни англаш ва тан олиш учун алоҳида тадқиқот шарт эмас. Қиз-у жувонларнинг кийиниши ҳақида гапирмаган одам қолмади. Вазият шу даражага бориб етдики, қиз ва жувонларимизга шим кийиб юриш оддий ҳолга айланиб қолди. Аслида кўпгина зиёлиларимизни йигитларимиздаги ғурур, андиша, ор-номус камайиб бораётгани қайғуга соляпти экан. Қизиқчиларимиздан бири айтмоқчи, йигитларимиз борган сари мулойимлашиб кетмоқда. Рўзғор юкини бемалол аёли елкасига ортиб қўйган боқиманда, танбал, даюс кишилар кўпайди. Ҳофиз ҳатто “Эрни хотин боқмасин!” дея “фарёд кўтарди”. Бу каби иллатларнинг авж олишида шубҳасиз телеканалларимизда намойиш этилаётган кино ва сериалларнинг катта таъсири бор.

Бундан ташқари аксар хорижий фильмлар кучли мафкуравий ғоялар суғорилганини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. Йигирма йиллар аввал “Рембо Афғонистонда” деган фильмни кўриб, ҳайрон қолгандим. Бомба остидан тирик чиқаверадиган “жангари”нинг қарамай отган ўқи ҳам ўнлаб “душман”ни ер тишлатаверарди. Мақсад “АҚШ аскарларининг қанчалик “қудратли” эканини онгимизга сингдириш”дан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, йигирма йил афғон диёрини вайрон қилган америка ҳарбийлари маҳаллий кучларни енга олмай қочиб кетди.

Америкалик ёзувчи ва журналист Майкл Гастингс "The Operators: The Wild and Terrifying" (“Операторлар: ёввойи ва даҳшатли”) китобида бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди: 

 “Афғонлар телевизор кўрмайдилар, Рембо ва Жеймс Бонд фильмларидан умуман хабарлари йўқ. Шунинг учун улар биздан қўрқмайдилар. Бизни ўзларига ёт ва нима қилиб бўлмасин қувиб-ҳайдалиши керак бўлган мустамлакачилар деб билишади, холос. Шу сабаб, уларга қарши бизнинг қурол-аслаҳаларимиз ва руҳий босимларимизнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди...”

Манбасини эслолмадим, аммо америкаликларнинг Афғонистонга бостириб кириши олдидан ислом ва мусулмонларни қора бўёқларда кўрсатиш учун, аниқроғи мусулмонларнинг қиёфасини “ўхшатиш” учун Hollywood компаниясига бир неча миллиард доллар маблағ ажратилгани ҳақида ўқигандим. Бу пуллар ҳаво соврулиб кетади, деб ўйлаш хато, албатта. Асосий ғояси гўё америкалик оқкўнгил супер қаҳрамон мусулмон диёрларидаги жафокаш халқларни “террорист”лардан қутқариб олишига қаратиладиган мазкур фильмлар империалистик кучларнинг (ер ости ва ер усти бойликларини ўмаришдай) асл муддаоларини яшириш билан бирга ўз халқини (уруш харажатлари ва қурбонларидан) чалғитишга хизмат қилади.

Авваллари Hollywood “тредда” бўлган бўлса, эндиликда Marvel ва Netflix каби компаниялар тарғибот кампаниясида олдинги ўринларга чиқиб олди. Улар нафақат исломиятга, балки инсониятга ҳам зарарли маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан чарчамаяпти. Ачинарлиси улар яратган кино ва мультфильмларнинг томошабинлари сони кун сайин ортиб бормоқда. Уларнинг тарғиботлари эса бирор бир инсоний жамият қадриятларига тўғри келмайди.

Наинки, кино ва сериаллар, ҳатто мультфильмларда ахлоқий бузуқлик тарғиботи оддий ҳолга айланиб бораётгани ачинарли ҳол. Ўз “мултик”лари билан бутун дунёни забт этган Уолт Дисней компанияси эндиликда ЛГБТ тушунчаларини ўз ичига олган мультфильмлар ишлаб чиқаришини ва асосий қаҳрамонлар ҳам ЛГБТлардан иборат бўлишини эълон қилган. Ва бу режалари эса аллақачон ишга тушиб бўлди.

Шунча муаммоларни санаб ўтдик. Ечим сифатида нималарни таклиф қилишимиз мумкин?

Аввало исломий фильм ва, айниқса, исломий мультфильмларга “кўринмас кучлар” томонидан қўйилган тақиқларни олиб ташлаш керак. Иккинчидан, экранларимиздаги “соқолофобия ва рўмолофобия” асосида қўйилаётган норасмий ва мантиқсиз талабдан воз кечишимиз лозим. Учинчидан, қардош халқларимизнинг миллий ва диний менталитетимизга зид бўлмаган сериал ва фильмлари намойишини кўпайтаришимиз керак. Тўртинчидан, турклар томонидан ишланган тарихий сериалларни экранларимизга чиқаришдан қўрқмаслигимиз керак (чунки шундоқ ҳам аксарият халқимиз уларни интернет орқали томоша қилишяпти). Ана шунда халқимизда миллатпарварлик, ватанпарварлик каби эзгу тушунчалар яхшироқ шаклланади.

Бу умидли тавсиялар эди. Умидсизи эса, шу – тезроқ интернетни ривожлантириш керак. Шунда халқимизда танлаш ихтиёри пайдо бўлади.

Ёшлигимда ливиялик тарихий қаҳрамон Умар Мухтор ҳақидаги фильмни кўргандим. Ўша кинодаги бир эпизод ёдимда муҳрланиб қолган. Итальян босқинчиларига қарши мардонавор курашган Умар Мухтор охири қўлга олинади. Италиялик генерал унга истеҳзо ила савол сўрайди: “Сен шу отларинг ва пилта милтиқларинг билан буюк Италия армиясини енгмоқчи бўлдингми?” Шунда Умар Мухтор “Бизга енгиш эмас, курашиш буюрилган” деб жавоб қайтаради. Дарҳақиқат, шундай... Биз ҳам журналист сифатида фикримизни билдириб қўяверамиз. Зора, бирор бир наф чиқиб қолса...

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz нинг Туркиядаги махсус мухбири

P.S.: Ўқувчиларимизда ҳақли савол туғилиши мумкин: “Хориж киноларининг шунчалар зарари бор экан, ўзимизда тарихий ва тарбиявий сериаллар яратилса, бўлмайдими?” деган. Мавзуни ўрганар эканман, мана шу борада дуч келганим айрим ҳолатларни ҳам шу ерга “илинтириб” кетгим келди. Мақола чўзилиб кетмаслиги учун фақатгина айрим иқтибосларни келтираман, ўйлайманки, юқоридаги саволга жавоб топа оласиз. Хулоса эса ўзингиздан...

*** 

2020 йил.

Таниқли кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Зулфиқор Мусоқов икки йил олдин ўзбек киносининг бир қатор камчиликларини очиб ташлади.

 “Бу йил давлат буюртмаси асосида 30 та фильм топширилиши керак. Бу ерда эса очиқдан-очиқ сохталик қилиняпти. Мен ўзим бадиий кенгашнинг аъзоси эдим ва қандай қилиб жуда паст сифатли тайёр (кино) асарга гўёки, «Ўзбеккино»да суратга олинган фильм бўлиши учун оз миқдорда маблағ тикилганини кўрганман. Бу кўзбўямачилик ва сохтакорлик дейилади. Бундан ташқари, гап юз миллионлаб сўм ҳақида кетмоқда.

Aниқ мисол: «Севги изтироби» фильми. Мен шахсан кўрганман, фильмни бадиий кенгашда қаттиқ танқид остига олишди, директор эса «келинглар, яна бир нечта эпизодларни суратга оламиз», — деди. Худди шундай, Рашид Маликовнинг «Сумбул» киноси татар киноматографлари билан биргаликда хусусий студияда суратга олинган бўлиб, бундан 1,5 ёки 2 йил олдинги бадиий кенгашдан ўтмаган. Фильм бизнинг менталитетимизга мутлақо тўғри келмайди. Aммо яна 100 минг долларни қўшишади, бу жуда катта пул, ва фильм «Ўзбеккино» номи остида чиқарилмоқда...”

*** 

“Кино – тарбиянинг замини. Бу ижоднинг мактабини очишимиз керак. Ҳозир мукаммал фильмлар яратишга ҳавасимиз бор, лекин сифатлиси кам. Юртимиз тарихи ҳақида албатта фильм бўлиши керак. Бунга вақт келди”, - деди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев  кино санъати фахрийлари, режиссёрлар, соҳа мутаcаддилари билан учрашувда.

***

2021 йил.

Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга оид Президент фармони қабул қилинди. Унга биноан, телеканалларга Кинематография агентлиги томонидан ҳар йили камида 12 миллиард сўм субсидия ажратилади.

***

2022 йил. 

Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўз оила аъзоларига тегишли телеканалга 1,8 млрд сўмлик давлат буюртмасини берган эди. У мазкур ҳолатда манфаатлар тўқнашуви борлиги ҳақида хабар бермагани учун 8,1 млн сўм жаримага тортилди.

***

(тамом)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намозда икки ёки учта зам сура ўқиса бўладими?

526 10:21 07.02.2023

«Зилзила Эрдоған маъмурияти учун жиддий имтиҳон» – Камолиддин Раббимов

335 10:05 07.02.2023

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

494 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1114 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1751 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1357 19:36 06.02.2023
« Орқага