АҚШнинг янги маъмурияти мамлакатнинг Қуддусдаги элчихонасини сақлаб қолади ва ушбу шаҳарни Исроилнинг пойтахти деб тан олиш сиёсатини давом эттиради. Бу ҳақда Давлат котиблигига номзод Энтони Блинкен маълум қилди.
У сешанба куни Сенатнинг Ташқи ишлар бўйича қўмитаси тингловида қатнашди, мазкур тинглов унинг номзодини кўриб чиқишга бағишланган эди.
“Сиз Қуддуснинг Исроил пойтахти эканлигига розимисиз? АҚШ Қуддусдаги элчихонани сақлаб қолиши учун мажбуриятни зиммангизга оласизми?”, – дея сўради республикаси сенатор Тед Круз. Блинкен эса “ҳа” деб жавоб қайтарди.
АҚШ раҳбарияти 2017 йилнинг декабрида Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олди, 2018 йилда эса элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчирди. Ҳолбуки, Фаластин Шарқий Қуддусни ўз пойтахти деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, АҚШ 2019 йилда Исроилнинг Жўлон тепаликларидаги суверенитетини ҳам тан олди. Бу тепаликлар Сурияга қарашли бўлган ва 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган.