АҚШнинг Қуддусдаги консуллиги ва элчихонаси март ойида бирлаштирилади

19:30 20.02.2019 270

АҚШ Қуддусда фаластинликларга хизмат кўрсатиб келаётган бош консуллиги ва янги очилган элчихонасини март ойи бошларида бирлаштиради, дея хабар бермоқда Reuters.

Консуллик ва элчихона бирлаштирилгандан кейин бош консул лавозими бекор қилинади. Ўтган йилнинг октябрида АҚШ давлат котиби Макйкл Помпео мазкур икки дипломатик ваколатхонанинг бирлаштирилиши ва элчихонада Фаластин масалалари бўйича бўлим очилишини маълум қилган эди.

Қуддус шаҳрининг мақоми Фаластин – Исроил низосидаги энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Исроил шаҳарнинг шарқий қисмини 1967 йилдаги уруш пайтида босиб олган. Яҳудийлар халқаро қонунларга зид равишда Қуддус Исроилнинг “ягона ва бўлинмайдиган пойтахти” эканини таъкидлайди, фаластинликлар эса Шарқий Қуддуснинг Фаластин пойтахти бўлишини истайди.

Айни пайтда Қуддусда фақатгина икки давлат – АҚШ ва Гватемала элчихоналари ишлаб турибди. Қолган давлатларнинг элчихоналари Тел-Авивда жойлашган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!