Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Араб дунёсининг Украинадаги урушга муносабати

1227

Араб дунёси Украинадаги низога босиқлик билан муносабат билдирди, Россияга қарши санкцияларга қўшилмади ва у билан алоқаларни узмади. Яқин Шарқ Суриядаги  урушдан сўнг Владимир Путиннинг кўп қутбли дунё ғоясига ишонганди, эндиликда улар Москванинг Американи ёқтирмайдиган давлатлар томонида Ғарбга қарши кураш олиб бораётгани ҳақида фикрлар мустаҳкамланди.

Ғарбнинг араб тилли давлатларда ахборот урушида ютқазаётган бир пайтида, урушларга одатланган минтақа мамлакатлари Европадаги можарода бетарафликни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг айримлари Россияни жуда суст танқид қилмоқда, айримлари жим туришни афзал кўрган. Ҳеч ким АҚШнинг қаҳрига йўлиқишни ва Кремль билан келишмовчиликка боришни истамаяпти.

“Кўпчилик алоқаларни диверсификация қилиш ва “тухумлар”ни керакли саватларга солиш  зарурлигини англади. Россия — ана шу саватлардан бири”, — дейди Вудро Вильсон марказининг Яқин Шарқ дастури директори Мерисса Хурма.

Бу каби ҳаракатлар араб давлатлар учун ноодатий эмас.

Сурия — Россиянинг барча масалалардаги яқин иттифоқчиси. У минтақада “ЛХР” ва “ДХР” мустақиллигини тан олган ягона давлат бўлиб турибди. Бундан ташқари, Дамашқ БМТнинг РФ ҳаракатларини қоралаган март ойидаги резолюциясига қарши овоз берганди.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг қатор давлатлари, хусусан, Жазоир, Ироқ, Эрон ва БАА овоз бермасликни маъқул кўрган бўлса, Марокаш ушбу жараёнда умуман қатнашмади.

“Минтақадаги кўплаб давлатларнинг АҚШ билан қалин тарихий алоқалар боғлаб турса-да, сўнгги вақтда Россия уларнинг ҳам савдо,ҳам ҳарбий йўналишлардаги муҳим ҳамкорига айланди”, — дейди Европа кенгашининг халқаро муносабатлар бўйича Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги дастури координатори Келли Петилло.

Мерисса Хурманинг сўзларига кўра, кўплаб араб давлатлари Украина низоси бошлангунча ва бошлангандан кейин босиқ позицияни сақлаб қолди. Охир-оқибат уларнинг аксарияти БМТ резолюциясини маъқуллаган бўлса-да, ушбу рамзий ҳаракатдан нарига ўтилмади.

“Биз ҳеч кимнинг тарафини олмаймиз, биз ўз тижорий манфаатларимиз доирасида ҳаракатланамиз”, – деган Қатар энергетика вазири Саъд ал-Каъбий.

Сўнгги йилларда Вашингтоннинг минтақадаги иштирокини аста-секин камайтириши фонида унинг анъанавий иттифоқчилари ташқи алоқаларни диверсификация қилишни бошлаган. Бунда бошқа геосиёсий кучлар, жумладан РФ билан яхши муносабатлар ўрнатилди. Шу сабабли ҳозирда тўпланган капитални сарфламаслик муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, Россия халқаро муносабатлар бўйича кенгаши эксперти Кирилл Семеновнинг фикрича, араб давлатларининг аксарияти Москванинг нафақат Украина, балки бутун НАТО билан уруш олиб боряпти, деб ҳисоблайди.

11 сентябрь терактларидан сўнг америкалик сиёсатчилар ва ҳарбий қўмондонлари Ироқ ва минтақанинг бошқа давлатларида “ақл ва қалбларни ишғол қилиш” стратегиясини танлади, бу мафкуравий ғалабага эришишни англатарди.

Аммо араб давлатларида “ақл ва қалбларни ишғол қилиш” билан Кремль фаол шуғулланмоқда, Ғарб эса ахборот урушида мағлуб бўлмоқда, деб қайд этган Канзас университети доценти Надя Овейдат. Унинг кузатувларига кўра, кўплаб араб давлатларида 25 ёшгача бўлган аҳоли 60 фоиздан кўпроқни ташкил этади. Улар асосан “Facebook” ва “Twitter”дан фаол фойдаланди. Бу икки ижтимоий тармоқда Украинадаги воқеалар араб тилида кўпроқ Россия билан боғлиқ саҳифалар томонидан ёритилади.

Бу уларнинг маълумотларни Москва талқинида ўқишига олиб келмоқда. Муқобил нуқтаи назар деярли йўқ, кам сонли каналларнинг бошқа позицияда туриб ёзган хабарлари Россиянинг араб тилли ОАВлари орасида “чўкиб кетмоқда”.

Сўнгги ижтимоий тадқиқотларга кўра, араб давлатларида ёшлар кўпроқ Россияни қўллаб-қувватлайди (уларнинг 70 фоизи Россияни иттифоқдош, 26 фоизи душман деб баҳолаган, АҚШни 57 фоиз ёшлар иттифоқчи, 41 фоизи душман сифатида кўради).

Араб тилли интернет саҳифаларида Ғарбга қарши пропаганда мустамлакачилик ва Ғарбнинг икки хил стандартлари ҳақидаги фикрлар билан доимий равишда “бойитиб борилади”. Масалан, украиналик қочқинларнинг Европада илиқ қабул қилиниши, аммо Сурия, Яман ва афғонистонликларга бундай муносабат бўлмаётгани кенг ёритилади.

“Демократик тамойиллар ҳимоя қилинмаган, муқобил нуқтаи назар деярли йўқ”, – деб қайд этган Надя Овейдат.

BBC’нинг мониторинг хизмати эксперти Аҳмад Нур Россия ОАВлари кўпроқ аудиторияни қамраб олиши учун катта миқдорда хабарлар чиқаришини таъкидлаган.

Араб давлатлари истеъмолчилари Ғарбнинг ахборот беришини танқид остига олган, аммо рус ОАВлари маълумотларини яхши қабул қилди. Ғарбнинг икки хил стандартларига урғу бериб, Украинадаги вазиятдан эътиборни қочириш Россиянинг араб тилли матбуотининг кўп қўллайдиган тактикаларидан бири.

Овейдат бу орқали араблар кўзи олдида Москванинг Ғарб мустамлакачилигига қарши курашаётган қилиб кўрсатиш мақсад қилинганини тахмин қилган.

“Жорж Бушнинг 2003 йил Ироққа босқини ва Путиннинг Украианага босқини орасида деярли ҳеч қандай фарқ кўрмаяпман, Риёз бу низода иштирок этмаяпти”, – деган Сауд ал-Файсал дипломатик тадқиқотлар институти стратегик тадқиқотлар маркази директори Мансур ал-Марзуқий.

Кирилл Семенов ҳам араб дунёсига АҚШ ва Европанинг Украина можароси бўйича илгари сураётган нуқтаи назари уларга яқин эмаслигига эътибор қаратган. Унинг сўзларига кўра, Ямандаги уруш араблар учун муҳимроқ ва улар учун бу Украина низосига икки томчи сувдек ўхшаш.

Янги ажиб дунё ёки Суриянинг бунга нима алоқаси бор?

Россиянинг ғалабаси демократиядан фарқли бошқарув модели қидираётганлар учун қўшимча аргумент тақдим этади.

2011 йилда содир бўлган ва “араб баҳори” номи билан машҳур қонли намойишлар минтақада демократик ўзгаришларга олиб келмади, балки акс таъсирга эга бўлиб, авторитар бошқарувларни янада кучайтирди.

Сўнгги тадқиқотлар араб дунёси аҳолисининг демократияга бўлган ишончи пасайганини кўрсатади.

“Россия муваффақияти Яқин Шарқдаги авторитаризмни янада мустаҳкамлайди, кўплаб араб давлатлари ўзини Россиянинг кичик нусхасига айлантиришга ҳаракат қилади”, – деган Крэнфилдс университетининг эксперти Анисе Ван Энгеланд.

Россия АҚШнинг минтақага қизиқиши пасайганидан фойдаланмоқчи ва анчадан буён вужудга келган бўшлиқни тўлдиришга уринмоқда. Бурилиш нуқтаси сифатида кўпчилик экспертлар Суриядаги уруш ва унга Москванинг аралашувини қайд этади.

“Россия Суриянинг ўзида нималарга қодирлигини кўрсатди. У ўз кучини намойиш қилди, араб дунёси эса кучни ҳурмат қилади ва Москвага шундай муносабатда”, – деган Яқин Шарқ бўйича мутахассис Фабрис Баланш.

АҚШ ўз ваъдаси устидан чиқмади ва Сурия ҳукуматини кимёвий қуролдан фойдалангани учун жазоламади. Бу билан у Башар Асад ва унинг асосий иттифоқчиси Россияга эркин ҳаракат қилиш учун шароит яратиб берди.

Баланшнинг фикрича, ўшандан буён араб давлатлари коллектив Ғарбни ўта қудратли ва даҳшатли эмас деб ҳисоблайди. Шунингдек, улар ғарбликларнинг Путин каби кучдан фойдаланишига ишонмайди.

“Улар бошқа АҚШдан ва Ғарб санкцияларидан қўрқмайди. Акс ҳолда улар Россия томонига ўгирилиши мумкин. Суриядаги уруш Ғарбнинг дунёдаги гегемонлиги якунланганининг белгиси бўлди. СССР тарқалгандан буён илк бор Россия маълум режимнинг ағдарилишига қарши чиқди. Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилган сўнгги раҳбар бўлди. 2011-2016 йилларда катта силжишлар содир бўлди”, – деб қўшимча қилган Баланш. Эксперт Яқин Шарқ учун Москва янги қутбга айланганига эътибор қаратган. Шу билан бирга Сурия  урушидан сўнг араблар Мисрда Муборак, Тунисда Зайнулобиддин Бен Алидан воз кечган АҚШдан фарқли ўлароқ Кремлни “ўзиникилар”ни ташлаб кетмаслигига гувоҳ бўлган.

Нефть, газ, ғаллаУкраина можароси араб иқтисодиётининг муҳим секторлари — нефть ва газдан тортиб озиқ-овқат импорти, қурол савдоси ва туризмгача бўлган соҳаларига таъсир ўтказишга улгурди.

Форс кўрфазининг нефть монархияларига жорий вазият жуда қўл келмоқда, энергетика ресурсларининг нархи кўтарилиши бу давлатларга мўмай даромад келтирмоқда.

Ливан, Тунис ва Миср Россия ғалласига қарам, БААга рус бизнеси кўчиб келмоқда, шунингдек, Миср Москва билан Ливиядаги низолашаётган томонлардан бирини қўллаб-қувватлайди.

Жазоир РФдан қурол сотиб олади, Марокаш эса БМТ хавфсизлик кенгашида Ғарбий Саҳройи Кабир масаласида Москванинг қўллаб-қувватлашига муҳтож, Эрон эса руслар билан Сурияда иттифоқчи.

Бундан ташқари, Кўрфаз давлатлари Москва билан ОПЕК+  дастурида мулоқот олиб боради ва ҳозирча АҚШ ҳамда Европанинг нефть қазиб олиш бўйича чақириқларини жавобсиз қолдирди.

Вашингтон институти илмий ходими Маргарет Дин Яқин Шарқнинг Россия ва АҚШ ўртасида мувозанатни излаётганини, аммо бу низо давом этиши билан қийинлашиб боришини маълум қилган.

Шу билан бирга урушнинг иқтисодиётга таъсири аҳоли норозилиги ҳамда минтақадаги беқарорликни янада кучайтириши мумкин. Экспертлар воқеалар ривожи Россиянинг ғалаба ёки муваффақиятсизликларига боғлиқ эканини тахмин қилган.

Мерисса Хурма араб давлатларининг прагматик эканини ва Вашингтон хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатаётганини таъкидлаган.

“Россиянинг минтақага таъсири ўзгаришсиз қолади. Москва барча позицияларини сақлаб қолади. Ҳозирча ҳеч нарса заифлашувни кўрсатмаяпти”, – деган Кирилл Семёнов.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мансур ибн Илёс Шерозий — нейрожарроҳлик асосчиси

8 17:15 01.10.2022

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

183 15:55 01.10.2022

Мубашшир Аҳмад: «Ҳаж — фарзи айндир»

178 15:15 01.10.2022

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...»

223 11:25 01.10.2022

Украинага 12 миллиард долларлик ёрдам берилади

281 10:40 01.10.2022

Қозоғистон: тунги клубда муштлашган маст россияликларни полиция қўлга олди

474 10:20 01.10.2022
« Орқага