Араб қавмлари ҳақида

18:00 07.03.2018 501

Муаррихлар арабларни келиб чиқиш сулолаларига кўра уч қисмга бўлганлар:

Биринчи: Боида (йўқ бўлиб кетган) араблар. Улар батамом йўқ бўлиб кетган ва тарихлари ҳақида етарли даражада маълумотлар топиш имконсиз бўлган Од, Самуд, Тасм, Жадис, Имлоқ, Умайм, Журҳум, Ҳадур, Вабор, Абил, Жосим, Ҳазрамавт ва бошқа қадимги араб қавмларидир.

Иккинчи: Ориба (соф) араблар. Улар Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтоннинг авлодлари саналади ва Қаҳтонийлар деб аталади.

Учинчи: Мустаъраба (араблашган) араблар. Исмоил авлоди саналадиган бу араблар Аднонийлар деб аталади.

Ориба араблари ёки Қаҳтон шаъбининг (халқ, миллат яъни бош) асл ватани Яман ерлари ҳисобланади. Улар Сабаъ ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтондан тарқалган ва ўндан ортиқ қабилаларга бўлинган бўлиб, улардан асосан иккитаси – Ҳимяр ибн Сабаъ ва Каҳлон ибн Сабаъ қабилалари машҳур.

Сабаънинг қолган уруғларига — ўн битта ёки ўн тўртта уруғ — “Сабаийлар” дейилади, уларнинг Сабаъдан кейин қабилалари йўқ.

Мустаъраба араблари - уларнинг бобокалони саййидимиз Иброҳим алайҳис-салом асли Ироқнинг қадимги Ар шаҳридан бўлган. Кўфа яқинидаги бу шаҳар Фурот дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган. Мазкур ҳудудларда олиб борилган қазилма ишлари натижасида шаҳардаги диний-ижтимоий ҳолат ва Иброҳим алайҳис-салом оиласи ҳақида бир қанча маълумотлар қўлга киритилди.

Иброҳим алайҳис-салом Ар шаҳридан Ҳорон ёки Ҳарронга, сўнг у ердан Фаластинга ҳижрат қилган ва Фаластинни ўз даъвати учун марказ қилиб танлаган. Иброҳим алайҳис-салом Фаластин ҳудудлари ва унинг тевараги бўйлаб сафарлар қилган. Бир сафар аёли Сора билан бирга зўравон ҳукмдорлардан бири ҳузурига келганида Соранинг соҳибжамоллигини кўрган ҳукмдор унга кўз олайтирмоқчи бўлди. Шунда Сора Аллоҳга дуо қилди, Аллоҳ золимнинг макрини даф қилди. Ҳукмдор Соранинг Аллоҳ ҳимоятидаги солиҳа аёл эканига амин бўлгач, унинг фазлу фазилатини эътироф этиб ёки Аллоҳнинг азобидан қўрқиб Ҳожарни унинг хизматига берди. Сора Ҳожарни Иброҳим алайҳис-саломга ҳадя қилди. Иброҳим алайҳис-салом Фаластинга қайтди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломга Ҳожардан Исмоил исмли ўғил ато қилди. Соранинг рашки сабабли Иброҳим алайҳис-салом Ҳожар ва унинг эмзикли гўдаги Исмоилни Ҳижозга олиб бориб қўйди. Ҳожар ва унинг ўғли Аллоҳнинг уйи жойлашган қуп-қуруқ водийда қолишди. У пайтда ҳали бу ерлар бир тепалик бўлиб, ўнгу сўлидан селлар келарди. Иброҳим алайҳис-салом Ҳожар ва Исмоилни ҳозирги Масжиднинг юқори қисмида Зам-зам тепасидаги бир катта дарахт ёнида қолдирди. У пайтларда ҳали Зам-зам булоғи йўқ эди. Маккада на бир тирик жон, на бир қултум сув топилмасди. Иброҳим алайҳис-салом уларга бир халта қуритилган хурмо ва мешда сув қолдириб Фаластинга қайтиб кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, Ҳожар билан Исмоилнинг егулиги ҳам, суви ҳам тугади. Ана шунда Аллоҳнинг фазли билан Зам-зам булоғи отилиб чиқди. Зам-зам суви Ҳожар ва Исмоил учун ҳам сув, ҳам егулик ўрнини босди.
 
Яманлик бир қабила - Иккинчи Журҳум - Маккага келиб, Ҳожарнинг рухсати билан шу ерда яшаб қолишди. Айтишларича, улар шунгача Макка атрофидаги водийларда яшашган эди.  Иброҳим алайҳис-салом Маккада қолдириб кетган аёли ва ўғлининг ҳолидан хабар олиш учун бу ерга келиб турарди.

Исмоил алайҳис-салом вояга етиб Журҳум қабиласидан араб тилини ўргангач, уни ёқтириб қолган Журҳум қабиласи Исмоилни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Ҳожар вафот этди. Иброҳим алайҳис-салом уларнинг ҳолидан хабар олиш учун келганида, Исмоил уйда йўқ эди. Иброҳим алайҳис-салом Исмоилнинг хотинидан ҳол-аҳвол сўради. Келин турмушининг оғирлигидан шикоят қилди. Иброҳим алайҳис-салом аёлга: «Исмоил келса, айтинг, эшигининг остонасини ўзгартирсин» деб тайинлаб кетди. Исмоил отасининг нима демоқчи бўлганини тушуниб етди ва хотинини талоқ қилиб, бошқа аёлга уйланди. У аксар тарихчиларга кўра Журҳум қавмининг улуғи ва саййиди Мудод ( مُضاض ) ибн Амрнинг қизи эди ...

Иброҳим алайҳис-салом Исмоил иккинчи марта уйланганидан кейин яна Маккага келди ва яна ўғлини топа олмади. Пайғамбар келинидан ҳол-аҳвол сўради. Келин Аллоҳга шукр қабилида жавоб берди. Иброҳим алайҳис-салом Фаластинга қайтиб кетар экан, келинига қуйидагича тайинлади: «Исмоил келса, айтиб қўйинг, эшигининг остонасини мустаҳкамласин.»

Иброҳим алайҳис-салом Маккага кейинги марта келганида, ўғлини Зам-зам ёнидаги катта дарахт остида камон ўқларини учлаб ўтирган ҳолда топди. Исмоил отасининг истиқболига турди. Улар узоқ фироқдан кейин учрашган ота-болага хос равишда кўришишди. Иброҳим алайҳис-салом билан Исмоил алайҳис-саломнинг кўришмаганига кўп вақт бўлган эди.

Фарзандига меҳрибон, юмшоқ кўнгил кекса ёшли отага ҳам, ота-онага ғамхўр, солиҳ ва қобил фарзандга ҳам айрилиқ кунлари осон кечмаганди. 

Исмоил алайҳис-салом иккинчи аёлидан ўн иккита ўғил кўрди: Нобит ёки Набоют, Қайдар, Адбоил, Мибшам, Мишмаъ, Давмо, Мийшо, Ҳудад, Таймо, Ятур, Нафис ва Қайдумон.

Ўн икки ўғилдан ўн икки қабила тарқалди. Маълум муддат уларнинг барчаси Маккада яшашди. Бу қабилаларнинг асосий тирикчилиги Ямандан тортиб Шом ва Мисрга қилинадиган тижорат эди. Сўнг улар ярим оролнинг ҳар томонларига ҳатто унинг ташқарисига сочилиб кетишди. Замонлар ўтиши билан Нобит ва Қайдор авлодидан ташқари ҳаммаси тарих қоронғуликларида йўқ бўлиб кетишди.

Нобит авлоди бўлмиш Нобитийлар маданияти Ҳижознинг шимолий қисмида гуллаб-яшнади. Улар кучли давлат тузиб, қўшни ерларни ўзларига бўйсундирдилар. Нобитийларнинг пойтахти Урдуннинг жанубидаги таниқли Батроъ шаҳри эди. Улар ҳеч кимга бўйин эгмадилар. Фақат румликларгина уларнинг давлатини парчалаб ташлашга муваффақ бўлишди.

Қайдор ибн Исмоил авлодлари Маккада яшаб қолишди. Уларнинг насли давом этиб, Аднон ва унинг ўғли Маадга етиб келди. Адноний араблар ўз насаблари тарихини Аднонгача тиниқ ёдда сақлаганлар.

Роҳиқул Махтумдан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!