Янгиликлар

Араб тили ўқитиладиган марказни қайта ва қайта текширишдан мақсад нима?

4268

Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Олмазор туманида фаолият юритаётган «Ҳикматли билим» нодавлат таълим муассасаси туман ИИБ терроризмга қарши кураш бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ноқонуний тартибда текширилаётгани акс этган маълумот тарқади. Kun.uz мазкур ҳолатни ўрганди.

Олмазор туманида жойлашган «Ҳикматли билим» НТМ ўқитувчиси Дилфуза Каримова билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, ўтган 9 ой давомида ўзини ички ишлар идорасининг терроризмга қарши кураш бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходими дея таништирган бир гуруҳ шахслар томонидан муассаса бир неча марта текширилган. Биринчи текширув ўтган йилнинг август ойида бўлган. Ўшанда улар араб тили ўрнига диний билим берилаётганини рўкач қилиб муассасага келишган. Дилфуза Каримова текшириб келган шахсларга Мирқобил Ҳасановнинг «Иккинчи муаллим» деб номланган китоби асосида араб тили дарси ўтилаётганини айтган. Шунда улар бу китоб ўрнига алоҳида режа ишлаб чиқиб, ўша режа асосида ўтиши кераклигини тушунтиришган. Чуқур текширувлардан сўнг, ўша ерда дарс бераётган икки ўқитувчида малака сертификати йўқлигини айтиб, уларга маъмурий жарима ёзиб кетишган. Бу воқеалардан кейин бир ўқитувчи ишдан бўшаб кетади.

2019 йилнинг 14 март куни ўқув марказига терроризмга қарши кураш бўлими ходимларимиз, деб яна бир неча нафар текширувчи келган. Дилфуза Каримова араб тилидан дарс ўтаётган вақтда улар синфга киришган ва ўқувчиларнинг шахсий буюмларигача текширишади. Ҳеч нарса топа олмай ўқитувчилар хонасига киришади. Ўша ердан Қуръони карим китобини топишади.

Улар Дилфуза Каримовага «Сен индивидуал тарзда ўқувчиларга «эскича таълим» беряпсан», деб айтишади. Дилфуза Каримова бу айбловни рад этади. Бу китобдан ҳеч кимга дарс бермаслиги, ўзи мустақил исломшунос олима экани ва Қуръони карим китоби бўш вақтида тафсирлари билан мутолаа қилиши учун керак эканини тушунтиради.

Улар билан бирга мустақил эксперт ҳам бўлган. У барча иш режалари, ўқув китоблари ва бошқа дарсликларни текширади. Ходимлар Қуръони каримни унга кўрсатганларида ҳеч қандай эътирози йўқлиги ва бу китоб Аллоҳнинг каломи эканини айтади.

Шунда ходимлар Дилфуза Каримовадан ёки хонадан Қуръони карим китоби чиққани ёки бир вақтда иккита хонада дарс берилаётгани ҳақида тилхат ёзиб беришини сўрайди. У Аллоҳнинг каломи мусулмон инсонлар учун муқаддас китоб экани ва оилаларда бўлиши кераклигини айтади. Иккита хонада нега дарс бераётгани ҳақида тилхат ёзиб беради. Шундан сўнг, текшириш учун келган шахслар бу ерни тарк этишади.

Орадан бир ҳафтача вақт ўтгач, 20 март куни ходимлардан бири келиб ўқув марказининг лицензияси бекор қилингани ва бу ерда дарс ўтиш мумкин эмаслигини айтади ҳамда Дилфуза Каримовадан «бу муассасада бошқа араб тилидан дарс ўтмайман», деган мазмунда тилхат ёздириб олишади. Шундан сўнг, «Умар Мирзо» НТМ ёпилади. Унинг ўрнига 4 апрелдан ҳозирда ўз фаолиятини давом эттираётган «Ҳикматли билим» НТМ иш бошлайди.

25 апрель куни терроризмга қарши кураш бўлимининг 9 нафар ходими рўйхатга олувчининг хонасига кирмай, рўйхатдан ўтмай, Дилфуза Каримова араб тилидан дарс ўтаётган хонага кириб боришади. У ўз ўрнида, улардан ҳужжат кўрсатиб, кимлигини таништириш лозимлигини сўрайди. Шунда улар билан бирга келган маҳалла нозири, подполковник Азиз Машрапов уларга қизиқиши керак эмаслиги ва қандай ҳужжатларга қўл қўйиши керак бўлса, унга тайёр эканини билдиради. Кейин текширишларни рўйхатга олиш китобига қўл қўйиб, лицензия масаласида келганини рўйхатга киритади. Ажойиб ҳолат - оддий профилактика инспектори ҳам юридик шахсни исталган вақтда текширса!

Ходимлар соат тахминан 12:20дан 16:00гача ўқув марказида бўлишади. Бинони бошдан-оёқ кўздан кечиришади, ўқув қўлланмалари, ўқув режалари ва бошқа дарсликлар, ҳужжатларни кўриб чиқишади. Каримовадан нега яна араб тилидан дарс бераётганини сўрашади. У ўқувчиларга классик араб тилидан дарс бераётгани ва барча тегишли ҳужжатлари борлигини айтади. Улар гувоҳномада кўрсатилган манзилда дарс бермай, бошқа уйда дарс бераётганини айтишиб, бунинг нотўғри эканини тушунтиришади. Бунга жавобан Дилфуза Каримова хона етишмагани сабабли кўрсатилган манзилдан 6та уй нарида вақтинчалик дарс бераётганини айтади. Тўрт соатга яқин давом этган текширувлардан сўнг, ўзларини терроризмга қарши кураш бўлимиданмиз деб таништирган шахслар кетишади.

«Энг қизиғи, ижтимоий тармоқларда тарқалган ўша видеони мен ҳам, ишчиларимиз ҳам олмаганмиз. Ҳаммамиз уларнинг саволларига жавоб бериш билан овора эдик. Уларнинг ичида бўлган бир киши камерани яшириброқ вазиятни суратга олаётганди. Лекин бу видеони чет эл нашрларига ким ва нима мақсадда тарқатганини биз билмаймиз.

Ўқувчиларим бунақа текширувлардан кейин зерикишди ва бир неча ташкилотга уларнинг устидан арз қилдик. Ҳозирча жавоблар йўқ. Президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам кутиб қоламиз. Маҳалла нозири бошлаб келган шахслар ким экани ва нима мақсадда келишганини ҳалигача билмаймиз», - дейди Дилфуза Каримова.

Шундан сўнг, тумандаги «Университет» МФЙ катта инспектори Азиз Машраповдан бўлиб ўтган воқеалар юзасидан изоҳ сўрадик.

«Белгиланган тартиб бор. Мазкур масалада Ички ишлар вазирлигининг мультимедиа марказига мурожаат қилинг. Улар бизга топшириқ берсин, кейин биз тўлиқ маълумот берамиз», деди у.

Каримова нозирдан ўша куни келган ходимлар ким ва аслида нима мақсадда келишгани ҳақида сўраган, лекин маълумот ололмаган.

«Мен фуқарога жавоб бермайман, раҳбарият рухсати билан жавоб бераман», дейди бу борада инспектор.

Нега текширишга келган ходимлар ўзини таништирмайди? Текширувлар китобига қўл қўймайди? Бундай кетма-кет текширувлардан мақсад нима?

Саволлар жуда кўп. Лекин жавоблар йўқ. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланиб улардан ҳам тайинли жавоб ололмадик.

Энг асосий савол: ўқув марказидагилар бўлиб ўтган воқеаларни улар видеога олмагани ва тарқатмаганини айтишмоқда. У ҳолда мазкур видеони ким ва нима мақсадда тарқатган эди?

Манба: Kun.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Араб ҳарфларини ўргатиш диний таълимми?

3180 09:04 29.07.2020

Араб тилини “ҳижжалаб” берган олим...

1531 14:00 05.07.2020

Тунис президенти: "Она тилим – араб тили"

1192 08:38 25.06.2020

Араб тилининг икки муҳим жиҳати

2034 08:00 29.02.2020

Араб ёзуви ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киради

521 12:00 14.02.2020

Қуръони каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш мумкинми? (4-мақола)

1078 19:40 13.02.2020
« Орқага