Исломни қабул қилган бошқа халқларининг баъзи вакиллари илмга шунчалик берилганларки, баъзан уларнинг орасидан арабларнинг ўзларига араб тилини ўргатадиган олимлар етишиб чиққан. Шундай машҳур олимлардан бири – Абу Бишр Амр ибн Усмон ибн Қанбар ал-Фориси ал-Басрийдир. Бу зот кўпроқ Сибавайҳ номи билан машҳур бўлган. Бу сўз форсчадан таржима қилинганда “олма ҳиди” деганидир. Бу номни олишга сабаб, болалигида онаси уни эркалаб шундай атагани бўлган.
У ҳозирги Эроннинг Шероз шаҳри яқинидаги Байда қишлоғида туғилди. Ёшлигида Басрага келиб Ҳаммод Басрийдан ҳадис илмини ўрганди. Аввалига ҳадис ва фиқҳни ўрганар эди. Бир куни дарсда ҳадис ўқишда хато ўқиб қўйди. Устознинг даккиси уни хато қилмасликни ўргатадиган фанни ўрганишига сабаб бўлди. Шу мақсадда у Халил бин Аҳмад Фароҳидийнинг ҳузурига борди. Сибавайҳ ундан узоқ вақт наҳв илмини ўрганди. Шунингдек, Юнус ибн Ҳабиб (ваф. 182 ҳ.), Исо бин Амр ас-Сақафий (ваф.149 ҳ.), Ал-Аҳфаш ал-Кабирлар ҳам унга дарс беришди (ваф.177 ҳ.). Мазкур араб тилининг олимларидан дарс олган Сибавайҳ араб тилининг ўша даврдаги тенги йўқ билимдони бўлиб етишди. Унинг «Ал-Китаб» деб номлаган китоби жуда тез ва кенг тарқалди. Басрада биров китоб ўқияпман деса, у Сибавайҳнинг китобини ўқиётган бўларди.
Жуда кўп тилшунослар унинг айрим бобларига шарҳлар, изоҳлар ёзганлар. Унинг машҳур шогирдларидан бири – наҳв илмининг олими Аҳфаш ал-Авсат эди. Ўлимидан олдин Сибавайҳ Ахваз шаҳрига келди. Охирги кунларини ўша шаҳарда ўтказиб, оғир касалликдан вафот этди. Вафот этганида атиги 33 ёшда эди. «Таҳзибул-луғат вал-асмоъ» китобида Али бин Сулаймон ёзганидек: «Наҳв олимларининг барчаси, Сибавайҳни ҳисобламаганда, узоқ умр кўрганлар».
Чуқур ва умматга фойдали илм ўттиз уч йил яшаган Сибавайҳни тарих китобига катта ҳарфлар билан ёзилишига сабаб бўлди.