Арафот тоғининг номланиши ва унда қайси оят нозил бўлган?

16:00 21.05.2019 1223

Арафот тоғининг нима учун бундай номланиши тўғрисида бир неча ривоятлар мавжуд. Жумладан, Арафот тоғида Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз бир-бирларини топишишгани учун шундай номланган. Ҳажда одамлар Арафот тоғида тўпланганлари сабабли “арафа куни” деб номланган. Аслида бу сўз “урф” сўзидан олинган бўлиб, унинг маъноси “яхшилик” деганидир. Чунки одамлар Арафот тоғида турсалар, Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини поклаб, хато ва гуноҳларини кечиради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатди. У зот: «Арофта?» («Ўрганиб бўлдингми?») деганларида, «Ҳа», деганлар. Мана шундан кейин Арафот деб номланиб қолди».

Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Арафа куни қанчалар яхши кун-а, чунки (айни шу куни) осмон аҳли ер аҳлини танийди”, деганларини эшитди.

Яна бир ривоятда ҳурлар Ризвондан узр сўраб, жуфтларига қарайдилар. Шунинг учун “арафа” деб номланган, дейилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у зот Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг арафа куни бундай деганларини эшитади: “Бу кунда мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган энг яхши нарса ушбулардир: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ, барча мулк ва ҳамд фақат Унга тегишли. У тирилтиради, ўлдиради. У тирикдир, ўлмайди. Барча яхшилик Унинг қўлида. У барча нарсага қодир Зотдир. Ё Аллоҳ, қулоғимга нур бер! Ё Аллоҳ, кўксимда нур пайдо қил! Ё Аллоҳ, қалбимни нурга чулғагин. Сендан ерга кирадиган ва ундан чиқадиганларнинг ёмонлигидан (зиён-заҳматидан) паноҳ беришингни сўрайман. Сендан Осмондан тушадиган ва унга кўтариладиган нарсалардан паноҳ беришингни сўрайман. Сендан шамоллар олиб келадиган нарсаларнинг ёмонлигидан ва Сен жазолайдиган ёмонлик эгасининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Албатта, Сен ҳидоятга бошлагувчи Зотсан”.

Ушбу макон Ҳарам ҳудудидан ташқаридаги маросим ўрнидир. Арафот Масжидул Ҳарамнинг жанубий-шарқий томонида, Масжидул Ҳарам кўчасидан ўтилганида 22 км узоқликда жойлашган. Арафотнинг астрономик ўрни икки доира орасида, энига шимолий томондан 49, 19, 12 – 32, 22, 12 даражада, икки чизиқ орасида узунасига, шарқий томондан 21, 57, 39 – 39, 94, 39 даражада жойлашган. Унинг умумий масофаси 10,4 км. Ўша ерда Арафот ҳудудини кўрсатувчи ишоралар бор. Мана шу маконда зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни барча ҳожилар тўпланиб, бир азон ва икки иқомат билан пешин ва асрни қаср қилиб жамъу тақдим билан ўқишади. Ва муяссар бўлганича дуои хайрлар қиладилар. Чунки Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж – бу Арафотдир. Арафотнинг барча ери туриш жойидир», деганлар («Мажмаъуз-завоид»).

Бу ҳақда Қуръони каримда: «Агар Арафотдан тушганингиздан кейин…», деб айтилган (Бақара сураси, 198-оят).

Арафотда ушбу оят ҳам нозил бўлган: «Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида сураси, 3-оят).

Умар розияллоҳу анҳу: «Мен тушсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда турган эканлар. Арафа куни Жабалур роҳма ва тошлар олдида туриб Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилаётган эканлар», деб айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бу ерда турдим, Арафотнинг барча ери туриш жойидир», дедилар.

Маълумот учун: Ҳозирда, Саудия Арабистони подшоҳлиги кўчаларни кенгайтириш, чироқлар, ичимлик суви, тиббий ёрдам, хавфсизлик билан таъминлаш учун Арафот билан Муздалифада 9 та уч йўналишли узунасига йўл қурдирган. Арафотнинг доира шаклидаги йўли, узунасига ва энига бўлган йўллар бунёд этилиб, ёнидаги ўринларда ҳам қурилиш қилинган. Ҳамда ташқаридаги ҳожилар учун 240 минг метр масофадаги ўрин, ичкаридаги ҳожилар учун 250 минг метр масофадаги ўрин барпо этилган. 1414 ҳижрий санада Намира масжиди ва Жабалур роҳма атрофини ўраб турувчи минтақаларнинг об-ҳавосини мўътадил бўлиши учун катта оқувчи сувлар кичик бўлак сувларга бўлиб ташлади. Соатига 140 куб метр сув пуркагичлар билан 15 та от қувватига эга насосларда сув ҳавога пуркалади. Шунингдек, қуёш нури таъсирини озайтириш, ҳавони шимиб олувчи ҳароратни енгиллатиш мақсадида 100 мингта дарахт экилган.

Манбалар асосида А. Нуруллоҳ ўғли тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!