Тоғли Қорабоғда 27 сентябрдан 9 ноябргача давом этган урушда арман томонидан 3330 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Алина Никогосян Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг ёзишича, 1 январгача 3330 жасад суд-тиббий текширувидан ўтказилган. Уруш бошлангандан бери ўлганларнинг шахсини аниқлаш мақсадида жасадлар ва қолдиқлардан 1441 та намуна олинган, айни пайтда 871 та намуна текшириляпти. Ҳозирги пайтгача 436 жасаднинг шахси аниқланган. “Суд тиббиёти илмий-амали й маркази мутахассислари жасадларни текшириш ва идентификация ишларини давом эттирмоқда”, – дея ёзди матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғ уруши 10 ноябрга ўтар кечаси Озарбайжон, Арманистон ва Россия ўртасида тузилган келишув билан ниҳоясига етди. Томонлар ўт очишни тўхтатишга, асирлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишга рози бўлди. Арманистон Келбажар, Лочин ва Ағдам туманларини Озарбайжонга қайтариб берди, Тоғли Қорабоғга Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилди.
Арманистоннинг Тоғли Қорабоғдаги мағлубиятидан сўнг мамлакатда бош вазир Никол Пашинянга қарши норозилик намойишлари бошланиб кетди.