Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Арманлар геноциди: ҳақиқатми ёки уйдирма?..

4975

Бутун дунё арманлари 24 апрель кунини Геноцид қурбонлари куни сифатида ўтказишади. Арманларга кўра, ХХ аср бошларида, 1915 йилдан эътиборан усмоний давлатида 1,5 миллионгача арман атайин қирилган – геноцид қилинган. Туркиялик тарихчи олим, профессор, Истанбул университети проректори Илёс Тўпсоқол “Азон.уз”га берган интервьюсида геноцид ҳақидаги айбловнинг мутлақо асоссиз эканлигини таъкидлади. 

– Аслида арманлар билан боғлиқ масала 1915 йилда эмас, XIX асрнинг биринчи ярмида бошлаган. Ўша даврда баъзи халқлар усмонийлар давлатидан мустақил бўлишга ҳаракат қила бошлаган эди. Биринчи бўлиб серблар мустақиллик эълон қилди, кейин албанлар, болгарлар ва ҳоказо. XIX аср бошларида Онадўлига келган америкалик ва насроний миссионерлар арманлар ва грекларни ҳам мустақил бўлишга ундади. Шу тариқа айирмачилик ҳаракатлари бошланди. Ваҳоланки, улар яхши турмуш кечиришган, заргарлик, қурилиш ишлари билан шуғулланишган, юқори мартабали арманлар, масалан, султон саройида пошо даражасига кўтарилган арманлар бор эди. Улар “содиқ фуқаролар” деб тилга олинар эди. Арманлар орасида аста-секин айирмачилик кайфиятлари кучайиб, исёнлар бошлашди, мусулмон аҳолини ўлдиришга ўтишди. Кейинроқ Россия билан урушда айниқса Эрзурум, Ардахан, Вандаги арманлар рус армияси сафига қўшилиб, кўнгиллилар бўлинмаларини тузишди ва мусулмонларни қиришга тушишди. 1878 йилдан 1915 йилгача 600 минг мусулмон аҳоли ўлдирилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Яъни арманлар ўзлари яшаб келган усмонийлар давлатига хиёнат қилиб, русларга қўшилишди. 1915 йилдан кейин жанубий ҳудудларга французлар келганида, Франция армиясига қўшилишди. Французлар Мараш, Антеп, Урфа, Мерсинга кирганида 20 минглик қўшинда атига 1-2 минги французлар эди, холос, қолгани маҳаллий арманлардан иборат бўлган. 

1915 йилда шарқий ҳудудларда ҳам рус армияси сафида қирғинлар ўтказишди. Оқибатда мусулмонлар ҳам қуролланишга тушди, тўқнашувлар бошланди. Шу сабабли, хавсизлик нуқтаи назаридан – ҳам тўқнашувларнинг, ҳам арманларнинг душман томонга ўтишининг олдини олиш учун давлат арманларни кўчиришга қарор қилди. Эрзурум, Ван, Кайсери, Сивас, хуллас, мамлакат шарқидаги арманлар Суриянинг Ҳалаб, Лазкия, Дайраззор сингари ҳудудларига кўчирилган, Сурия ўша пайтда усмонийлар давлати ҳудудига кирар эди. Биздаги маълумотларга кўра, 438 минг арман кўчирилган, чет эл манбаларида бу рақам 600 минг деб кўрсатилган. Йўлда касаллик, сувсизлик ва ҳоказо сабаблар билан тахминан 130 минг киши вафот этган. Аслида бу ҳам баҳсли масала, айтайлик, бошқа жойларга кетиб қолганлар ҳам бўлиши мумкин, рўйхатда йўқ бўлгани учун ўлган деб тахмин қилинади. Масала сиёсийлашиб кетгани учун қурбонлар сонини 1,5 миллионгача чиқаришган, ҳолбуки, кўчирилганнинг сони унча эмас. Ғарбий ҳудудлардаги, масалан, Истанбул ва Измирдаги арманлар кўчмаган. Арманлар Суриянинг унумдор ерларига олиб борилган, архив маълумотларига қараганда, мол-мулклари қоплаб берилган, 1918 йилда эса ортга қайтишларига рухсат берилган.   

Арманлар геноциди деган масала аслида 1980-йилларда кўтарила бошланди. Унгача арманларнинг “Асала” террорчи ташкилоти турли мамлакатларда 53 нафар дипломатимизни ўлдирди. Террорчиликда муваффақиятга эриша олмагач, Туркияни халқаро майдонда обрўсизлантириш учун геноцид масаласини кўтаришга киришишди.  

Дунёда ўттиз чоғли давлат парламенти 1915 йилдаги ҳодисаларни геноцид деб тан олган. Уларнинг ҳеч қандай асоси йўқ, булар мутлақо сиёсий қарорлар. Ахир бу парламентдаги депутатлар эмас, балки тарихчи-олимлар шуғулланиши керак бўлган масала. Олимлар олдин ўргансин, ҳа, чиндан ҳам геноцид бўлган деса, ундан кейин парламентлар қарор чиқарсин. Ана шунда тўғри бўлади. Бизнинг архивларимиз ҳамма учун очиқ, улар ҳам ўз архивларини очишсин, ким геноцид қилган, ким қилмаган маълум бўлади. Арманистон шу пайтгача геноцид иддаосини исботлаш учун бирорта халқаро судга мурожаат қилмаган.

Умуман, ҳамма ўз тарихи билан шуғуллансин. Франция Жазоирда геноцид ўтказмадими?.. Америкада ҳиндулар қириб ташланмадими?.. Ўзларининг тарихига қарашсин! 


Убайдуллоҳ Адҳамов суҳбатлашди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Арманистон президенти устидан жиноят иши очилди

647 09:00 04.05.2021

Ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқара олмаётган арманлар

1691 23:35 27.04.2021

Пашинян истеъфога чиқди, аммо...

555 14:00 26.04.2021

Илҳом Алиев: Жо Байден тарихий хатога йўл қўйди

1587 17:00 25.04.2021

Жо Байден “арманлар геноциди”ни расман тан олмоқчи

1035 12:40 23.04.2021
« Орқага