Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Армияда ибодат қилиш мумкинми? 

4007

Ижтимоий тармоқларда мана шу масала тез-тез кўтарилиб туради. Араб давлатлари ва исломий мамлакатларда сўзсиз намоз биринчи ўринда туради. Хоҳ ишда, хоҳ хизматда, хоҳ ўқишда бўлсин беш вақт намоз ўз вақтида адо этилади. Ҳар бир ташкилотда алоҳида намозхоналар ҳам ташкил қилинган.

Журналист ва блогер Зафар Солижонов ўз телеграм каналида 2016 йили Нью-Йорк Таймсда чоп этилган мақолани эълон қилди. Унда таъкидланишича, “АҚШ армиясида мусулмонларнинг ибодати қийин масала. Армиянинг 0,3 фоизи ўзини мусулмон, деб билади, бу тахминан 4 минг аскар. Лекин ҳар бир базада имом йўқ, намозхона ва мусулмонлар ибодати учун етарли шароит тайёрланмаган. Овқатланиш рационида эса мусулмонлар учун тақиқланган маҳсулотлар ҳам учрайди. Британия бу масалада анча илғор экан: 2014 йили Қўшма Қироллик армиясида Мусулмонлар Форуми ташкил этилган. Ҳазрати Олияларининг мусулмон аскарларига Рамазонда рўза тутиш, кунлик намозини ўқиш ва намозхона ташкил этишга рухсат берилган. АҚШ армиясида ҳам шундай ижобий ўзгаришлар манзилли юз беряпти. Масалан, капитан Нади Қосим хизмат қилувчи ҳарбий қисмда рўза тутган мусулмонларга раҳбарият ғамхўрлик қилган. Пентагонда собиқ ҳарбий Абуҳана Сайфулислом имомлик қилиши баён этилган”.

Энди, ўзимизда аҳвол қандай?

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 90 фоизи мусулмон, ислом динига эътиқод қилади. Адлия вазирлиги масъул ходимига мана шу масалада савол берган эдик, қонунчиликда намозни тақиқлаш бўйича бирон бир юридик ҳужжат мавжуд эмас, дея жавоб берди. Айни вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бирида хизматни олиб бораётган дўстимизга иш жараёнида намоз ўқиш масаласида вазият қандайлиги борасида фикрларини сўрадик. Унинг айтишича, “хизмат жараёнида намоз ўқилмасин деган ҳеч қандай ёзма буйруқ ва кўрсатмалар йўқ, бироқ ёзилмаган қоидалар ҳам бор...”

"Ҳарбий хизматни ўтаётган аскар ёки зобит намоз ўқиши мумкинми?" деган саволга жавоб олиш мақсадида кун давомида Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилиб, тўғриси чарчаб кетдик. Вазирлик сайтида ёзилган телефон рақамларга тушиб бўлмайди. Тушган тақдирда ҳам бу бошқа бўлимлиги, матбуот хизматини телефон рақамини билмаслиги, бошқа рақамдан телефон қилиб сўрашимиз лозимлигини уқтиради. Бизга рақамларни беради, ўша рақамга терсангиз, у ердаги масъул ходим яна бошқа рақамни беради, яна, яна... Хуллас, бизга ошира-ошира берилган 17-рақамни терганимизда масъулиятли ходимга дуч келдик. Барака топсин, матбуот хизмати эмас, бошқа бўлимда хизмат олиб боришига қарамай, бизнинг саволимизга жавоб беришга ҳаракат қилишини билдирди. 

Эртасига эрталаб яна ўша масъул шахс билан боғландик. У киши ўзини тўлиқ таништиришни истамади, лекин берилган саволимизга жавоб айтди. Яъни берилган саволларга жавоб Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги ва "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунининг 37-моддасида жавоб ёзилганлигини айтди. Биз шунга ҳам хурсанд бўлдик. Шу баҳона қонунчиликни ўрганиб чиқдик. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги қонуннинг 4-моддасида жумладан шундай дейилган:

“Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради”.

Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунининг 37-моддаси қуйидагича баён этилган:

“Ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, ҳарбий рўйхатда турувчи ва хизматга чақирилиши лозим бўлган фуқаролар, агар улар диний таълимоти қурол-яроғдан фойдаланиш ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган, рўйхатга олинган диний ташкилотлар ҳисобида турсалар, муқобил хизмат ҳуқуқига эга”.

Юқоридаги қонунларда армияда хизмат қилаётган аскар ёки зобит намоз ўқимасин, ибодат қилмасин, деб кўрсатилган жойи йўқ.

Савол: Намоз ўқиш ҳарбий хизматга халал берадими? Бизнингча, йўқ!

Ҳарбий хизматни ўтаб қайтган бир дўстимиз билан суҳбатлашдик. Унинг маълум қилишича, ҳарбий қисмларда хизмат тасдиқланган кун тартиби асосида ташкил қилинган. Эрталаб соат 06-00 дан 22-00 ҳарбий хизматчиларнинг аниқ вазифалари белгиланган. Лекин беш вақт намоз ўқиш учун монеълик қиладиган бирор вазият йўқ. Яъни катталар рухсат берса, ўқиш мумкин, бу ҳарбий бурчни адо этишга халақит бермайди.

Мамлакат мудофааси, бевосита унинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга масъул, хизмат режими ҳам шунга яраша, бизнинг мутлақо эътирозимиз йўқ. 

Мазкур масала юзасидан фикр олиш учун Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасидаги масъул ходимларнинг бири билан боғланишга муваффақ бўлдик. У киши ҳам бизни тинглади, саволимизни ёзма равишда телеграм орқали йўллашимизни сўради, биз шундай қилдик. У киши бундай саволлар аввал ҳам бўлган, сизга чиройли қилиб жавоб йўллаймиз деб, кўнглимизни кўтарди. Суҳбатдан жуда мамнун бўлдик. Лекин жавобдан дарак бўлмади....

Алҳамдулиллаҳ, мусулмон ўлкада яшаймиз. Собиқ Иттифоқдан мустақил бўлганимизга ҳам 30 йил бўлмоқда.  Лекин намоз масаласида озгина оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Баъзи бир давлат идораларида вазият ўтган асрнинг 70-80 йилларини эслатади. Муҳит ҳам шунақа. Худдики намоз ўқиган одам душман. 

Шахсан мен ўзим ҳам давлат идораларида ишлаганман. Ҳар куни соатлаб бир-бири билан суҳбатлашишлар, ишга алоқаси бўлмаган мавзуларда баҳслашишларнинг гувоҳи бўлганман. Ачинарлиси, ҳеч бир раҳбар уларга нима учун иш вақтидан унумли фойдаланмаяпсан, нима учун ўз хизмат вазифангни бажармаяпсан, демайди. Лекин 10-15 дақиқа намоз ўқишга вақт сўрасанг, кўзлари косасидан чиқиб кетгудек бўлиб, давлат ишхонаси, бу ердаги қатъий тартиб интизом, масъулият, ойлик маошни оқлаш ҳақида соатлаб маъруза қилиши мумкин.

Шу мақолани тайёрлаш асносида устозларимизнинг суҳбати диққатимни тортди. Улар ўша машъум собиқ Иттифоқ даврида хизмат қилишган. Ўша пайтларда чеченлар армияда хизмат олиб бораётган вақтда намоз ўқиган экан. Ўзбекистондан борган бир қори устозимиз армияда намозни канда қилмаган эканлар. Шогирдларининг айтишича, қори домлани намоз ўқиётган вақтда ҳар куни 5 маҳал рота сержантлари калтаклаган экан. Бу жараён бир ой давом этгандан сўнг рота  командири суҳбатлашиб, командирнинг шахсан ўзи намоз ўқишига шароит яратиб берган экан. 

Юртимиз аҳолисининг аксарияти мусулмон эканлигини инобатга олиб, намоз ўқиш учун ҳам шахсий вақт ва шароитлар яратиб қўйиш, қонунчиликка ҳам мана шу йўналишда қўшимчалар киритиш вақти келмадимикин?

Ўз мухбиримиз

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Афғонистон: янглишлик билан мадраса нишонга олинди

1059 20:05 22.10.2020

Тоғли Қорабоғ можароси: фронтда аҳвол қандай?

1511 15:45 17.10.2020

Озарбайжон босиб олинган етти қишлоқни озод қилди

5883 12:35 28.09.2020

АҚШ Ироқдаги аскарлари сонини нега камайтирмоқчи?

478 09:22 10.09.2020

Сурияда жангарилар АҚШ армиясидан зирҳли машинани тортиб олишган

1341 19:00 24.04.2020
« Орқага