Илм

Аъроф сураси тафсири

857

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар» (201-оят).

Суранинг аввалида шайтон қандай йўл билан Одам алайҳиссаломни жаннатдан чиқаришга эришгани, шунингдек, шайтоннинг васвасаси Одам боласи тақдирида тўхтовсиз давом этиб туриши ҳам айтиб ўтилган эди. Лекин шайтон нима қилганда ҳам, васвасадан нарига ўта олмайди. Агар ўзича билиб, ҳаракат қилса, ҳар бир инсон учун шайтоннинг васвасасидан қутулишнинг осон йўли бор. Бунинг учун у мўмин-мусулмон, тақводор бўлса бўлди.

«Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар…»

Яъни уларга шайтоннинг васвасаси етса, дарҳол Аллоҳни зикр қиладилар.

«...бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар».

Аллоҳни зикр қилиш, ҳар доим эслаб юриш шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир.

Демак, шайтондан бирор бир шарпа (васваса, иғво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса илм-маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кеч кирса, ўз оёғига дарра билан ура туриб: «Бугун нима иш қилдинг?» дер экан.

Маймун ибн Меҳрон дейди: «Ўзини ўзи шеригидан кўра қаттиқроқ тергамаган одам тақводорлардан бўла олмайди. Ишни қилиб бўлгандан кейин шериклар бир-бирларини тергайдилар-ку!»

Ҳасан Басрий: «Мўмин киши ўз нафсини Аллоҳ таоло учун тергаб туради. Бу дунёда ўзларини тергаб турган қавмларнинг у дунёда ҳисоби осон бўлади. Бу дунёда ишни ҳисоб-китобсиз қилганларнинг ҳисоби қиёмат куни машаққатли бўлади», деган.

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Манба: islom.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аъроф сураси тафсири

415 06:30 23.03.2020

Аъроф сураси тафсири

498 06:30 21.03.2020

Аъроф сураси тафсири

364 07:00 17.02.2020
« Орқага