Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Ароқнинг зарари кўпроқ, аҳолида вино ичиш маданиятини шакллантирмоқчимиз...»

5644

Куни кеча Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Анжуманда Azon.uz мухбири қуйидагича савол берди:  

«Жорий йилда 66 та алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ва 190 алкоголь маҳсулотлари турини ишлаб чиқарадиган корхоналарга лицензия берилган. Лекин мана шу лицензия бериш жараёнида алкоголь ичимликлари келтириладиган зарарлар оқибати ўйланганми? Негаки, бугунги кунда ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, деярли 90 фоиз жиноят мана шу алкоголь ичимликлари истеъмоли сабабидан келиб чиқаётганлиги айтилмоқда. Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ходимлари лицензия бериш жараёнида алкоголь маҳсулотлари келтираётган зиёни борасида бош қотирадими ёки фақат келаётган фойда муҳимми? Агар сизнинг ташкилотингиз томонидан берилган лицензия асосида фаолият юритаётган корхона ишлаб чиқараётган алкоголь маҳсулотлари сабабли бирор инсон соғлигига жиддий зарар етса, бунга ким жавоб беради ёки Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги барча жавобгарликни ўз зиммасига оладими?» 

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги лицензиялар реестирини киритиш ва мониторинг бўлими бошлиғи Олим Назаров шундай жавоб берди: 

«Қисқа муддатда 66 та ташкилотга лицензия берганмиз тўғри. Биз беришга мажбур ҳам эдик, чунки булар янги корхоналар эмас, ишлаб турган корхоналар, уларнинг лицензияси 2021 йил 1 январда бекор бўларди. Биз шунинг учун бу корхоналарга лицензия бердик. Зиёни масаласида мен бир нарса дея олмайман». 

Azon.uz мухбирининг юқоридаги саволига Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Дилбар Сиддиқова батафсил жавоб берди:

«Ҳар бир соҳада фаолият олиб бориш бу қонунан тасдиқланади ва жорий қилинади. Бизнинг фаолиятимиз ҳам маълум бир қарор ва фармонлар билан йўлга қўйилган. Шуни таъкидлаш керакки, инсон саломатлиги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг олдига қўйган энг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Бу борада агентликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, агентлигимизда ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан кўра кўпроқ вино маҳсулотларини ишлаб чиқаришга урғу берилмоқда, чунки ароқнинг инсон организмига таъсири билан винонинг таъсири орасида фарқ бор. Шунинг учун ҳам аҳолида босқичма-босқич равишда вино ичиш маданиятини шакллантиришга ўтмоқдамиз. Асосий мақсадимиз – фақат саломатлик учун вино ичишни аҳолимизга ўргатиш. Шунингдек, агентлигимиз тамаки ва алкоголь маҳсулотлари ёшлар орасида кенг тарқалишининг олдини олиш борасида ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқда».

Балки агентлиг ўз вазифасини бажараётгандир, лекин алкоголь маҳсулотлари истеъмоли сабабли қанчадан-қанча инсонлар соғлиғидан ажралмоқда, ёш умри хазон бўлмоқда. Нега бу борада агентлик жиддий бош қотирмайди? Нима учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги алкоголь ичимликлари туфайли келиб чиқаётган касалликлар сабабли Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигига жиддий огоҳлантириш бермайди? Фақатгина бор айбни фуқароларнинг ўзига ағдариб қўя қолади, холос. Жамиятда бу иллатдан халос бўлиш учун барча бирдек ҳаракат қилиши керак эмасми?.. 

Ҳозирда тамаки маҳсулотлари қадоғида инсонни сескантирадиган суратлар чиқарилмоқда, лекин алкоголь маҳсулотлари қадоғида бундай ёрлиқлар йўқ. Бу масала юзасидан Дилбар Сиддиқова шундай фикр билдирди.

«Тўғри ҳозирда алкоголь маҳсулотлари қадоғида инсонни сескантирадиган суратлар туширилган ёрлиқлар йўқ. Аммо бизнинг агентлигимиз бу борада тегишли ташкилотга таклиф билан чиққан. Агар бизнинг таклифимиз маъқулланса бу жорий этилади, лекин фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган алкоголь маҳсулотларига халос. Бироқ чет давлатлардан кириб келадиган алкоголь маҳсулотларига буни жорий этиш жуда қийин масала» деди Дилбар Сиддиқова

Яқинда «Миллий тикланиш» партияси фракцияси йиғилишида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида бир қатор ўрганишлар натижасини эълон қилди. Унга кўра, ҳамон алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, уларнинг ижроси қониқарли эмаслиги аниқланган. «Миллий тикланиш» партияси аъзолари томонидан 2020 йилда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган жамоатчилик мониторингида қуйидагилар аниқланган: тақиқланган бўлса-да, савдо дўконларининг 38,8 фоизи мактаблардан 200 метрдан кам бўлган масофада жойлашгани, дўконларда сигареталарнинг 53 фоизи, кўчаларда эса 89 фоизи доналаб, тамаки маҳсулотларининг 61,2 фоизи ўйинчоқ ва ширинликлар олдига қўйилгани, дўконларнинг 83,6 фоизида ҳушбўйлантирилган сигареталар, 57,4 фоизида эса чекилмайдиган тамаки маҳсулоти сотилётгани аниқланган.

Azon.uz мухбири томонидан яқинда энергетик ичимликлар зарари борасида олиб борган ўрганишлари натижасида ҳам юқоридаги ҳолатлар ҳамон давом этаётганини кўриш мумкин. Ҳатто кўплаб мактаблар олдида ўқувчилар тамаки маҳсулотларини очиқчасига ҳаммага кўрсатиб чекаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Ҳатто шу кунларда юртимизда «калянхона»ларнинг кўпаяётгани ҳам жуда ачинарлидир. Бизни қизиқтираётган масала шуки, тамаки ва алкоголь маҳсулотларидан келаётган фойда инсон саломатлигидан устунми?..

Нурбек Ғофуров
Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

233 22:05 24.01.2022

Қатағон қурбонлари: Носирбек тўқсабо Абдураҳимов

538 21:05 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза узлуксиз тутиладими ёки бўлиб-бўлибми?

413 20:10 24.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

224 19:30 24.01.2022

Ўзбекистоннинг яшаш учун қиммат давлатлар қаторидаги ўрни маълум бўлди

876 19:00 24.01.2022

Омикрон инсон танасига қандай кириши маълум қилинди

1010 18:30 24.01.2022
« Орқага