Ислом

Аросатда қолган ким: уми ё биз?

1866

“Сиз озарбайжонлимисиз?”

Бу саволни икки кун аввал нотаниш аёл берди.

Ён тарафимда тургани учун унга бурилиб қарадим, ёшроқ аёл шекилли…

Кайфиятсизроқ эдим, “йўқ” ишораси билан жавоб бериб, яна хаёл суришга “шўнғиб” кетдим.

– Сиз амакимга жуда ўхшар экансиз…

Бу нотаниш аёлга умуман эътибор қилмасам ҳам менга ўз-ўзидан гапиравераётгани ғалати туюлди.

– Отам озари, мусулмон, онам тожик, католик насроний. Рус эмасман, ўзимни тожик деб ҳисоблайману-у, лекин ота томонимдан озариман…

Тоза талаффузда гапираётган нотаниш аёлнинг гаплари мени ҳушёр торттира бошлади.

“Ким бу? Нега менга гапиряпти? Мақсади нима? Товламачимикин? Эҳтимол нарироқда шериклари ҳам бордир? Бирор ёмон иш уюштиришяптимикин?”

– Мен болалигимдан шарқ мусиқаларини тинглайман. Онам доим тақиқлаб келган. Кўпинча яшириб эшитишимга тўғри келган…

Менинг хаёлим чувалашиб, қандай қутулишни излай бошладим.

– Мен сезиб турибман, сизни ноқулай аҳволга солдим, узр сўрайман. Бир илтимосим бор, дўконга кириб чиққунимга қадар сумкамга қараб турсангиз!?

Шундагина бу аёлни мақсадларини чамалай бошладим, “демак, шантаж қилмоқчи, сумкасини қўяди-да, қайтиб чиқиб нимасидир йўқолганидан жанжал бошланади”.

– Кечирасиз, вақтим йўқ, шошиб турибман.

– Сиз кетиб қолмайсиз, мен сизга ишонаман, – дедида, сумкасини оғзи ярим-чала очиқ ҳолатда ташлаганча, шошиб дўконга кириб кетди.

“Энди тамом, кетсам ҳам, кетмасам ҳам, нимадир ишга аралашиб қолдим”.

Қандай йўл тутишни билмасдим, кетсам, менга омонат деб ишониб кетди. Кетмасам, бу ерда қандайдир бир иш бор.

Беш дақиқалар ўтар-ўтмас қайтиб чиқди.

– Билардим қаровсиз ташлаб кетмаслигингизни. Сизга бир саволим бор эди. Сиз ҳеч ножўя қадам ташлаганмисиз?

“Бўлди! Энди билдим кимлигини, тезроқ вақт борлигида қочиш керак!”

Кетиш тараддудига тушиб қолдим.

– Сиз саволимга жавоб бермадингиз!?

– Аллоҳ сақласин! – дедиму ўрнимдан қўзғалдим.

Сиз ҳам шу ерга қадар дилингиздан нималар ўтганини маҳкам тутиб туринг. Ўйлаяпгандирсиз, “шунча гап бўлибди-ю, кетиб юбормабдилар” деб. Ёмон аёл, ўғри, қаллоб, муттаҳам… Таҳминларингиз турлидир мен каби…

– Тўхтанг!

Шу ерда йўналиш бутунлай ўзгарди.

– Мен насронийча тарбия топдим, катта бўлдим, мутлақ динсиз, ароқхўр одамга турмушга узатилдим, урф-одатларим насронийча, аммо ичимда ислом қайнайди, ундан роҳат топгиси келади, мен ҳатто умрим бино бўлиб бирор марта очиқ-сочиқ ҳам кийинмаганман…

Шундан кейингина аёл тарафга қарадим, боши яланг, очиқ бўлса-да, ҳақиқатда шарқона либослар каби кенг, енглари узун кўйлакда эди.

– Мусулмонларни кўрсам, кўзларида меҳр кўринади, тарбияли, Шарқнинг иси келиб туради. Мен ҳам мусулмон одамга турмушга чиқишни, менга ўргатишини, “эр” бўлиб ҳаёт муаммоларини зиммасига олишини хоҳлайман. Мен сизлардай мусулмонларни ҳавас қиламан, Сиздай эркакларни Аллоҳ кўпайтирсин, – деди-да, бурилиб кетди. Охирги гапини яхши тушунолмай қолдим, “бизнинг бу юришимизга сизлар жавоб берасиз” дегандай бўлди шекилли…

Мен у аёлни аросатда қолибди, деб ўйладим. Кейин бирдан фикрим ўзгарди: аросатда қолган уми, ё бизми? Рости билмадим…

Салим АЙЮБИЙ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Қўшнимга беринг, у мендан кўра камбағалроқ...»

508 16:00 22.10.2019

«Уйини сотмасин, ўша пулни мен бераман»

1358 13:34 22.10.2019

«Жиннимисиз, меҳробда ҳеч қанақа байт йўқку?!»

840 22:00 21.10.2019

Шайтонни ҳаётингиздан узоқ тутинг

833 19:00 21.10.2019

Рашк таомга солинадиган тузга ўхшайди

569 18:00 21.10.2019

Ҳурматдан нафратга

767 16:00 21.10.2019
« Орқага