Аршни кўтарган зикр

12:00 30.04.2018 2830

Қалблар қўлида бўлган Зотга Ўзининг буюклигича ва олийлигича ҳамд-у санолар бўлсин. Зикрлар қалбнинг покловчи дориси экани ва шу зикрлар билан Аллоҳнинг розилигини топиб яшашимизга даъват этиб, бизларга гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.

Инсон дунёда яшар экан моддиятга боғлиқ бўлган бу тирикликда, ўзини самоларга боғловчи маънавий озиқ-амалларга ҳам эҳтиёж сезади. Мана шу эҳтиёжни билган ва бизларни бу дунёга фақат ва фақат Ўзини танишимиз учун келтирган Аллоҳ руҳий озиқларимиз қилиб зикрлар ва кундалик вазифаларни бизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали жорий қилган. Ислом шариатида фазилатда олий бўлган зикр ва дуолар борки, уни тинимсиз бажариб юриш орқали инсонда жуда кўп ҳикматлар пайдо бўлади. Чунки банда Аллоҳни зикр қилиш билан Уни жуда ҳам яхши таниб, Ундан хавф ва умиди кучаяди. Ким бир нарсани яхши танимаса ундан қўрқмайди ёки унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилиш учун уни тинимсиз эсламоқ, уни ҳар доим ўйламоқ керак бўлади. Ким Аллоҳни танимаса, Унга муҳаббат ҳам қилмайди. Муҳаббат қилмас экан, Уни эсламайди. Аллоҳни эслаш эса зикр ва дуолар билан амалга ошади. Ана шу зикрларнинг энг фазилатлиси ва малоикалар яхши кўриб, пайғамбарлардан мерос қолган зикр ҳақида айтиб ўтамиз. Бу зикр қуйидагича ривоят қилинган:

“Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата ил лаа биллаҳил алаййил азийм”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Аршни яратганда ҳомил-кўтарувчи фаришталарга уни кўтаришни буюрди. Арш уларга оғир келди. Аллоҳ таоло: “Субҳаналлоҳ” деб айтинглар, деб буюрди. Фаришталар, “Субҳаналлоҳ” дейишди. Шунда уларга енгил бўлди. Улар Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгунча Субҳаналлоҳ деб туришди. Одам алайҳиссалом акса урганларида Аллоҳ таоло у кишини “Алҳамдуллиллаҳ” дейишга илҳомлантирди. Аллоҳ айтди: “Сенга Раббинг раҳм қилди ва сен мана шунинг учун яратилдинг”. Малоикалар шунда “Иккинчи калима ҳам улуғ экан, бизлар ундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб уни олдингисига қўшишди.

Бир неча вақт фаришталар, Субҳаналлоҳи вал ҳамдуллиллаҳи, деб айтишди, бу ҳол Нуҳ алайҳиссалом замонларигача давом этди. Биринчи бўлиб санам-тошдан ясалган бутлар тутган қавм Нуҳ алайҳиссалом қавми эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмини, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деб айтишга буюрди. Шунда улардан рози бўлишини билдирди. Фаришталар ўшанда: “Учинчи калима ҳам улуғ ва шарафли экан. Биз бундан ғафлатда қолмаслигимиз керак”, дейишиб, уни олдинги икки калимага қўшишди. Узоқ муддат Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллаллоҳ калимасини айтиб юришди. Бу ҳол Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келгунларича давом этди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилишни буюрди ва қўчқор берди. Қўчқорни кўрганларида у зот хурсанд бўлиб, “ Аллоҳу Акбар” дедилар. Фаришталар айтишди “Бу калима ҳам улуғ ва шарафли экан” деб уни олдинги учтасига қўшишди ва Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи валаа илаҳа иллалллоҳу валлоҳу акбар, деб айтиб юришди.

Вақтики Жаброил алайҳиссалом бу гапларни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эди, У зот шодланиб: “ Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил алайил азийм”, дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу калимани олдингиларига қўшинг”, дедилар.

Бу зикрнинг фазилати шунчалар улуғлигидан у Аршларни кўтаргандир. Ким уни бир кунда Аллоҳни зикр қилиш мақсадида айтар экан гуноҳлари кечирилади. Аллоҳнинг ҳузурида олий мақомлар топиб, мағфиратга эришади. Албатта, фарз ибодатлардан сўнг айтилса, қалби янада равшанлашади. Чунки фарз ибодатларидан сўнг қилинган дуо мустажоб бўлиб бу зикрни айтиб дуо қилиш билан инсон Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдек даражага эришади. Чунки унинг ҳамма маъноси Аллоҳнинг буюклиги ва поклигига далолат қилади.

 

Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул Ғофилийн” асари асосида

4-курс талабаси Орифахон ЮНУСХЎЖА қизи тайёрлади.

Манба:  "islaminstitut.uz" расмий веб сайти.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!