Асадни ким дастаклаяпти?

21:00 14.05.2019 1838

Кўпчилик аналитиклар Суриядаги фуқаролар уруши ҳақида гапира туриб, “террорчиларга қарши курашаётган сурия халқи” жумласини бот-бот такрорлаб келишади. Чиндан ҳам, сурияликлар террорчиларга қарши кураш олиб боряптими, Башар Асадни қўллаб-қувватлаяптими? 

Қуйидаги мақолада (таржимада) шуларни кўриб чиқамиз. 

Келинг, мавзуни алавийлардан бошлаймиз. Алавийлар Асадларнинг уруғ-аймоғи бўлиб, улар Сурияда камсонли диний гуруҳни ташкил қилади. Улар ҳокимиятга кела солиб, кўпсонли суннийларга жабр-зулм ўтказишни бошлаб юборди. Давлатнинг сиёсий ва ҳарбий курсиларида ўтирган мана шу алавийларни “сурия халқи” дейиш – энди бу абсурд.

Урушнинг бошларида оммавий равишда хизматдан бош тортиш Сурия араб армияси (САА) дивизияларининг жанговарлик қобилиятига тамомила путур етказди. САА ҳарбий бирлашмалари нафақат ҳужум қилиш, балки ҳатто мудофаа учун ҳам яроғсиз аҳволга келиб қолди.

Бундай шароитда Асад унга содиқ бўлган ҳар қандай гуруҳ, партия ва жамоавий ҳаракатларга ўзларининг қуролли гуруҳларини тузишга йўл қўйиб берди.

Натижада маҳаллий БААС партияси ичидан ўсиб чиққан турли гуруҳлар, Асад режимига алоқадор бўлган йирик тадбиркорлар, жиноий гуруҳлар, шунингдек турмалардан чиқариб юборилган васвос ва қотиллардан катта миқдорда қуролли тузилмалар шакллантирилди.

Қисман бўлсада қуролли кучларни комплектлаш муаммоси ҳал бўлди. Уларни “Шабиха” деб умумий ном билан атайдиган бўлишди. 2012 йилдан бошлаб Шабиха Суриянинг режим назорати остидаги барча ҳудудларида пайдо бўлди. 

Ҳарбий тўқнашувнинг кейинги босқичида режим ушбу турли-туман бўлган гуруҳларни ислоҳ қилиб, уларни ягона тузилмага айлантиришга аҳд қилди. 2013 йилда шундай қилиб “Миллий мудофаа кучлари” ташкил қилинди.

Мазкур бўлинмаларнинг шаклланишида эронлик ҳарбий маслаҳатчилар ҳам иштирок этди. Эронлик инстуркторлар ёш кўнгилли жанчиларни тайёрлашда фаол иштирок этдилар, уларни Сурия ҳудудларида ҳам, Эронда ҳам жангга тайёрлашди. Кейинчалик бу тузилмага Эроннинг таъсири фақат ўсиб келди. Ҳозирга келиб, ҳатто асад офицерлари ҳам “Миллий мудофаа кучлари” аслида Эроннинг сурияча ёлланма жангчиларига айланганини тан олмоқда. 

Мана, энди Сурия фуқаролар урушида Эроннинг тутган ўрнига батафсил тўхталамиз. Гапни Эрон шиа инқилобидан бошлаймиз.

Шиа инқилоби изоляцияга тушиб қолди ва ўзига иттифоқчилар ахтаришга тушди. Ўзига ўхшаш шиалардан иттифоқчи топаман деса, (шиалик ҳукмрон мафкура бўлган) ундай давлатнинг ўзи йўқ эди. Шундай бир вазиятда уларнинг ёдига Сурияда ҳокимиятни ноқонуний эгаллаган ва ўзларини шиаликнинг бир тури деб, тан олинувига бир неча бор уриниб келаётган алавийлар келиб қолди.

Ўшандаёқ Хумайний алавийларни шиа деб тан олишга тайёрлигини маълум қилди. Ва гарчи кўплаб уламолар, ҳатто шиаларнинг ҳам қаршилигига қарамасдан “алавийлар – шиалар” эканлигини расман эълон қилди. Аслида алавийлик ва шиалик ўртасида катта тафовут мавжуд.

Шундай тарзда, Сурия Эроннинг иттифоқчисига айланди. Бу бир тарафдан кўпсонли суннийларнинг норозилигини қўзғаган бўлса, бошқа тарафдан – алавийларни муртад ва мажусий деб, ўзларини эса чин шиа деб ҳисобловчи кўплаб шиаларнинг норозилигини келтириб чиқарди.

Кейинчалик Эрон Сурия орқали Ливан “Хезболла”сини ҳарбий таъминот билан таъминлаб борди. Шунинг учун ҳам Суриядаги ихтилофнинг илк кунларидан бошлаб Эрон раҳбариятининг бу ихтилофга жиддий ёндашиб келиши ҳайрон қоларли эмас.

2011 йилнинг баҳорида ҳали оммавий ҳарбий ҳаракатлар бошланмасдан бурун, Дамашққа бир неча марта “Ал-Кудс” қуролли кучлари командири Қосим Сулаймонийнинг ташриф буюриши ҳам бу фикрни исботлайди, унинг вазифаси ҳукуматга қарши чиқишларни бостириш стратегиясини тузиш бўлган. 

2012 йилда мамлакатдан қочган Суриянинг собиқ бош вазири ўшанда шундай деганди: ''Сурия эронликлар томонидан оккупация қилинган, мамлакатни Асад эмас, Қосим Сулаймоний бошқаради”.

2013 йилда, Сурия араб армияси фуқаролар урушини тўхтатишга қодир эмаслиги аён бўлганида, Сурияга турли мамлакатлардан тўпланган ҳар хил шиа ташкилотларининг хорижий жангарилар гуруҳи оқиб кела бошлади. Улар ичида энг машҳури Ливан “Хизболла”си эди. Бир асад офицери “Хизболла” бошқарувидаги жамики ҳудудларда ҳар қандай ҳаракат уларнинг розилиги билан амалга оширилиши кераклигини айтган эди.

Кўплаб шиа жангарилари кўпсонли, “ироқ гуруҳлари”ни ташкил қилади. Қайд этиш лозимки, ироқликлар Алеппони қамал қилган Асад қўшинининг деярли ярмини ташкил қилган. Унинг устига “ироқ гуруҳлари” ИШИД пойтахти Мосулдан ўз одамларни олиб, уларни Сурияга йўналтириб турган.

Ўзига хос гуруҳ – бу Эрон томонидан Афғонистон ва Покистон шиаларидан тузилган гуруҳлардир. Бугунги кунда Эронда бир неча миллион афғон ва покистонлик қочқинлар ерлашиб турибди.

Юқорида айтилганидек, буларнинг ичида энг кучлиси бўлмиш Қосим Сулаймоний бошлиқ “Ал-Қудс” махсус гуруҳини унитмаслик керак.

Бутун Сурия уруши давомида шиа ҳарбий гуруҳлари ҳукумат қўшинлари ичида жанговарлиги билан ажралиб келмоқда. Бу – жангарилар сафида Ироқ ёки Ливан урушини кўрган тажрибали жангчилар мавжудлиги ва уларнинг юксак руҳан шайлиги билан боғлиқдир.

Шиа жангарилари бу экспансияни “исломий инқилоб экспорти” деб атаб, шиа муқаддас қадамжоларини ҳимоя қилиш шиори остида ҳаракат қилади (Масалан, Дамашқдаги Пайғамбар набираси Зайнаб масжиди).

Энди қаранг: Сурияда шиа-иснаашарийлар, энг ошириб ҳисоблаганда, 0,5-3 %ни ташкил қилади (иснаашарийлик – Эронда ҳукмронлик қиладиган шиаликнинг бир туридир).

Энди айтингчи, бу рақамлардан келиб чиқиб, шиаларнинг Сурияга ҳужумини шиа оккупацияси демасдан, бошқа яна қандай иборани ишлатиш мумкин?!

Россия мавзуси бу жуда қийин мавзу. Сурияда ҳарбий қуруқлик операциясини бошлаш тўғрисидаги қарор эронлик генерал Қосим Сулаймоннинг Россияга кўп маротаба ташрифидан сўнг қабул қилинган. Россиянинг урушга кириши – бу алоҳида мавзу.

Шиаларга қўшимча равишда Асад тарафда турли-туман сиёсий гуруҳлар қатнашиб келмоқда. Масалан, Ливан баас’чилари, Араб миллий гвардияси, таркиби Яқин Шарқ ва Шимолий Африка жангариларидан шакллантирилган панараб ҳарбий тузилмаси.

Сурияда Асадга хайрихоҳ хорижий гуруҳларнинг иштироки борган сари ўсиб бормоқда, ҳатто уруш бошларида Асадни қўллаб-қувватлаб келган алавийлар эндиликка келиб режимдан кўнгли совиб қолди, урушдан чарчашди. Ҳозир Сурияда ёшлар билан боғлиқ шундай вазият шаклланди. Асадчилар қишлоқма-қишлоқ юриб, ёшларни ҳарбийликка жалб қилмоқда. Катталар эса ёшларни улардан яширмоқда. Армияга бормасин учун. Расмий Дамашқ эса армиядан озод бўлиш тарифини ҳам эълон қилган – 10 минг доллар. Бу пулга эса хориждан ёлланма жангчилар жалб қилинади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Асад тарафида туриб жанг қилётганларнинг асосини чет эллик ёлланмалар, асосан шиалар, ташкил қилади.

Хулоса шуки, Асадга ҳайрихоҳ жангариларни Сурия армияси, дейиш нотўғри. Уларни Асадга хайрихоҳ, “ёлланма жангчилар армияси” дейиш тўғрироқ бўлади.

Манба: Илдиз

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!