(биринчи қисм)
Таниқли ёзувчи Аҳмад Муҳаммад томонидан ёзилган, таржима ва тасниф қилинган бир қанча китоблар кенг оммага тақдим этилган. Ушбу асарлар китобхонлар томонидан севиб ўқилишига сабаб исломий маърифат нурига йўғрилганидир. Заҳматкаш олим томонидан таълиф этган навбатдаги китоб Исломнинг энг нурли саҳифаларидан ҳикоя қилади. Қиёматгача келадиган уммати Муҳаммадга ибрат бўладиган пешқадам саҳобийлар, яъни ҳаётлик чоғларидаёқ муборак башоратга лойиқ кўрилган зотларнинг гўзал ҳаётлари борасида сўз юритилади. “Azon kitoblari” нашриёти томонидан тайёрланган мазкур китобдан айрим бобларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Azon.uz” таҳририяти
Ашараи мубашшара кимлар?
(Сўзбоши ўрнида)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. “Ашараи мубашшара” жумласи луғатда “Башорат қилинган ўнлик” деган маънони билдиради. Ҳаётликларидаёқ жаннатий бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мужда берган ўн нафар улуғ саҳобийни шу ном билан аташган. Улар Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан сўнг Ислом давлатига раҳбарлик қилган хулафои рошидин (тўғри йўлдаги халифалар) Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, шунингдек, улуғ саҳобалардан Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдураҳмон ибн Авф, Саъид ибн Зайд, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳумлардир. Абдураҳмон розиял лоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Бакр жаннатдадир. Умар жаннатдадир. Усмон жаннатдадир. Али жаннатдадир. Талҳа жаннатдадир. Зубайр жаннатдадир. Абдураҳмон ибн Авф жаннатдадир. Саъд жаннатдадир. Саъид жаннатдадир. Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатдадир”, дедилар” (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Ашараи мубашшаранинг барчаси арабларнинг машҳур Қурайш қабиласидан, уларнинг аксарияти Исломга биринчилардан бўлиб кирган. Улар энг яхши мусулмонлар сирасидандир. Шайх Абдулқодир Жийлоний энг яхши инсонларни фазилатда қуйидаги тартибда санайдилар: Инсон ларнинг энг яхшилари Муҳаммад алайҳиссаломнинг тавҳид эътиқодида бўлган умматларидир. Уларнинг яхшилари дастлаб имон келтирган, бор-будларини Аллоҳ йўлида бағишлаб, бутун ҳаётлари давомида дин фидойилари бўлган зотлар – асҳоби киромлардир. Асҳоби киромлар орасидаги яхшилар эса Ҳудайбия сулҳигача байъат берганлар. Уларнинг ораларидаги саралари – асҳоби Бадр, яъни Бадр жанги қаҳрамонлари. Уларнинг сони 313 нафардир. Асҳоби Бадрнинг яхшилари Исломни дастлаб қабул этган қирқ киши бўлиб, уларнинг охиргиси ҳазрат Умардир. У қирқтанинг орасидаги яхшилар – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлигида “жаннатий” деб башорат берган ўн нафар саҳоба Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъид ибн Зайддир. Ўнтанинг афзали – тўғри йўлдаги тўрт халифа. Бу тўрттанинг яхшиси Абу Бакр билан Умар розияллоҳу анҳумодир. Иккитанинг яхшироғи эса, шубҳасиз, ҳазрат Абу Бакр Сиддиқдир”.
Аҳли суннат вал жамоа ақидасига кўра, ашараи мубашшарани тасдиқ этиш шарт. Буларга ва булардан бирортасига таъна қилувчилар Аҳли суннат вал жамоа ақидасида бўлмаганлардир.
Жаннат башорати берилган ўн кишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг жаннатий эканига гувоҳлик берганларига биноан, биз ҳам жаннатий деб гувоҳлик берамиз. У зотнинг гаплари ҳақдир.
Ушбу китоб Пайғамбаримиз томонларидан жаннатийлиги муждаланган ана шу ўн нафар улуғ саҳобанинг ҳаёт йўллари ва фазилатлари ҳақида ҳикоя қилади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу
Ашараи мубашшаранинг биринчиси – ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Маккадаги Қурайш қабиласининг Тамим уруғидан эдилар. Қурайшийлар орасида обрўлари баланд, ҳамма у кишини севар, гапларига қулоқ солар, ҳукмларига бўйсунар эди. Оталари Усмон Абу Куҳофа Макка фатҳи куни мусулмон бўлган, ўғилларидан бир йил кейин, ҳижрий 14 йили тўқсон етти ёшида вафот этган. Оналари Уммул Хойр лақабли аёл бўлган. Абу Бакрнинг ҳам ота, ҳам она томонидан сулолалари Муррада Пайғамбар алайҳиссалом сулолаларига бирлашади.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки ёш кичик эдилар, у зотдан кейин икки йил яшадилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам каби олтмиш уч ёшларида, ҳижрий 13 (милодий 634) йили вафот этдилар. Насаб илмининг билимдони эдилар. Жоҳилият даврида қон даъвоси тортишувларида ҳакамлик қилганлар. Бирор марта бутга сиғинмаганлар, ичкиликни оғизларига олмаганлар, бузуқ йўлга юрмаганлар.
Саҳобалар саййиди
Газлама тижорати билан шуғулланиб, жуда бойиб кетган эдилар. Исломга кирган вақтларида қирқ минг дирҳам сармоялари бўлган. Нубувватдан олдин Пайғамбар алайҳиссалом ҳам савдогар бўлганлари учун ана шу даврда икковлари дўстлашишган. Ҳазрат Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам га энг оғир дамларида ҳамдам, мададкор, ёрдамчи, содиқ дўст бўлдилар. Бойликларининг катта қисмини Аллоҳ ризоси йўлида Унинг дини равнақи учун сарфладилар.
Ҳазрат Абу Бакрнинг исмлари Абдуллоҳ бўлган, бу исмни у кишига Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бергандилар. Илк фарзандларига нисбат берилиб Абу Бакр деб атала бошладилар ва шу ном билан Ислом тарихида машҳур бўлдилар. Ислом динини ҳеч тараддудсиз қабул қилганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг меърожларини эшитган заҳот тасдиқлаганлари учун Сиддиқ унвони ила шарафландилар. Қизлари ҳазрат Ойшани Сарвари коинотга никоҳлаб бериб, Набий алайҳиссаломга қариндошлик ришталари билан ҳам боғланган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Ислом бирлигининг парчаланишига йўл қўймадилар, ўзлари мусулмонларнинг илк халифаси этиб сайландилар. Ислом давлати бўҳронли кунларни бошдан кечираётган бир пайтда сохта пайғамбарларга қарши, Исломга хуружлар ва диндан чиқишларга қарши аёвсиз кураш очдилар. Бу зотнинг даврларида Эрон, Ироқ, Сурия фатҳ этилиб, Ислом давлати чегаралари янада кенгайди. Ажнодинда Рум салтанатининг юз минглик қўшини тор-мор қилинди.
Ҳазрат Абу Бакр халифалик даврида Қуръони карим оятларини биринчи бўлиб тўплатганлари учун “Жомиъул Қуръон” деган шарафли номга сазовор бўлдилар. Абу Бакр биринчи марта қурилган давлатни исломий сиёсат билан юрғиздилар, Қуръонни “Асосий қонун” ўлароқ татбиқ этдилар. Ҳамма ишда адолатни биринчи ўринга қўйдилар. Абу Бакр Сиддиқ ҳамиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён бўлдилар, ҳар ишда у зотга ёрдамга ошиқдилар. Бир туяга мингашиб Мадинага ҳижрат қилдилар. Барча ғазотларда Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қатнашдилар. Ҳатто у зот хасталикларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларига ўн етти вақт намозга имомлик қилганлар. Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дан сўнг “Собиқуни Ислом” деб аталган маккалик илк саккиз мусулмоннинг биринчиси эдилар. Ҳаётлик чоғларидаёқ жаннатга киришлари ўзларига муждаланган ўн саҳобий, яъни ашараи мубашшаранинг ҳам, тўғри йўлдаги тўрт улуғ халифа (хулафои рошидин)нинг ҳам биринчиси бўлдилар. Ҳамиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ёнларида эдилар, у зотга вазирлик қилдилар. Жаноб Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоб билан истишора чоғида Абу Бакрни ўнг томонларига, ҳазрат Умарни чап томонларига олиб, уларнинг фикру раъйларини сўрардилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 142 та ҳадис ривоят қилганлар.
Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръон ошиғи эдилар. Хушовозда Қуръон тиловат қилар эканлар, ўзлари тинмай йиғлардилар. Асҳобнинг энг билимдони, ҳалоли, ишончлиси, оқкўнгили эдилар. Намозни ниҳоятда хушу ва хузу билан ўқирдилар. Бошқаларга ёрдам беришдан завқланардилар. Исломнинг илк кунида етти қулни, жумладан, Билол Ҳабашийни сотиб олиб, озод қилганлари тарихда ёзилган. Ниҳоятда оддий ҳаёт кечирганлар. Халифаликлари чоғида Байтул молдан (давлат хазинасидан) ўзларига ажратилган икки дирҳам миқдоридаги маош билан кун кечирганлар. Вафот этганларида уйларидан ҳам, ёнларидан ҳам пул чиқмаган. Биринчи ҳикоямиз ана шу улуғ зот, саҳобийларнинг саййиди, Исломнинг биринчи халифаси Абу Бакр Сиддиқ ҳақларидадир. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
(давоми бор) (иккинчи қисм)
Аҳмад Муҳаммад