Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Ашараи мубашшара: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

3940

(иккинчи қисм)

Бозордаги воқеа

Укоз бозори нафақат Макка, балки бутун Арабистон ярим оролида машҳур, маъмур ва гавжум бозорлардан эди. Бунда дунёнинг ҳар бурчагидан келган тужжорларнинг молини мақтаб қичқиришлари, сархуш ичимликлар ичиб олган маккаликларнинг мастона бақир-чақирлари, баланд жойларга чиқиб олиб шеър ўқиётган ёки қисса айтаётган сўзамол воиз шоирларнинг хитоблари бир зум тинмасди. Мушриклар ва бутлар, фаҳш ва чиркинликларга тўлиб-тошган шаҳарда бир неча покиза, бутпарастликдан воз кечган кишилар ҳам бор эдики, улар ҳамиша жаҳолат ва жамият разолатларидан ўзларини сақлар эдилар. 

Ана шундай кишилардан бири – воиз Қусс ибн Соида қизил туяси устида туриб, бозорда тўпланганларга шундай хитоб қилар эди:

–  Эй инсонлар, келинглар, тингланглар, доимо эсда тутинглар, ибрат олинглар! Яшаганлар ўлар, ўлганлар фано бўлар! Ёзилгани бўлар. Ёмғир ёғар, майсалар унар. Болалар туғилар ва ота-оналарининг ўрнини олар. Сўнгра ҳаммаси йўқ бўлиб кетади. Бу ҳолатнинг ораси узилмас, ҳамон бирин-кетин давом этади. Қулоқ тутинглар, диққат этинглар. Кўкдан хабар бор. Ерда ибрат бўларли нарсалар бор. Ер юзи бир ёйиқ айвон, кўк юзи юксак бир шифт. Юлдузлар юради, денгизлар туради. Келган қолмайди, кетган келмайди. Ажабо, борган ерларида хушнуд бўлиб қолишармикан? Йўқса, у ерда уйқуга кетадиларми? Онт ичаман: Аллоҳнинг ҳузурида бир дин борки, ҳозирги топган динингиздан янада суюмлидир. Яна Аллоҳнинг бир келажак пайғамбари бордирки, келишига жуда ҳам оз қолди. Сояси бошингизнинг устига келди. Унга имон келтириб, ҳидоятга етиш нақадар олий бахт! Унга исён ва мухолафат айлаган бадбахтларнинг ҳолларига вой! Умрлари ғафлат ичра кечган умматларга афсуслар бўлсин! 

Эй жамоат! Қани ўтган аждодларимиз? Қани муаззам кошоналар, тошдан муҳташам иморатлар қурган Од ва Самуд қавми? Қани кибр ва ғурурдан туғёнга кетиб, “Мен сизнинг энг буюк Раббингизман”, деган Фиръавн ва Намруд? Улар сизга қараганда бадавлат ва кучли эмасмиди? Бу замин уларни ўз тегирмонида талқон қилди, чанг-тўзонга айлантириб ташлади. Суяклари чириб йўқ бўлди. Уйлари вайронага айланди. Ерларида, юртларида ҳозир кўппаклар изғиб юрибди. Кўзингизни очинг, улар каби ғафлатда қолманг! Уларнинг йўлига кирманг! Ҳамма нарса фонийдир, фақат Жаноб Ҳақ боқийдир! У ягонадир, шериги, тенги, ўхшаши йўқдир! Сиғиниш фақат Унгадир! Туғилмади, туғмади. 

Аввал келиб-кетганларда бизга ибрат бўладиган нарсалар кўпдир. Ўлим ирмоғининг кирадиган ерлари бор, аммо чиқадиган жойи йўқ. Катта-кичик – ҳамма кўчиб кетади. Кетганлар қайтиб келмайди. Жазм этдимки, ҳаммага бўлган менга ҳам бўлади!

Хотибнинг оташин сўзларини эътибор билан тинглаётган оломон орасида уларга ўхшамаган икки киши бор эди. Бири – аминлиги, ростгўйлиги, ҳалоллиги билан бутун Маккада ном чиқарган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ бўлса, иккинчиси – Қурайш аслзодалари орасида қон даъвосида тортишганларга ҳакамлик қилиб юрувчи бадавлат тожирлардан Абдуллоҳ ибн Абу Куҳофа эди. Биринчиси келажакда Қусс ибн Соида ҳозир башоратини эълон қилаётган Аллоҳнинг охирги пайғамбари рутбасига мушарраф бўлишларини, иккинчиси эса ана шу Аллоҳ Расулининг энг яқин дўсти, вазири, у зотдан кейин Ислом давлатининг биринчи халифаси бўлишларини ҳали билмасдилар. 

Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги элчисига илоҳий ваҳий келтиришига, Хиро ғоридан инсониятга қарата “Ўқи, яратган Раббинг номи билан ўқи!” деган амрлар янграшига ҳали бир оз вақт бор эди. Бу Ислом номли улуғ бир диннинг буюк Аллоҳ томонидан Ер юзига юборилишидан озгина олдин содир бўлган ажиб бир мужда эди...

 


Энг яқин дўст

Неча кунки, Макка ажиб воқеаларни бошдан кечирмоқда. Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан сўнгги ҳақ дин – Исломга инсонларни даъват қилиш вазифаси билан ваҳий нозил бўла бошлади. Биринчи бўлиб Расули акрамнинг покиза завжалари ва содиқ йўлдошлари Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо имон келтирдилар. Унинг ортидан озод қилинган қуллари Зайд ҳам Исломга кирди. Болалардан эса беш ёшли Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу мусулмон бўлди.

Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккада жонажон ва яқин дўстлари бўлиб, унинг исми Абдуллоҳ ибн Абу Куҳофа эди. Абдуллоҳ исмини у кишига Расули  акрамнинг ўзлари танлаб бергандилар. Абдуллоҳ ақл-заковатлари билан бутга сиғинишнинг бемаъни ва ёмон иш эканини англаган, ҳеч қачон бутга топинмаган, оғзига ичкилик олмаган, ҳаммаёқда фаҳш урчиб ётганига қарамай, зинога асло яқинлашмаган, покиза, ҳаниф, ишончли инсон эдилар. Маккада эътибори ва шарафи улуғ, бадавлат тижоратчи бўлган бу зотнинг келажакда Абу Бакр куняси, Сиддиқ лақаби билан Ислом тарихида маълум ва машҳур бўлиб кетишларини Аллоҳ ирода этганди. Икки дўст шунчалик иноқ ва самимий биродарлик ришталари билан боғланган эдиларки, бунга ҳеч нарса раҳна сололмасди. 

Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни истаганлар, у зотни Абу Бакрнинг дўконларидан топишар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса азиз ва амин дўстларининг гапларини икки қилмас, у зот билан фахрланардилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули ўз оила аъзоларидан ташқари биринчи бўлиб Абу Бакрни Исломга даъват қилдилар. Абу Бакр ўйлаб ҳам ўтирмадилар, тараддудланмадилар, иккиланмадилар, мулоҳазалар дарёсида сузмадилар. Қутлуғ даъватга “лаббай” деб жавоб бердилар. “Ла илаҳа иллаллоҳ, анна Муҳаммадан Расулуллоҳ” дея шаҳодат келтирдилар. Ана шу воқеа сабабидан ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърожга чиққанларини эшитган заҳот тасдиқ этганлари учун Сиддиқ лақаби билан шарафландилар. 

Абу Бакрнинг мусулмон бўлишлари Муҳаммад алайҳиссаломга катта ёрдам, далда, рағбат, дастак бўлди. Бу зотнинг ҳимматлари, далолатлари туфайли бообрў кишилардан беш нафари исломият ила шарафланди. Чунки улар Абу Бакрнинг бирон янглиш йўлга бошламасликларига, ҳеч кимни алдамасликларига амин бўлган эдилар. Булар – Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом эдилар. 

Не бахтки, Исломга биринчилардан бўлиб кирган маккалик ана шу саккиз киши, яъни Зайд, Али, Абу Бакр Сиддиқ ва юқоридаги бешовлон “Собиқуни Ислом” номи ила тарих саҳифаларига муҳрландилар.

(давоми бор) (биринчи қисм)

Аҳмад Муҳаммад

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Ашараи мубашшара»: Оламшумул ишлар 

843 18:40 08.08.2022

«Ашараи мубашшара»: Учинчи халифа 

813 17:30 03.08.2022

«Ашараи мубашшара»: Элчилик

874 20:50 02.08.2022

«Ашараи мубашшара»: Олий фазилатлар соҳиби (давоми)

816 19:55 01.08.2022

«Ашараи мубашшара»: Олий фазилатлар соҳиби (давоми)

1068 18:05 31.07.2022

«Ашараи мубашшара»: Олий фазилатлар соҳиби 

1014 17:30 30.07.2022
« Орқага