Асҳоби киромнинг ваъз-насиҳатлари - Муқаддима

21:20 15.05.2018 295

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ўзининг Китобини мўминларга мавъиза ва зикр қилиб нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ягонадир, Унинг шериги ҳам йўқдир. Гувоҳлик бераманки Набиййимиз, имомимиз, саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир. Саҳобаларга вақти-вақти билан, замону маконга қараб, уларнинг ҳолатларига яраша турлича ваъз қилиб турган воизларнинг саййиди Муҳаммад алайҳиссаломга мукаммал ва батамом саловоту дурудлар бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавъизаларини жон қулоқлари билан тинглашда пешқадам бўлган ва биздан фарқли равишда, уларга тўлиқ ва холис амал қилган аҳли байту саҳобаларга қиёматга қадар саломлар ва Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!

Маълумки, Қуръони Карим оятларининг асосий қисми, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ворид бўлган ҳадиси шарифларнинг аксарияти панд-насиҳатлардан иборатдир. Зеро, насиҳат инсон руҳиятига кучли таъсир ўтказиш билан бирга қалблар ҳам унга муҳтождир. Айниқса, қалбни безовта қиладиган ва паришонхотирликни келтириб чиқарадиган дунё ишларига шўнғиб кетганимизда бу ҳожатмандлик яққол сезилади. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобаларга вақти-вақти билан панд-насиҳат қилиб турардилар. Эътибор берайлик, воиз киму тингловчилар ким? Албатта, тингловчилар умматнинг пешқадамлари – улуғ саҳобийлар эдилар. Модомики улуғ саҳобийлар ваъз эшитишга муҳтож бўлган эканлар, аниқки, бизнинг панд-насиҳатга эҳтиёжимиз ундан-да кўпроқ ва кучлироқдир. Панд-насиҳат жаннатга олиб борувчи йўллардан биридир. У ақлни равшанлаштиради, қалбни юмшатади. Насиҳатнинг энг ёрқин натижаси эса мусулмонлар орасида дўстлик ва муҳаббат ҳосил бўлишидир.

Муҳаммад ибн Убода Маофирий айтади: «Абу Шурайҳ Маофирийнинг ҳузурида эдик. Баҳс-мунозаралар кўпайиб кетгач, у зот шундай деди: «Қалбларингизни занг босибди. Холид ибн Ҳумайд Маҳрийнинг олдига бориб, руҳан покланинглар, шариат талаб қилган хислатларни ва қалбни юмшатувчи амалларни ўрганинглар. Чунки бу нарсалар ибодатга иштиёқманд қилади, дунёга бўлган муҳаббатни кетказиб, дўстликка ундайди. Амал қилишни кўзламай, баҳс-мунозарани кўпайтирсангиз, бу иш қалбни қорайтириб, адоват келтириб чиқаради».

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ваъз қилишдаги услуб ва манҳажлари ҳақида фикр юритган одам қуйидаги хулосаларга келади:

1. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ваъзлари икки услубда эди: сўзда ва амалда.

2. Панд-насиҳат қилиб, одамларни чарчатиб қўймас эдилар. «Саҳиҳайн»да Абу Воил Шақиқ ибн Саламадан шундай ривоят қилинади: «Абдуллоҳ одамларга ҳар пайшанба куни мавъиза қилар эди. Бир киши унга: «Эй Абу Абдурроҳман, бизга ҳар куни мавъиза қилишингни истар эдим», деди. Шунда у: «Бундай қилишдан мени ман қилган нарса шуки, сизларга малол келтириб қўйгим келмайди. Мен сизларга мавъизани вақти-вақти билан қиламан, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай – безиб қолишимиздан қўрқиб, вақти-вақти билан мавъиза қилар эдилар», деди».

3. Расулуллоҳ алайҳиссалом вазиятни ганимат билиб, қулай фурсатдан фойдаланишга ҳаракат қилардилар, турли услубу ҳолатларда мавъиза қилар эдилар. У зотнинг амаллари насиҳат, насиҳатлари эса амал эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон воқеани кўриб қолсалар, фурсатни ганимат билиб, саҳобаларига насиҳат ўлароқ ўша воқеага гўзал бир маъно беришга ҳаракат қилардилар.

Жобирдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда кетаётган эдилар, қулоғи калта бир улоқчанинг ўлимтиги олдидан ўтиб қолдилар. У зот атрофларидаги одамларга қараб, улоқчанинг қулоғидан ушлаб, «Қай бирингиз мана шуни бир дирҳамга сотиб олгиси келади?» дедилар. Саҳобалар: «Уни сотиб олгимиз келмайди. Уни нима ҳам қилардик?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Бунинг сизники бўлишини истайсизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳга қасамки, агар у тирик бўлганда ҳам айби бор экан, қулоғи калта экан. Шундай экан, ўлиги кимга ҳам керак бўларди?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, сизларга мана бу ўлимтик эчки қанчалик қадрсиз бўлса, Аллоҳнинг наздида бу дунё ҳам ундан ҳам қадрсиз», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларнинг ёнига бордилар. Асирлар орасида бир хотин бор эди. У айланиб юриб, бирор ёш болани топса, уни олиб, бағрига босиб, эмизар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима дейсизлар, шу хотин боласини ўтга ташлайдими?» дедилар. Биз: «Аллоҳга қасамки, йўқ», дедик. Шунда у зот: «Батаҳқиқ, Аллоҳ Ўзининг бандаларига бунинг боласига меҳрибонлигидан ҳам раҳмлироқ», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъзни умумий қилардилар, «одамларга нима бўлдики, фалон ишни қилишяпти», «баъзилар шундай қилади» каби жумлалар билан хитоб қилардилар. У зотнинг мавъиза қилишдаги асосий услублари шу эди. Камдан-кам ҳолатлардагина, баъзи бир сабабларга кўра муайян бир шахснинг номини тилга олардилар, чунки мавъизада эътиборни бир шахсга қаратиш одамларга малол келади ва оғир ботади.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъзлари қисқа ва сермазмун бўлар эди, зарурат тақозо қилсагина мавъизани узоқроқ қилар эдилар.

Саҳобаларнинг панд-насиҳатларига эътибор берсак, улар ҳам ана шу буюк услубни асос қилиб олишганини гувоҳи бўламиз. Ҳасан Басрий саҳобаларни васфлаганларидек, «Улар бу умматнинг энг яхшилари, қалблари покроғи, илми кўпроғи ва кераксиз ишлардан йироқроғи эдилар».

Саҳобалар ва уларнинг мавъизалари шу каби ҳамда қуйида келадиган афзалликларга эга бўлгани учун уларнинг насиҳатларини тўплаб, Аллоҳ қодир қилганича шарҳ қилиш ихтиёр қилинди:

1. Бу панд-насиҳатлар воизлар саййиди Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шогирдлари томонидан айтилган.

2. Улар бу қадар мустаҳкам илмга эга бўла туриб, ифода учун жуда енгил ибораларни танлашган. Шунинг учун бу насиҳатларни нафақат ўтган асрларда, балки бугунги кунда ҳам тушуниш осон.

3. Бу насиҳатлар қисқа, уларни тушуниш ва татбиқ қилиш осон.

4. Ушбу насиҳатларни айтган зотларнинг ўзлари ҳам кундалик ҳаётларида уларга қатъий амал қилганлар. Китобни ўқир экансиз, бу насиҳатларнинг саҳобалар ҳаётидаги татбиқини осонгина пайқаб оласиз. Насиҳатлар уни айтган кишининг ҳаётида амалий татбиқ қилинган бўлсагина эшитувчига ва ўқувчига кучли таъсир қилади. Ҳамадун Қоссордан «Нима учун салафнинг сўзлари бизникидан фойдалироқ?» деб сўрашганда у киши: «Чунки улар динни азиз қилиш, нафсни қутқариш ва Роҳманни рози қилиш учун сўзлашар эди. Биз эса нафсни азиз қилиш, дунёни излаш ва одамларни рози қилиш учун сўзлаяпмиз» деган эканлар.

Ибн Қоййим саҳобалар ҳақида юқоридаги маънони қуйидагича изоҳлаганлар: «Шак-шубҳа йўқки, улар бу умматнинг қалблари покроғи, илми кўпроғи ва кераксиз ишлардан йироқроғи эдилар. Аллоҳ таоло уларни ўткир зеҳн, фасоҳатли тил, чуқур илм, заковат, гўзал ва тезкор идрок, эътирозсизлик, холис ният ва Аллоҳ таолога тақво каби фазилатлар билан азиз қилган. Мана шу нарса уларни биз эришмаган ютуқларга муваффақ қилди. Араб тилини тушуниш уларнинг табиатларида бор туғма қобилият эди. Дин ҳақидаги соғлом маънолар эса уларнинг ақлию фитратида жамланган эди».

Китобимиз ваъз-насиҳат ҳақида экан, аввало «ваъз» сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари билан танишиб олайлик.

«Ваъз» сўзи қўрқитиш, огоҳлантириш маъноларини англатади. Халил айтадиларки, ваъз – яхшилик билан, қалбни юмшатадиган нарсалар билан эслатма беришдир.

Имом Заҳабий айтадилар: «Ваъз алоҳида бир маҳорат бўлиб, воиздан катта илм талаб қилади, тафсирдан яхшигина хабардор бўлишни ва фақирлару зоҳидлар ҳақидаги ҳикоялардан намуналар билишни тақозо қилади».

Ваъзга тегишли яна бир муҳим тушунча борки, саҳобалар гоҳида ваъзларни хато тушуниб, мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқиб, Пайгамбар алайҳиссаломга мурожаат қилишган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу маънони тўғри тушунтириб берганлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири Абу Рибъий Ҳанзала ибн Рабийъ ал-Усаййидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолдим. «Ҳанзала, аҳволинг қандай?» дедилар. «Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Абу Бакр: «Субҳаналлоҳ! Нималар деяпсан?» дедилар. Мен шундай дедим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга жаннату дўзахни эслатсалар, уларни гўёки кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиқиб, аҳлу аёлимиз, фарзандларимиз ва рўзғоримизга машғул бўлсак, буларнинг (муҳим гапларнинг) кўпини унутамиз». Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, биз ҳам шундай нарсага дуч келамиз», деди. Сўнг Абу Бакр иккимиз йўлга тушдик. Тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик. «Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу нима деганинг?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда ўтирганимизда бизга жаннату дўзахни эслатсангиз, уларни худди кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Лекин ҳузурингиздан чиқиб, аҳлу аёлимиз, фарзандларимиз ва рўзғоримизга машғул бўлсак, кўпини унутиб қўямиз», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менинг ҳузуримдаги ҳолатда ва зикрда бардавом бўлсангиз, фаришталар сизлар билан уйда ҳам, йўлда ҳам учрашиб, қўл бериб сўрашиб, салом-алик қилган бўлишарди. Лекин, ҳолат гоҳ ундай, гоҳ бундай бўлади, Ҳанзала!» деб уч марта айтдилар

Имом Муслим ривояти.

Ибн Жавзий бу сўзларнинг маъносини қуйидагича баён қиладилар:

«Мавъиза эшитиш жараёнида тингловчининг қалбида ўзига хос бир ҳушёрлик ҳолати ҳосил бўлади. Аммо мавъиза ва зикр мажлисидан узилса, қалб яна қотиб, ғафлат боса бошлайди. Мен бунинг сабаби ҳақида кўп фикр юритиб, тадаббур қилиб, ниҳоят топдим. Кўрдимки, инсонларда қалбнинг юмшаши ва яна қайтиб ғафлат босиши турлича бўлар экан. Қалбнинг мавъизадан кейин уни эшитиш пайтидагидек уйғоқ бўла олмаслигига кўпчиликда икки сабаб мавжуд экан:

1. Мавъиза қамчига ўхшайди. Қамчининг оғриғи фақат урилган пайтида бўлади, ундан кейин оғриқ аста-секин босилади.

2. Мавъиза тинглаш пайтида инсон барча иллатдан покиза ҳолатда, жисмию фикри билан дунё ишларидан узилиб, қалбини ҳозир қилиб, воизга қулоқ тутади. Дунё ишларига қайтганда эса дунё уни ўз офатлари билан домига тортади. Шундай экан, қалб қандай қилиб аввалги ҳолатида қола олсин?

Бу ҳолат деярли барча инсонларда учрайди. Қалби уйғоқ инсонлар, тақводорларгина мавъизадан таъсирланиш даражасига қараб турлича бўлишади. Баъзилари ўйлаб ҳам ўтирмасдан, қатъий қарор қилади-да, ҳеч нарсага эътибор бермай, мавъизадан қандай таъсирланган бўлса, ўшандай олдинга қараб бораверади. Уларни нафс ва шаҳватлар тўхтатадиган бўлса, Ҳанзала розияллоҳу анҳу ўзлари ҳақида «Ҳанзала мунофиқ бўлди» деганларидек, нафсларига қаттиқ танбеҳ беришади.

Яна бир тоифа борки, уларнинг табиати баъзан ғафлатга мойил бўлиб, баъзан эса мавъизаларнинг таъсири уларни амалга ундайди. Улар шамол турли томонга оғдириб, эгиб турадиган буғдой бошоғига ўхшайдилар.

Яна баъзи инсонлар борки, худди силлиқ тош устидан сув қуйилганидек, ваъз-насиҳат уларга фақат эшитиш пайтидагина таъсир қилади».

Шу ўринда эслаб ўтиш жоизки, шайх Солиҳ Шомий ўзларининг «Маваъизус-саҳоба» китобларида саҳобаларнинг панд-насиҳатларидан кўп қисмини жамлаш учун кўп меҳнат қилганлар, бор куч-ғайратларини сарфлаганлар. Мен бу китобдан жуда кўп фойдаландим. Шайх Солиҳнинг асосий мақсади саҳобаларнинг ваъзларини жамлашдангина иборат бўлган. Шунинг учун бу ваъзларга ҳеч қандай шарҳ ёки изоҳ ёзмаганлар. Аслида бу ваъз-насиҳатларни гўзал тарзда жамлаганларининг ўзи ҳам мақтовга лойиқ иш. Аммо бу китобдан кўзлаган асосий мақсадимиз саҳобаларнинг панд-насиҳатларини жамлаш билан бирга уларни бугунги кунимизга, яшаб турган ҳаётимизга боғлаш иштиёқида бу ваъзлар далолат қиладиган маъноларини ҳам изоҳлаб, шарҳлашдан иборат бўлди.

Юзлаб ваъзларни кўздан кечириб, шундай хулосага келдимки, саҳобаларга мавқуф бўлган кўпгина ҳадислар баъзи ровийлар томонидан марфуъ ҳолатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари сифатида ривоят қилинган экан.

Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, уламоларимиз панд-насиҳатларни ривоят қилишда уларнинг санадларида муҳаддисларнинг шартларига риоя қилишни қаттиқ талаб қилмаганлар. Муснад китобларга асосланиб, бу ривоятларнинг санадларидан хабардор бўлганимдан кейин мен ҳам уламоларнинг юқоридаги услубларига эргашдим. Лекин имкони борича мункар ҳисобланадиганларини олмасдан, пок шариатга мувофиқ келадиган, унинг асос ва қоидалари инкор қилмайдиганларини йиғишга ҳаракат қилдим.

Мавъизаларни келтиришдан олдин бир муқаддима келтириб, унда саҳобаларнинг фазлига ишора қилиб, Қуръондан, ҳадисдан ва уламоларнинг сўзларидан улар ҳақида ножўя гапириш хатарли эканига далолат қиладиган ҳужжатлар келтирдим.

Аллоҳим! Мен динингни ёйишда хизмат қилган саҳобаларни Ўзингнинг розилигинг учун яхши кўраман. Улар шундай зотлар эдики, хотамул анбиё Набиййингни ҳаётларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам ҳимоя қилдилар. Сен уларни охир замон Пайғамбарингнинг суҳбатига танладинг. Аллоҳим, менга ҳам, бу китобнинг ўқувчиларига ҳам ушбу оятда зикр қилинганларнинг йўлида бўлишни насиб қилгин!

«Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳим мени ҳам, ота-онамни ҳам, оиламни ҳам, устозларимни ҳам ва зиммамда ҳақлари бўлган жамики инсонларни ҳамда ушбу китобнинг ўқувчиларини Қиёматда у зотлар билан бирга қилгин, уларнинг ваъзларидан манфаат олишни насиб айлагин!

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

«Маваъизус-саҳоба»

Доктор Умар ибн Абдуллоҳ   ибн Муҳаммад Муқбил

Таржимон: Амруллоҳ Форсий

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!