Ашраф Ғани толибларнинг Афғонистонда офис очишига қарши эмас

11:30 11.02.2019 314

Афғонистон президенти Ашраф Ғани “Толибон” ҳаракатининг мамлакатда офис очишига рухсат берилишини маълум қилди, дея хабар бермоқда Reuters.

“Агар “Толибон” офис очишни хоҳласа, мен уларга Кобул, Нангарҳор ёки Қандаҳорда имкон яратиб бераман, – деди Ғани Нангарҳорга сафари чоғида. – Биз юртда мустаҳкам ва муносиб тинчликни таъминлаймиз”.

Маълум бўлишича, “Толибон” вакиллари ўтган ҳафта бир қатор шартларни илгари сурган: расмий офиснинг бўлиши, Ғарб санкцияларининг ва “Толибон” вакиллари ҳаракатланишига тақиқнинг бекор қилиниши, маҳбусларнинг озод этилиши ва толибларга қарши “тарғибот”нинг тўхтатилиши.

Шунингдек, “Толибон”нинг Қатардаги расмий вакили Муҳаммад Суҳайл Шоҳин ҳаракатнинг Дохадаги офиси халқаро ҳамжамият томонидан тан олишини муҳим эканини таъкидлаган.

25 февраль куни Қатарда “Толибон” вакиллари ва АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ўртасида навбатдаги маслаҳатлашув бўлиб ўтади. Музокараларда ўт очишни тўхтатиш ва Афғонистонда чет эл қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши муҳокама этилади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!