Ислом

Ашуро кунининг фазилати ва аҳкомлари

1854

"Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир" (Ҳаж сураси, 30‑оят).

"(Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур" (Ҳаж сураси, 32‑оят).

Аллоҳга ҳамд ва Унинг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга салавоту дурудлар бўлсин!

Аллоҳ таоло бандаларига яхшилик йўлларини кўпайтириб, раҳмат эшикларини очди ва бандалар у кунларда ажр ва савобни қўлга киритиши учун уларга хайр ва яхшилик мавсумини неъмат қилиб берди. Мўмин бандалари озгина амал билан улкан ажр ва савобни қўлга киритиши учун Аллоҳ Ўз фазли ва марҳаматини намоён қилди. Бу билан мўминлар ўтказиб юборган савобларга сазоворлиги ҳамда хато ва камчиликлари каффорот бўлиши таъминланади. Ана шу яхшилик ва мағфират мавсумларидан бири Ашуро куни бўлиб, биз ҳозир сизларга ушбу фазилатли куннинг фазли, ҳукми ва тарихидан бироз лавҳаларни улашамиз. Аллоҳдан ушбу мақоламиз манфаатли бўлишини ва ўқувчилар фойдасига ҳужжат бўлишини сўраб қоламиз.

Аллоҳнинг ойларидан бўлган Муҳаррам ойининг фазилати

"Албатта, ойларнинг саноғи Аллоҳнинг наздида, Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида ёзиб-белгилаб қўйганидек ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз! Барча мушриклар (бу ҳукмга қарамай биринчи бўлиб жанг бошласалар), улар сизларга қарши жанг қилгани каби сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз! Ва билингизки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир" (Тавба сураси, 36‑оят).

Изоҳ: Уруш ҳаром қилинган ойлар: Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир. Улардан аввалги учтаси кетма-кет келса, Ражаб ойи орадан беш ой ўтгандан кейин чиқади. Бу тартиб ҳазрати Иброҳим пайғамбар замонларидан бери амал қилиб келинаётган ҳақ ҳукм эди. Лекин кейинчалик айрим араблар бу қонунни бузиб, ўзлари жанг қилиб турган пайтларида мазкур ойлар келиб қолса, уларда уруш қилишни ҳалол қилиб олишар ва кейин ўзлари учун қулай бўлган бошқа ойларни ҳаром ой деб эълон қилар эдилар. Навбатдаги оятда мана шу одат ҳақида сўз юритилиб, унинг диёнатсизлик экани таъкидланади.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон рўзасидан кейин Ашуро рўзасини суннатга киритдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рамазондан кейинги рўзаларнинг энг афзали сизлар Муҳаррам деб атайдиган Аллоҳнинг ойидаги рўзадир. Фарздан кейинги намозларнинг энг афзали тунги таҳажжуд намозидир", дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Ибн Ражаб "Латоифил маъориф" номли китобида зикр қилишича, ушбу Муҳаррам ойини Аллоҳ сўзига қўшиб айтилишида, уни Аллоҳ ўзи белгилаганига ва уни бирор киши ўзгартира олмаслигига ишорадир. Чунки жоҳилият даврида Муҳаррам ойида урушни ҳалол қилиб, унинг ўрнига Сафар ойида ҳаром қилиб олишар эди.

Ибн Ражаб яна "Латоифил маъориф" номли китобида зикр қилишича, солиҳ салафлар учта ўн кунликни улуғлардилар. Улар, Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги ва Муҳаррам ойининг аввалги ўн кунлигидир.

Ибн Ражаб яна: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаррам ойини "Аллоҳнинг ойи", деб номладилар. Бу ойни шарафи ва фазлига ишора қилиб Аллоҳ сўзига қўшиб айтдилар. Чунки Аллоҳ таоло Ўзига хос махлуқотларга Ўз исмини қўшиб айтади. Худди Муҳаммад, Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарларни нисбат қилиб қўшгани каби.

Масалан, ўзининг уйига Ўз исмини қўшиб, "Байтуллоҳ" деб номлаган.

Имом Нававий Саҳиҳи муслимга ёзган шарҳларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Рамазондан кейинги рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг ойи бўлмиш муҳаррамдаги рўзадир", деб айтган ҳадислари шарҳида қуйидаги сўзларни таъкидлаган.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаррамдан бошқа Шаъбон ойида кўп рўза тутганлар. Бу сўзларининг икки жавоби бор:

1. Эҳтимол, Ашуродаги рўзанинг фазилатини ҳаётларининг охирида билганлар.

2. Эҳтимол, Ашуродаги рўза тутиш пайтида сафар ёки беморлик ёки бошқа узр бўлиб қолган.

Ашуронинг тарихий жиҳати

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутишганини кўрдилар. У зот: "Бу нима?" деганларида, яҳудийлар: "Солиҳ кун, бу кунда Аллоҳ Бани Исроил қавмига душманларидан нажот берди. Бас, Мусо алайҳиссалом (бу кунда) рўза тутдилар", деб айтишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусо алайҳиссаломга сизлардан кўра мен ҳақлироқман", деб ўзлари рўза тутиб ва ўша кунги рўзани тутишга амр қилдилар.

Имом Бухорий ривояти.

Имом Муслим ривоятида: "Бу кун улуғ бўлиб, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва қавмларига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилди", бўлиб келган.

Муслимнинг бошқа ривоятида: "Аллоҳга шукр қилган ҳолда биз ҳам рўза тутамиз", бўлиб келган.

Имом Бухорийнинг ривоятида: "Биз У Зотга таъзим қилган ҳолда рўза тутамиз", бўлиб келган.

Имом Аҳмад ривоятида: "Бу кунда кема Жудий тоғида тўхтаб, текис турган. Бас, Нуҳ шукр қилган ҳолда рўза тутганлар", бўлиб келган.

Имом Бухорийнинг бошқа ривоятида: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: "Сизлар Мусога улардан кўра ҳақлироқсизлар, бас, рўза тутинглар", бўлиб келган.

Ашуро рўзаси Пайғамбар алайҳиссалом пайғамбар бўлиб юборилишларидан олдинги жоҳилият кунларида ҳам мавжуд эди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

"Жоҳилият аҳли рўза тутишар эди".

Қуртубий: "Эҳтимол Қурайш бу кунда рўза тутиш билан аввалги ўтган Иброҳим алайҳиссаломнинг шариатига мувофиқ бўлишни исташган", деган.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келишларидан аввал Маккада ҳам рўза тутардилар. Қачонки Мадинага ҳижрат қилгач, яҳудийларнинг ушбу кунни нишонлашларини кўрдилар. Бунинг сабабини сўраганларида юқоридаги жавобни айтишди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларга хилоф иш тутиб, бу кунни ҳайит қилиб олмасликка чақирдилар.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: "Ашуро кунини яҳудийлар ҳайит қилиб олишган эди", деб айтилган.

Имом Муслим ривоятида: "Ашуро кунини яҳудийлар улуғлаб, ҳайит қилиб олишган эди".

Бошқа ривоятда: “Хайбар яҳудийлари уни ҳайит қилиб олишган эди. Ўша кунда уларнинг хотинлари тақинчоқларини тақиб, зийнатланиб олишар эди".

Бу кунда рўза тутишдан мақсад ҳам яҳудийларга хилоф қилиш бордир. Чунки аслида ҳайит куни рўза тутилмайди. Яҳудийлар эса бу кунни ҳайит қилиб олишган.

Ашуро фазилати ҳақида келган ҳадислар:

Абу Қатода ал Ансорийдан ривоят қилинади:

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ашуро кунидаги рўза олдинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлишини Аллоҳдан умид қиламан", деб айтганлар.

Имом Муслим ривояти.

Убайдуллоҳ ибн Абу Язид Ибн Аббосдан эшитганларини ривоят қиладилар:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутиб, мана шу кунчалик фазилатини талаб қилмаганлар. Рамазон ойида талаб қилган нарсаларини бошқа ойда талаб қилмас эдилар”.

Имом Бухорий ривояти.

Аллоҳ хоҳлаган нарсани яратади

Иззуддин Абдуссалом: Макон ва замонни фазилатли бўлиши икки қисмдир:

Биринчиси дунёвий.

Иккинчиси диний фазилат.

Аллоҳ таоло худди Рамазон рўзасини бошқа ойлардан фазилатли қилиш орқали ушбу ойда сахийлик қилганидек, амал қилувчиларнинг ажрини зиёда қилиш орқали ҳам сахий бўлади. Ашуро куни ҳам худди шундайдир. Ушбу кунда ҳам Аллоҳнинг сахийлиги ва эҳсони бандаларига бўлади.

Ашуро куни қачон?

Ибн Қудома ал‑Муғний китобида: "Ашуро куни Муҳаррам ойининг ўнинчисидадир", деб айтдилар.

Саид ибн Мусаййаб ва Ҳасанлар ҳам шу фикрни айтишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунининг рўзасини Муҳаррам ойининг ўнинчисида тутардилар”.

Имом Термизий ривояти.

Арафа куни афзалми ёки Ашуроми?

Ибн Ҳажар "Фатҳул борий" китобларида Имом Муслимнинг Абу Қатодадан марфуъ ҳолда қилган қуйидаги ривоятларини келтирадилар:

"Албатта, Ашуро куни бир йиллик гуноҳларни каффорот қилади. Арафа кунидаги рўза икки йилни каффорот қилади".

Бу гапнинг зоҳиридан Арафа кунидаги рўза Ашуро кунидаги рўзадан афзал экани билинади. Ҳикматда айтилишича, Ашуро кунидаги рўза Мусо алайҳиссаломга мансубдир. Арафа кунидаги рўза Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга мансубдир. Шунинг учун Арафа кунидаги рўза афзалдир.

"Бадоиъ ал Фавоид" китобида келтирилишича, нима учун Ашуро кунидаги рўза бир йиллик гуноҳга каффорот бўлиб, Арафа кунидаги рўза икки йиллик гуноҳга каффорот дейилса, бунинг икки хил кўринишдаги жавоби бордир.

Биринчиси: Арафа куни уруш ҳаром қилинган ойдадир. Бундан аввал ҳам, бундан кейингиси ҳам уруш ҳаром қилинган ойдир. Ашуро эса бундай эмас.

Иккинчиси: Арафа кунидаги рўза шариатимизнинг хусусиятларидандир. Ашуро бундай эмас. Ашуро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракотлари билан қадри баланд бўлган.

Ашуро рўзаси Рамазон рўзаси фарз қилинишидан олдин вожиб бўлганми ёки мустаҳабми?

Уламолар бу ҳақда ихтилоф қилишган. Икки машҳур сўзга биноан тўғрироғи вожиб бўлган. Кейинчалик хоҳлаганлар мустаҳаб маъносида тутишган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам оммани бу рўзани тутишга буюрмаганлар. Балки, Ашуро кунидаги рўза бир йиллик гуноҳга каффорот, Арафа кунидаги рўза икки йиллик гуноҳ учун каффорот, деб айтардилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирида яҳудийлар ушбу кунни ҳайит қилишганидан воқиф бўлгач: "Агар кейинги йилга тирик бўлсам тўққизинчи куни ҳам рўза тутар эдим", деганлар. Бундаги мақсад яҳудийларнинг ушбу кунни ҳайит қилиб олишгани хилоф қилиш мақсадида эди.

Муҳаррамнинг тўққизинчи куни рўза тутишнинг ҳикмати:

"Агар кейинги йилга тирик бўлсам тўққизинчи куни ҳам рўза тутар эдим", деб айтишлари ўнинчи кунга қўшишни мақсад қилганлар. Бу билан эҳтиёт учун ёки яҳудий ва насороларга хилоф қилишни хоҳиши бўлган.

«Қурайш Ашуро куни рўзасини жоҳилият даврида тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг рўзасини тутар эдилар. Мадинага келганларида ҳам унинг рўзасини тутдилар ва тутишга буюрдилар. Рамазон фарз қилингач, Ашуро кунини тарк қилдилар. Ким хоҳласа, унинг рўзасини тутар, ким хоҳласа, тарк қилар эди».

Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийлар Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва: «Бу нима?» дедилар. «Бу солиҳ кундир. Бу кун Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар».

Имом Муслим ривояти.

Ибн Ҳажар: "Нима бўлганида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга эргашиб бу кунги рўзани тутмаганлар. Бундан аввал ҳам Ашуро рўзасини тутганлар. Бу сўзни айтган пайтларида аҳли китобларга мувофиқ бўлишлари ман этилмаган эди”, деган.

Имом Нававий Саҳиҳ муслим китобининг шарҳида қуйидагича келтиради:

Қози Иёз айтдилар: "Эҳтимол Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада бу рўзани тутган бўлишлари мумкин. Кейин тарк қилганлар. Ҳатто аҳли китобларда борлигини билиб, у рўзани тутганлар. Гапнинг қисқаси, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада Қурайш тутгани каби рўза тутганлар. Кейин Мадинага келганларида у ердаги яҳудийлар рўза тутишини кўриб, рўза тутишни бошлаганлар. Албатта бунда ваҳий, мутавотир ёки ижтиҳод билан тутганлар. Уларнинг хабарларини ўзи билан бўлмаган. Валлоҳу аълам”.

Рамазон қазоси борлар Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунги рўзаларни тутадими?

Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунги рўзаларни рамазондаги ойдан қазоси борлар тутиши хатодир. Чунки рамазоннинг қазоси фарз, Ашуронинг рўзаси суннатдир. Суннатни фарздан афзал билиш жоиз эмас. Рамазон рўзасидан қазоси борлар аввал қазони тутишади. Сўнгра хоҳлаган нафл рўзани тутаверишади.

Ашуро кунги рўзанинг тартиблари:

1. Муҳаррамнинг ўнинчи кунги Ашуро рўзасини тутиш билан у куннинг рўзасини тутган бўлади.

2. Ундан олдин ва ундан кейин ҳам рўза тутиш.

Инсон Муҳаррам ойида қанча кўп рўза тутса, ажр‑савоби ҳам шунча кўп бўлади.

Аммо Ибн Аббосдан ривоят қилинган: "Ашуро куни рўза тутинглар, унда яҳудийларга хилоф қилинглар. Ундан аввал ва ундан кейин рўза тутинглар", деб айтилган ушбу ҳадис заифдир.

Ушбу кунларда нафл рўза тутиб ғурурланмаслик.

Баъзи одамлар Ашуро ва Арафа кунги нафл рўзаларни тутиб мағрур бўлиб юришади. Ушбу ғурурланган кишилар аслида Рамазондаги рўза ва беш маҳал ўқиладиган намознинг савоби Арафа ва Ашуро кунги нафл рўзадан анча улуғ ҳамда буюк эканини билишмайди. Модомики, кабира гуноҳлардан четланилар экан, Рамазондан Рамазонгача ва жумадан жумагача бўлган фурсат орасидаги гуноҳлар каффорот қилинади. Аммо булар ҳам кабира гуноҳларни каффорот қила олмайди.

Нафл ибодатига мағрур бўлганлар гуноҳларидан кўра ибодатларини кўп деб билишади. Чунки улар ёмонлик ва гуноҳларини ҳисоблай олишмайди. Агар ибодат қилишса, уни ўз ўрнида ҳисоб‑китоб қилишади. Масалан, ҳар куни тилида истиғфор ва тасбеҳ айтиб юради. Аммо тилини мусулмонларни ғийбат қилишдан, уларнинг обрўсини тўкишдан чарчашмайди. Бундай кишилар тасбеҳ ва таҳлилларнинг фазилати ҳақида фикр юритади аммо ғийбат, ёлғон ва чақимчилик ва шу каби тил офатларининг ёмонлиги ҳақида фикр юритмайди.

Мана шу Ашуро ҳақидаги қисқача баҳсимиз эди. Аллоҳ таолодан ушбу кунги ибодатимизни бизнинг фойдамизга ҳужжат бўлиб, зараримизга ҳужжат бўлмаслигини сўраймиз. Аллоҳ кифоячимиздир.

Анвар Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ашуро куни оиласига кенгчилик қилиб бериш

4066 08:55 08.09.2019

Ашуро қайси кунга тўғри келади?

2573 18:35 06.09.2019

Ашуро куни

1500 12:40 20.09.2018

Ашуро қайси кунга тўғри келади?

2307 12:20 28.09.2017
« Орқага