Ашуро қайси кунга тўғри келади?

18:35 06.09.2019 2369

Шу кунларда кўпчилик Ашуро қайси кунга тўғри келишини муҳокама қилмоқда. Бир қатор дунёга машҳур диний сайтларда келтирилган маълумотларга кўра, Ашуро куни жорий йилнинг 9 сентябрь, душанба кунига тўғри келмоқда.

Шунингдек, юртимизда ҳам Муҳаррам ойининг илк куни 31 августга тўғри келди, бундан келиб чиқиб, ушбу ойнинг 10-куни – Ашуро 9 сентябрга тўғри келади.

Ашуро кунининг фазилати ҳақида турли ҳадислар келган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга (бошқаларни ҳам) буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, инша Аллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кун – Ашуро куни ва ушбу ой, яъни Рамазон ойи рўзасини истаганчалик (интиқ бўлганчалик) бошқа кун ва ойларнинг рўзасини афзал кўрмас эдилар” (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!