Наср

Асир (14-қисм)

444

– Сенга қолса, давлатнинг ҳам шариатчи бўлишини хоҳлайсан, шундай эмасми?

– Бунақа дардим йўқ. Чунки Раббим ҳузурига борганимда, фақат ўзимнинг ҳисобимни бераман. Мендан давлатнинг эмас, ўзимнинг ҳисобим сўралади.

– Унда давлатга душманлик ҳам қилма!

– Мен давлатга душманлик қилаётганим йўқ. Чунки ҳар бир жамият ўзи лойиқ бўлган ҳокимият ва ҳокимлар томонидан бошқарилишини яхши биламан. Шу сабабли мени давлат эмас, жамият қизиқтиради ва энг олдин ана шу жамиятни ташкил этган одамларнинг илоҳий ҳақиқатларга кўра ўзгаришини хоҳлайман. Бугунгача шу айтганларимга амал қилиб яшадим. Аллоҳга қуллик ҳаракатидаги одамларга ҳақиқий қуллик қандай бўлишини тушунтириб келдим, бундан кейин ҳам давом этаман.

Мурат бей: “Ҳа-а, жуда давом этасан...” дегандан сўнг, қўлидаги бўш бардакни хотинига узатди. “Чой олиб кел”, деди. Қўлида бардак билан  Қадрия хоним бироз тараддудланиб туриб қолди. Кейин Нусрат устознинг бўшаган идишини ҳам олиб, ошхонага кетди.

Оҳиста юриб, ошхонага бораётган хоним устознинг мутаассиб таърифига унчалик мос эмаслиги ва ўта ҳақгўйлиги ҳақида ўйларди. Қандай одам экан-а бу!

Қадрия хоним чойларни олиб келиб, нусрат устозга ҳам узатгач, жойига ўтирди. Индамай чой ҳўплаётган эрининг гапиришга оғиз жуфтлаётганини сезган хоним “қўйинг”, дегандек имо қилди. Мурат бей сабабини тушунмаса ҳам, бўйсунди, сукут сақлади. Аслида, Қадрия хоним эрининг бу одам билан гаплашишини истамаётганди. Чунки эрининг савияси устоз билан тортишадиган даражада эмаслигини очиқ-ошкор кўриб турганди. Мурат бейни ҳеч қийинчиликсиз мот қилаётган бу одам билан ўзи баҳслашишни истади. Шу мақсад билан суҳбатга аралашди.

– Нусрат бей, нимаики мавзу бўлмасин, Қуръони каримга боғлашингиз ва Қуръондан келиб чиқиб баҳолашингизга ҳайрон бўлмадим. Чунки мен ҳам Ислом динини “шайхлар”нинг ҳикоялари, “муллалар”нинг хурофотлари эмас, Қуръон билан тушунтирилишини ёқлайман. Қуръони карим томон йўналган одамларнинг онги очиқ бўлиши кераклигига ишонаман. Ўн тўрт аср олдинги бадавийларнинг парда тортилган кўзлари билан Қуръонга назар солишга уринганлар бурнидан нарини кўра олмайди.

Аёлининг гапларини эшитган Мурат бей юзида қувонч акс этди. Хонимни диққат билан тинглаган Нусрат устоз эса ҳозиргина айтилганларни мушоҳада қилар, “ўн тўрт аср олдинги бадавийлар” деганда кимлар назарда тутилганини аниқлашга уринарди. Агар бу билан ўша пайтдаги ҳамма мусулмонларни бадавий деётган бўлса, бу ёндошув катта хато! Ҳеч кимнинг оғиз очмаганини кўрган Қадрия хоним яна сўзида давом этди:

– Айтмоқчи бўлганим шуки, бугун Қуръон йўлидалигини даъво қилаётган кўпчилик Қуръоннинг замонга хос хабарларини тушуниш ўрнига, ўзларининг қолоқ қарашларига кўра изоҳлашади. Ҳақликларини исботлаш учун Қуръондан фойдаланган бу каби кимсаларга парво ҳам қилмаймиз. Зотан, битта оятни турлича тафсир қилган бундай одамлар ҳатто ўзаро келишишолмайди. Менимча, сиз ҳам буни билсангиз керак?..

Хонимни жуда яхши тушунган устоз: “Биламан”, деди. Кейин изоҳ берди:

– Бир хил оятни турлича тафсир қилган одамларнинг энг катта хатоси бу оятларни тафсир қилишга ҳаққим бор деб ўйлашганидир. Ваҳоланки, Қуръондаги бир нечта оят бошқа оятлар билан изоҳланади, тафсир қилинади. Ўз ўзини изоҳлайдиган, ўзи ўзини тафсир қиладиган муфассал китобдир Қуръони карим. Оятларни изоҳлаш ҳақини аввал Қуръонга бермай, ўзларини ҳақли билган кимсаларнинг ўзаро келишолмаслиги табиий.

Қадрия хоним гап бошлаганида Нусрат устознинг Қуръонга ёндошувини билиб олиб, унга кўзларидаги пардани кўрсатмоқчи бўлганди. Бироқ устознинг далиллар билан асосланган сўзларини диққат билан тинглагач, яширин ҳайрат ва маъқуллаш ила қарши олди. Лекин бу одам Қуръонга тўғри ёндошаётган бўлса-да, бошқа томондан асло замонавийликка тўғри келмайдиган шариатчи ҳам-ку! Айни пайтда, Қуръони каримни жуда яхши биладиган кўплаб уламолар бу одамчалик кучли билимга эга эмаслиги ҳам ҳақиқат эди.

– Қуръонга ёндошувингиз тўғри дейлик, бироқ Қуръондан чиқарган хулосаларингиз тўғри деган қаноатим йўқ. Агар шундай бўлганида эди, йигирма биринчи асрда яшаб туриб, ўн тўрт аср олдинги шариатни ҳимоя қилмасдингиз!

– Қадрия хоним, бу мулоҳазаларингизни изоҳлаб беришингиз керак. Бир саволимга жавоб беринг. Аллоҳ таоло яна бир Китоб туширадими?

– Йўқ!

– Қуръон ҳукмлари ўрта асрларга оид бўлса, одамларни ҳеч бир даврда ўз ҳолига ташлаб қўймаслигини билдирган Парвардигор асримиз кишиларини эътибордан четдан қолдирадими? Биз Китобсиз, қоидаларсиз, шариатсиз яшаймизми? Ёки Аллоҳ таоло давримиз кишиларига: “Мен Қуръонни тушираётганимда сизларнинг ўн тўрт аср ўтиб қанчалар ривожланиб, замонавий бўлиб кетишингизни ҳисобга олмабман. Бундан буёғига ўзингиз қонунлар чиқариб, шариатингизни ўзингиз белгилайсиз!” деганми? Ўн тўрт аср олдинги одамлар маҳшаргоҳда Қуръоний ҳукмларга кўра, давримиз кишилари эса башарй қонунлар асосида ҳисоб-китоб қилинадими?

(Давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Асир (16-қисм)

388 21:00 18.02.2020

Асир (15-қисм)

368 21:05 17.02.2020

Асир (13-қисм)

614 21:00 12.02.2020

АСИР (12-қисм)

592 21:00 11.02.2020

АСИР (11-қисм)

621 21:00 10.02.2020
« Орқага