Наср

Асир (15-қисм)

481

Сарҳат Нусрат устознинг нима демоқчилигини тушунди. Дадасининг тунд юзига қараб, мажбуран табассумини йиғиштирди. Фақат Мурат бей эмас, Қадрия хонимнинг ҳам таъби хира эди. Фавқулодда заковатли бу одам айтганлари билан уларни худди мазахлаётгандек эди.

Устоз бирпас саволига жавоб кутди. Кейин яна ўзи гап бошлади:

– Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Сизга бу Китобни Биз туширдик ва сиз бу Китоб хусусида сўралурсиз”, деб огоҳлантиради. Билишингизни хоҳлардимки, мазкур огоҳлантириш фақат ўн тўрт аср аввалги бадавийларга тегишли эмас. Чунки барча замон ва маконларга мос келувчи Китобда баён этилган мазкур умуминсоний хитоб қиёматгача амалда бўлади.

Бу сўзларга эътироз билдиролмаслигини тушунган, бироқ енгилганини тан олишни истамаган Қадрия хоним суҳбат йўналишини ўзгартириш истагида сўради:

– Яшар Нури устозни танийсизми?

– Ҳа.

– Кейинги пайтда фаолиятини диққат билан кузатиб боряпман. Қуръонни жуда яхши билишига қарамай, исломга сизлардек ёндошмайди. Диний қарашларида замонавийлик бор. Динга боғлаб кўрсатиладиган хурофотларга Қуръон оятлари билан раддия беради. Унга ҳеч ким қарши чиқолмайди. Зотан унинг бой билими ва Қуръонни пухта ўзлаштиргани боис ахборот воситалари томонидан ҳам диний катта олим сифатида қабул қилинмоқда.

Охирги жумладан сўнг Нусрат устознинг кулиб қўйганини сезган Қадрия хоним гапини тўхтатиб, “Нега куляпсиз?” деб сўради.

– Бугунги оммавий ахборот воситаларимизнинг аҳволи маълум. Уларнинг кимнидир олдинги қаторда кўрсатишини қадрлаш дейиш тўғримикан?

– Тушунмадим.

– Яшар Нури Қуръонни асос қилиб гапирган айрим ҳақиқатларни  олтмишинчи, етмишинчи йилларда жуда кенг қамровда кун тартибига қўйган мусулмонлар ҳам бўлган. Улардан бири мен доим эҳтиром билан эслайдиган Саид Чекмегилдир. Ҳозир тоби йўқ, Раббим тез кунда комил шифо берсин. Фақат мен тушунмаган бир ҳолат бор, оммавий ахборот воситаларининг бирортаси шундай қийматли одамларни кўрмайди ёки кўрмасликка олади. Ўзи кўрмагани, жамиятга кўрсатмагани етмаганидай, бугунги авлоднинг Қуръон ва суннатдан хабардор илмли кишиларидан ҳам кўз юмади. Энди ўзингиз айтинг, шунча нарсани кўриб-кўрмасликка олаётган газета, журналлар Яшар Нури ва унга ўхшаганларга нега эътибор беради?

– Қуръонга таянишгани, диний масалаларга Қуръонга кўра ёндошишгани учун.

– Бу одамларнинг айрим масалаларда Қуръонга асосланишлари ва одамлар диққатини Қуръонга қаратишлари таҳсинга лойиқ. Бироқ уларга микрофон тутилишининг сабаби бу эмас. Очиқ ифода билан айтганда, бугуннинг матбуоти гапиришига изн берадиган одамлар исломнинг асосий мавзуларига тўхталмайдиган ёки мазкур масалалардаги илоҳий ҳақиқатларни нотўғри талқин қиладиганлардир. Улар оний ҳидоят ила етказишлари керак бўлган илоҳий ҳақиқатларни гапира бошлашса, микрофон эгалари ўша ондаёқ овозларини ўчиришига шубҳам йўқ.

– Бу – сизнинг гумонингиз!

– Гумон эмас, хоним, мен кўрган, гувоҳи бўлган ҳодисалар булар. Масалан, анча йил олдин 6-Каналда Аҳмад Алтан билан Нашъа исмли бир аёл олиб борадиган жонли кўрсатув бўларди. Исломий партиялар муҳокама қилинадиган бу кўрсатувга, адашиб бўлса керак, раҳматли Аржуманд Ўзкан таклиф этилганди. Кўрсатувда қатнашаётган барча партия тарафдорларини Қуръоний ҳақиқатлар билан ҳеч қийналмай мот қилган Аржуманд Ўзкан қайтиб экранларда кўринмади. Ваҳоланки, юқори рейтинг кўрсатгичлари бўйича рекорд натижа қайд этган бу кўрсатувда тақиққа учраган камолизмни эмас, телевединие ҳам қарши бўлган исломий партияларни танқид қилган, уларнинг хатолари, тутуруқсизликларини кўрсатиб берганди.

– Исломий партияларга қарши бўлган ахборот воситалари бу одамдан нега фойдаланишни хоҳламади? – сўради Сарҳат.

– Ундан фойдаланишолмасди. Чунки раҳматли Аржуманд Ўзкан ботилни танқид қилиб, ботилга қарши чиқаркан, микрофон тутганлар “Жим!” деса, тўхтамас, ҳақиқатни айтишдан қайтмасди. Табиийки, ҳаққа, ҳақиқатга эшиклари ёпиқ бўлган оммавий ахборот воситалари учун асло кечирилмайдиган айбдир бу!

Қадрия хоним асабий оҳангда:

– Яъни телевизорларда ҳечам тўғри гап айтилмайдими? – деди. – Жаноб Яшар Нури каби илмли кишиларнинг ҳамма сўзлари янглишми? Шундай демоқчимисиз?

– Энг олдин шуни айтай, мен шахсларга тўхталишни истамайман. Шунингдек, “Бу одамларнинг ҳамма гапи хато!” деганим ҳам йўқ. Таъкидлаб айтаманки, бундай кимсаларнинг қатор масалаларда Қуръонга ёндошувлари тўғри бўлса-да, дин номидан билдираётган фикрлари ва қилаётган даъватлари ботилдир”.

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Асир (37-қисм) (сўнгги қисм)

385 21:00 04.04.2020

Асир (36-қисм)

313 21:00 03.04.2020

Асир (35-қисм)

318 21:00 02.04.2020

Асир (34-қисм)

325 21:00 01.04.2020

Асир (33-қисм)

309 21:30 31.03.2020

Асир (32-қисм)

520 21:00 28.03.2020
« Орқага