«Асосий вазифаси халқ ва давлатни ҳимоя қилиш бўлган аскарлар, мустабид ҳукмронлар қўлида халққа қарши воситага айланди»

14:00 06.06.2019 728

Куни кеча Суданда армия тинч аҳолига қарши ўқ узиб, намойишни бостирди. Халқ ҳарбийлардан ҳокимиятни фуқароларга топширишни ва армия ўз иши билан шуғулланиши лозимлигини талаб қилиб чиққанди. Жуда кўп қон тўкилди.

Халқига қарши бемалол қурол ўқталиш кейинги пайтда араб армияларида одатий ҳолга айланди. Кузатувчиларга кўра, бунинг асосий сабаби ҳарбий зобитларнинг хорижда, хусусан ғарбда таълим олиши ва малака оширишидир. Бу ҳолат армиянинг табиатини ўзгартириб юборяпти. Асосий вазифаси чегара, халқ ва давлатни ҳимоя қилиш бўлган аскарлар, мустабид ҳукмрон ва мустамлакачилар қўлида халққа қарши воситага айланди.

Шу сабаб, мен четдан келган ва бизнинг таълим тизимимизга қизиқиш билдирганларга нисбатан қаттиқ шубҳа билан қарайман. Ҳозир уларга сизнинг ер ости ё усти бойлигингиз ёхуд халқ ва заминингизни босиб олиш муҳим эмас. Элитангизнинг онги ва фикрига эга чиқишса, шу кифоя. Қолганини ўзингиздан чиққанлар “эплаб“ беришади. Бунинг учун эса таълим тизгинини қўлга олиш керак бўлади.

Кучли давлат ва миллат бўлишни хоҳлаганлар таълимга қаттиқ эътибор берадилар. Бошқалар тажриба ва ютуқларидан фойдаланган ҳолда, бегона кўзларнинг “назар“ларидан эҳтиёт бўладилар. Акс ҳолда, Миср ва Суданда бўлгани каби бор-йўқларидан бир кунда ва абадий маҳрум бўладилар.

Нафақат ғарбдан эҳтиёт бўлиш керак, дейман. Ўрни келганда араблар, хитой ва умуман шарққа ҳам ҳушёр туриш керак. Фақат уларни эсламаганим сабаби, арабнинг кучи йўқ бўлса, хитойнинг услуби бошқа. Рус эса айиқларча қўпол ўйин қилади. Айёрона сиёсат кўпроқ ғарбга хос. Шунинг учун ғарбни эсладим.

Миллий манфаат (миллатчилик эмас!) нуқтаи назаридан айтганда, ўзгалардан эҳтиёт бўлиб, ўзимизнинг илмий салоҳиятимизни оширишимиз керак. Эҳтиёт деганда, ютуқ ва тажрибаларни ҳам улоқтирадиган даражадаги жоҳилона тутумни эмас, ҳолатни нозик англайдиган - фаросат ва заковат ила юргизиладиган сиёсатни назарда тутдим.

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!