«Аср келишуви» Яқин Шарқдаги можароларнинг тинч йўл билан ҳал бўлишига хизмат қиладими? (1-қисм)

00:15 16.07.2019 2088

Қарийб бир ярим йилдан буён АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан “аср келишуви” деб ном берилган Американинг Яқин Шарқдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш режаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳужжат кимнинг манфаатларига кўпроқ хизмат қилади? АҚШ таклифлари Фаластин ва ислом уммати учун қанчалик зарар келтиради, келишувга розилик мағлубиятни тан олишни англатадими? “Аср келишуви”нинг қабул қилинишида Форс кўрфази давлатлари, хусусан Саудия Арабистони ва Эрон иштироки ва ўрни қай даражада?

Таъкидлаш жоизки, Дональд Трамп президентликка келганидан буён ушбу режа ҳақида сўз боради. Бироқ ҳалигача ҳужжат эълон қилингани йўқ. Хусусан, режа тафсилотларини аввалига шу йилнинг 9 апрелида, сўнгра июнь ойида, Рамазон байрамидан кейин эълон қилиш айтилган бўлса ҳам, бу иш яна номаълум муддатга қолдирилди.

“Келишув” тафсилотлари ҳали эълон қилинмагани билан, ОАВда АҚШнинг исроилликлар ва фаластинликлар учун эҳтимолий таклифлари борасида турли талқинлар эълон қилинмоқда. Бироқ ҳеч ким “аср келишуви”нинг мавжудлигини тасдиқлагани йўқ. Яқин шарқдаги сиёсатчилар – президент ва қироллардан ташқи ишлар вазирларигача – ҳужжатни кўрмаганини таъкидламоқда.

Бироқ “аср келишуви”ни тайёрлашга масъул бўлган АҚШ президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер ҳамда халқаро музокаралар бўйича Оқ уй махсус вакили Жейсон Гринблатт томонидан режанинг айрим бандлари ошкор қилинган. Жаред Кушнернинг сўзларига кўра, Америка режаси сиёсий ва иқтисодий қисмдан иборат бўлиб, унда Вашингтон маъмурияти томонидан бунга қадар Яқин Шарқда тинчликка эришиш бўйича худди шунга ўхшаш уринишлар ҳам ҳисобга олинади.

Жорий йил январь ойида Исроилнинг “10-канал” телеканали АҚШ Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида (бироқ Ғазо секторида эмас) мустақил Фаластин давлатини барпо этиш, яҳудий аҳоли пунктлари қурилишини тўхтатиш ва янги мустақил Фаластин давлатига Шарқий Қуддуснинг айрим туманлари беришни режалаштираётгани ҳақида хабар қилган эди. Американинг CNB News телеканали эса “аср келишуви“ ер алмашишни назарда тутишини маълум қилган. Унга кўра, Фаластин Ғарбий соҳилнинг 85-90 фоиз қисмини олади, у ердаги яҳудий аҳоли пунктлари Исроилга кўчирилади. Ливаннинг “Ал Маядин” телеканали маълумотларига кўра, АҚШ Фаластин президенти Маҳмуд Аббосга Иордания билан конфедерация тузишни таклиф қилган, бироқ у бу таклифни рад этган.

Исроилнинг “Исраэль а-Йом” (“Исроил бугун”) газетаси эса мамлакат Ташқи ишлар вазирлигидаги ахборот манбасига таяниб АҚШ режасида қуйидаги бандлар мавжудлигини тахмин қилган:

Исроил, Фаластинни озод қилиш ташкилоти ҳамда “Хамас” ўртасида “Янги Фаластин” деб номланиб, яҳудий аҳоли пунктлари банд этган ҳудудларни истисно қилган ҳолда Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ҳамда Ғазо секторида жойлашган Фаластин давлатини ташкил тўғрисида уч томонлама келишув имзоланади.

Яҳудий аҳоли пунктлари Исроил бошқаруви остида қолади ва уларга изоляция қилинган аҳоли пунктлари қўшилади. Блоклар майдони изоляция қилинган аҳоли пунктлари қўшилиши билан кенгаяди.

Қуддус иккига ажратилмайди ва Исроил ҳамда “Янги Фаластин”нинг бирлашган пойтахти бўлади. Шаҳарнинг араб миллатига мансуб аҳолиси “Янги Фаластин” фуқароларига айланади. Яҳудийларга арабларнинг, арабларга яҳудийларнинг уйларини сотиб олишига рухсат берилмайди. Қуддусга бошқа ҳеч қандай туман ҳудуди қўшилмайди. Муқаддас жойлар мақоми ўзгармайди.

Миср Фаластинга аэропорт, фабрикалар, экинзорлар ва савдо учун Ғазо сектори яқинида ер майдонларини ижарага беради. Ҳудудлар ҳажми ва ижара нархлари битимни қўллаб-қувватловчи мамлакатлар воситачилигида томонлар ўртасида аниқлаб олинади.

Қўллаб-қувватловчи мамлакатлар – Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва Форс кўрфазининг нефть қазиб олувчи давлатлари “Янги Фаластин” учун миллий лойиҳаларини амалга оширишга 5 йил давомида 30 миллиард доллар тақдим этади. Ушбу маблағнинг 20 фоизини АҚШ, 10 фоизини Европа Иттифоқи ҳамда 70 фоизини Форс кўрфази давлатлари (нефть қазиб олиш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади) тўлайди.

“Янги Фаластин”нинг армияси бўлмайди. Фақатгина полицияда енгил қуроллар бўлади. Исроил ва “Янги Фаластин” ўртасида мудофаа тўғрисидаги битим имзоланиб, унга кўра Исроил фаластинликларни ташқи тажовузлардан ҳимоя қилади. Бунинг учун тўлов қиймати “қўллаб-қувватлаш давлатлари” воситачилигида томонлар ўртасида келишиб олиниши лозим.

Келишувни имзолашда “Ҳамас” ўз қуролларини топшириши, ҳаракат аъзолари эса Фаластин ҳукуматини ташкил этиши учун “қўллаб-қувватлаш давлатлари”дан ойлик маошларини олишда давом этади. Фаластиндаги сайловлар бир йил ичида ўтказилиши керак. Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбуслар сайловдан бир йил ўтиб уч йил давомида озод қилинади.

Шунингдек, Исроил ва Мисрга товар ва ишчиларнинг ўтиши учун йўлларнинг очилиши тахмин қилинмоқда. Беш йил давомида “Янги Фаластин”да денгиз порти ва аэропорт ишга туширилади. Бунгача Исроилдаги аэропорт ва денгиз портидан фойдаланилади. Янги Фаластин ва Исроил ўртасидаги чегаралар фуқаролар ва товарлар ўтиши учун очиқ бўлади. Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини боғлаш учун 30 метр баландликда автомобиль йўлини қуриш режалаштирилмоқда. Қурилиш ишлари билан Хитой компанияси шуғулланади. Лойиҳанинг 50 фоизини Хитой, 10 фоизини Япония, 10 фоизини Жанубий Корея, 10 фоизини Австралия, 10 фоизини Канада, АҚШ ва Европа Иттифоқи эса қолган 10 фоизини молиялаштиради.

Иордан дарёси водийси Исроил қўлида қолади. 90-шоссе (Исроил шимолини жануб билан боғлайди) пулли бўлади. Унинг тўрт қатори бўлиб, иккитасидан Исроил, иккитасидан “Янги Фаластин” фойдаланади.

Агарда “Ҳамас” ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти АҚШ таклифини рад этса, АҚШ фаластинликларга ўз молиявий ёрдамини тўхтатади ва дунёдаги бирорта давлатнинг уларга пул беришига йўл қўймаслигига эришади.

Агарда Фаластинни озод қилиш ташкилоти келишувга рози бўлиб, “Ҳамас” ёки “Ислом жиҳоди” рози бўлмаса, ушбу ҳаракатлар етакчилари жавобгарликка тортилиб, Исроил ва “Ҳамас” ўртасидаги кейинги тўқнашувларда АҚШ Исроилни қўллаб-қувватлайди ва ушбу ташкилотларга шахсан зарар етказишга киришади. Агарда Исроил ушбу келишувга қарши бўлса, Исроилни иқтисодий қўллаб-қувватлаш тўхтатилади.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ фаластинликларга молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатган. Фаластин раҳбарияти эса аввал бошданоқ АҚШнинг барча режаларини рад этиб келмоқда. Фаластин сиёсий тадқиқотлар маркази томонидан ўтказилган сўровда 90 фоизгача фаластинликлар “Аср келишуви”га қарши. Фаластинни озод қилиш ташкилоти тарқатган баёнотда Оқ уй “иқтисодий фаровонлик сароби”ни таклиф этмоқда ва у фаластинликларнинг чет эл маблағларига қарамлигини оширишгагина хизмат қилиши айтилади.

Араб матбуоти Вашингтон ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормалари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан қабул қилинган резолюция ва қарорларга қарши эканини ёзмоқда. Айниқса АҚШ таклиф этаётган шартнома Исроил манфаатларига тўлақонли мос келиб, фаластинликларни ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳамда мустақил Фаластин давлатини барпо этиш ҳуқуқидан маҳрум этади. Оқ уй Фаластин иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида ажратилиши кўзда тутилган 30 миллиард долларлик молиявий ёрдам ортида ёлғон ва айёрлик яширинганини таъкидлаган Фаластинни озод қилиш ташкилоти Сиёсий бюроси аъзоси Моҳир Ал Тоҳир унинг ташкилоти тўлиқ ғалабага қадар қаршилик кўрсатишда давом этишини маълум қилди.

Шу билан бир қаторда, Исроил ҳам “аср келишуви” борасида қатъий тўхтамга келгани йўқ. Бунга аввало мамлакатдаги сиёсий вазият тўсқинлик қилмоқда. Маълумки, 9 апрел куни мамлакатда муддатдан аввалги парламент сайловида Бинямин Нетаняхунинг (2009 йил 31 мартдан буён ҳокимиятда қолмоқда) “Ликуд” ўнгчилар партияси ғалаба қозонгач, у белгиланган муддатда коалицион ҳукуматни шакллантира олмади. Ортодоксал яҳудийларни Исроил армиясига чақириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ўта ультра диний ШАС ва “Тора яҳудийлари” партиялари ўртасидаги можаро сабабли коалицион ҳукуматни шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар барбод бўлди ва натижада май ойи охирида мамлакат Кнессети (парламенти) тарқатиб юборилиб, 17 сентябрда қайта сайловлар ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. “Аср келишуви” муҳокамалари ҳам энг камида кузга қадар кечиктирилди.

Санжар Саид

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!