Асримизда Исломга чақирувчиларнинг энг катта хатоларидан бири

22:00 14.02.2019 4754

Кеча Рожиҳий фонди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида ва Мадина Ислом Университетида тафсир илмидан дарс берувчи буюк муфассир олим Абдуллоҳ Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ билан учрашув ташкил қилди.

Ҳар бир гапи ҳикмат ва илмга тўла шайхнинг насиҳатларидан баъзиларини сиз азизлар билан баҳам кўрсам:

– Ўзингиздан олдингилар етиб келган жойдан давом эттиринг. Асримизда Исломга чақирувчиларнинг энг катта хатоларидан бири – ҳар бири ўзининг Ислом марказлари, ўзининг вебсайтлари ва мадрасалари бўлишини хоҳлайдилар. Пул ва раҳбарликни талашишлари сабаб тарқоқликда заиф бўлиб юрадилар. Бундай бўлмаслиги учун исломий ташкилот ёки вебсайт бўлсин, лажна тузиб, жамоа шаклида бошқарувни йўлга қўйиш керак.

– Ризқингиз даъватингиздан бўлмасин. Бошқа даромадингиз бўлсин.

– Илм олишдан мақсад – шукр қилишни ўрганишдир.

– Энг қадрли мулкимиз – вақтимиз.

– Илм олинг, динни либос қилинг ва режа билан яшанг.

– Диалог эшигини ёпмангки, доимо диний низолар 4 ҳолатдан бири бўлади:

1. Менда далил, сизда далил – унда ҳамма ўз фикрида қолса зарари йўқ.

2. Менда далил бор, сизда йўқ – мен томонга ўтасиз.

3. Менда далил йўқ, сизда далил бор – сиз томонга ўтаман.

4. Иккаламизда ҳам далил йўқ – демак тортишишдан фойда йўқ.

(Мужтаҳид эмас, муқаллид бўлган одам юқоридаги тўртала ҳолатда «далил» сўзи ўрнига “имом” сўзини қўйиб ўқийди.)

Одамлар Исломни хулқингизга қараб қабул қиладилар, далилларингизга қараб эмас.

– Тафсир – ўзида бор илмларни Қуръонни тушунишга хизмат қилиш илмидир. Шундай экан, муфассир қанчалик кўп илмларни билса, шунчалик Қуръонни яхшироқ тушун(тир)а олади.

– Душманларимиз бизни икки нарса билан мағлуб қиладилар:

1. Тажҳил – жоҳилга, илмсизга айлантириш.

2. Таскит – овозимизни ўчириш.

Демак, вазифамиз – кўпроқ илм олиб, кўпроқ илм тарқатиш бўлмоғи керак.


Маҳмуд УСМОН
Мадина Ислом Университети талабаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!