Атеист билан савол-жавоб

15:00 11.08.2018 4055

Доктор Музаффар Қосим ҳикоя қилади:

2007 йил Лондондаги араб ресторанларидан бирида кечки таомни тановул қилиш учун кун ботар вақти жамландик. Шом вақти кириб қолгани туфайли суҳбатдошлардан бир неча дақиқага рухсат олиб намоз ўқиб келдим.

Ибодатимни бажо этиб қайтар эканман, меҳмонлардан бири "қаерда эдингиз, жуда кеч қолиб кетдингиз-ку?" деб қолди.

– Узр, намоз ўқиётгандим.

– Табассум қилган ҳолида: “ҳалигача намоз ўқиб юрибсизми-а? Эй Ўртоқ, сиз эскичилигингизни қўймадингиз-да”.

– Мен ҳам табассум ила: “Эскичи? Нима учун? Аллоҳ фақат араб давлатларида мавжуд-у, Лондонда Худо йўқми?”

– Доктор, сизга бир қатор саволларим бор, фақат илтимос, тоқатли бўлинг, сизни кенгбағир инсонлардан деб ўйлаймиз.

– Албатта, мен бундай суҳбатдан жуда-жуда хурсанд бўламан, фақат менинг ҳам битта шартим бор.

– Марҳамат

– Саволларингиз тугаганидан кейин сиз ғалаба қозонганингиз ёки мағлуб бўлганингизни очиқ эътироф этишингиз керак! Келишдикми?

– Келишдик. Бу ваъда!

– Ундай бўлса баҳсни бошладик, марҳамат.

– Сиз қачонлардан бери намоз ўқийсиз?

– Етти ёшимдан бошлаб ўрганганман. 9 ёшлигимда мукаммал даражада ўзлаштириб олганман. Ҳеч қачон тарк қилмаганман ва иншааллоҳ ҳеч қачон тарк этмайман ҳам.

– Яхши. Фақат ўлганингиздан кейин (нариги дунёда) жаннат ҳам дўзах ҳам, жазо ҳам савоб ҳам йўқлигини англаб етсангиз нима қиласиз?

– Майли, мен сизга тоқатли бўламан, сизнинг назариянгиз бўйича баҳсни давом эттираман. Фараз қилайлик, жаннат ҳам дўзах ҳам, азоб ҳам савоб ҳам йўқ экан, нима қиламан? Ҳеч нарса қилмайман. Чунки мен Али ибн Аби Толиб айтганларидек: "Эй Илоҳим, мен Сенга ибодатга ҳақли Зот бўлганинг учун ибодат қилиб яшайман!". Яъни, дўзах йўқ, жаннат йўқ, дейилган тақдирда ҳам барибир Аллоҳга ибодат қилиб яшайман.

– Ўнлаб йиллар давомида ўқиб юрган намозларингиз нима бўлади? Намоз ўқимаган одам билан ўқиган одамнинг орасида ҳеч қандай фарқ йўқ, демак. Сақар (дўзах) йўқ демак.

– Ҳеч қачон афсус чекмайман. Чунки бу намоз ҳар куни менинг бор-йўғи бир неча дақиқалик вақтимни олади холос. Бу намозларим ҳеч бўлмаганда мен учун баданий тарбия – жисмоний машқ бўлади.

– Хўп, майли, тутган рўзаларингизчи? Хусусан, мана ҳозир Лондондасиз. Бу ердаги рўза 18 соатдан ҳам кўпроққа чўзилади.

– Рўзам ҳам ҳеч бўлмаганда руҳий тарбия бўлади. Чунки рўзанинг соғлиққа ҳам фойдалари кўп ва у инсоннинг руҳини, виждонини ҳам чиниқтирадиган олий даражадаги тарбия воситаларидан бири. Рўза менинг шу дунё ҳаётим учун кўпдан-кўп фойдалар келтирди. Мана сиз ўзингиз мусулмонларнинг эмас, балки халқаро майдонда эътироф этилган тиббиёт оламининг баёнотлари билан кенгроқ танишиб чиқишингиз мумкин, маълум муддат ҳеч қандай таом емай туришнинг инсоннинг аъзои жисмига жуда катта манфаати борлиги очиқ-ойдин кўрсатиб берилган.

– Ароқ ичиб кўрганмисиз?

– Йўқ, асло.

– Сиз ўзингизни ўзингиз мана бу ҳаётда ароқ лаззатидан, кайфу сафолардан маҳрум этиб ўтишингиз ҳақида нима дейсиз, менинг назариям бўйича – дўзах ҳам жаннат ҳам йўқлиги рост эканлигини аниқ билганингиздан сўнг?

– Фойдасидан кўра зарарлари кўп бўлган бу ароқдан мен ўзимни ҳимоя қилган, асраган бўламан. Ароқ туфайли қанча-қанча одамлар оғир касалликларга гирифтор бўлиб ётибди, қанча-қанча одамлар ароқни деб ўз уйини, оила, бола-чақасини вайрон қилган. Юқорида айтилганидек, халқаро майдондаги ғайриисломий илмий марказлар томонидан эълон қилинган тадқиқотларга боқинг, улар ароқнинг зарарли асоратлари, ароқхўрликнинг ваҳимали оқибатлари ҳақида барчани қаттиқ огоҳлантириб келишмоқда.

– Хўп, майли, энди ҳаж ва умрага боришларингизга тўхталсак, сиз ўлганингиздан кейин қарасангиз на жаннат бор, на дўзах бор, ҳатто Аллоҳ дегани ўзи йўқ нарса эканлигини аниқ билган пайтингиз, ҳаж ва умра деб ҳаётингиздан бир қисмини қанча-қанча машаққатлар билан беҳуда ўтказиб юборганингизга ачинмайсизми? Роса алам қилса керак?

– Сизнинг барча саволларингизга тоқатли бўламан деган ваъдамга биноан жавоб беришда давом этаман. Ҳаж ва умрани ҳам ўзига хос бир гўзал саёҳат деб ҳисоблайман. Бундай саёҳат асносида руҳимни поклаб, ичимни маънавий тозалик ила яхшилаб ювиб – оппоқ қилиб олгандек бўламан. Сиз ҳам масалан ишларингиз кўпайиб кетиб, қаттиқ чарчаган пайтларингиз, чарчоқларингизни чиқариш мақсадида, кундалик тартибга боғланиб қолишдан ҳам бироз муддат озод бўлиш учун узоқроқ минтақаларга сафарга чиқиб турасиз-ку, ўшандай жойларга маълум бир даражадаги хавфу хатар ва машаққатларга рози бўлиб бориб дам олиб, яйраб келасиз. Ҳаж ва умра сафарлари ҳам шунга ўхшаш бир саёҳатдек гап. Мен мана шу тарзда яйраб келишни яхши кўраман.

Атеист меҳмонимиз ўзининг барча саволларини сўраб тугатганидан, менинг ушбу жавобларимни эшитиб чиққанидан кейин юзимга тикилиб қараб, бироз жим бўлиб қолди. Кейин айтдики:

– Раҳмат сизга, саволларимга ҳақиқатан ҳам бағрикенглик ила ўз қарашларингизни баён этиб жавоб бердингиз. Менинг саволларим тугади. Саволларимга жавоб бера олганингиз учун мен ўзимни мағлуб бўлганимни эътироф этаман.

– Сиз мағлуб бўлганингизни эътироф этар экансиз, менинг ичимдан қандай ҳис-туйғулар ўтяпти деб ўйлайсиз?

– Албатта сиз ҳозир ич-ичингиздан жуда шод бўлиб ўтирибсиз.

– Йўқ, асло, бутунлай тескари ҳолат. Мен жуда хафаман.

– Хафасиз? Нима учун?

– Энди савол бериш навбати менда, сиздан сўрайдиган саволимни сўрашим керак.

– Марҳамат, сўранг.

– Менинг сиздан сўрайдиган бир қатор саволларим йўқ, фақат биттагина саволим бор холос, жуда ҳам оддий савол.

– Нима экан у?

– Сизнинг назариянгиз тўғри бўлиб чиққудек бўлса мен ҳеч нарса йўқотмаган бўлишимни айтиб бердим. Энди сизнинг назариянгизнинг тескарисини тасаввур қилиб кўришимиз керак. Сиз ўлганингиздан кейин Аллоҳ таоло ҳақиқатан ҳам мавжуд Зот, Аллоҳ Қуръонда васф этган Қиёматдаги барча ҳолатлар ҳақиқатан ҳам бор нарса эканлигини ўз кўзингиз билан кўрган пайтингиз сизнинг аҳволингиз қандай бўлади? Ўша пайт сиз нима қиласиз?

Атеист меҳмонимиз саволимни эшитар экан, кўзларимга қараб қотиб турар эди. Лаблари умуман қимирламади. Узоқ вақт тикилганича қараб қолди.

Кейин мен яна сўзимда давом этиб: “бу саволнинг жавобини ҳозир айтишингизни талаб қилмайман, ҳозир бошқа мавзуларда суҳбатлашиб, бемалол овқатланиб ўтираверайлик. Жавобингизни кейинчалик, қачон бўлса ҳам тайёр қилиб бўлсангиз айтарсиз, лекин албатта жавобингизни кутиб қоламан”.

Овқатланиб бўлиб, ҳаммамиз ўз йўлимизга равона бўлдик. Орадан бир ой ўтди.

Бир ойдан сўнг телефонимга қўнғироқ келди, қарасам ўша биродар. Гаплашдик. Бир ой олдинги ресторанда яна бир бор ўчрашишга келишдик.

Учрашувга боришим билан биродаримиз мени қаттиқ қучоқлаб олди, кўзларидан тўхтамасдан ёшлар оқарди, йиғлаган ҳолида анча вақтгача мени қўйиб юбормади.

– Нима гап биродар?

– Ташаккурларимни изҳор этиш, ваъда берганимдек жавобимни айтиб қўйиш учун сизни чақирдим. Намозни ташлаб юборганимга 20 йил бўлган эди. Алҳамдулиллаҳ қайтадан намоз ўқишни бошладим. Ўтган сафарги суҳбатимиздаги саволингиз бир ойдан буён миямга қаттиқ ўрнашиб олиб, хотиржам ухлашга ҳам қўймади. Охири ич-ичимдан вулқон каби таъсирли туйғулар отилиб чиқа бошлади. Ва ниҳоят бутунлай бошқа бир инсонга айландим, аъзои баданимда янги бир руҳ пайдо бўлгандек, ажойиб бир роҳат-фароғатда яшай бошладим. Хуллас, биродарим, сизга чин қалбимдан раҳмат айтаман. Қалб кўзим очилишига сабабчи бўлдингиз.

Вассалому алайкум...

Арабчадан Муҳиддинхон таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!