Атир ҳиди (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

23:00 10.06.2019 994

Бир одам хушбўй атирлар сотиладиган бозордан ўтар экан, ҳушидан кетиб йиқилди. Муаттар ҳидлар кишининг бошини айлантириб қўйганидан бечора йўлда узаниб қолди. Одамлар атрофига тўплана бошлади. Улар бу бечорага ёрдам бермоқчи бўларди.

Бири қўлини кўксига қўйиб юраги уриб-урмаётганини текширар, бошқаси эса юзига гул сувидан сепар, унинг айнан шу сувдан беҳуш бўлганини билмасди. Биров ҳарорати тушсин деб, пешонасига ҳўл сомон қўяр, бошқаси эса малҳам тайёрламоқчи бўлар, яна кимдир тоза ҳаво олдиришга уринарди. Бири томир уришини текширар, яна бири “сарҳуш эмасми” дея оғзини ҳидларди. “Фалончи ҳушидан кетиб бозорнинг ўртасида ётибди” деган гап тезда ҳаммаёққа тарқади. У тери ошлайдиган уста эди. Ақлли, фаҳм-фаросатли укаси бор эди. Унга ҳам бу хабар етиб келгач, акаси томон югурди. Ўзи билан бирга итнинг ахлатидан ҳам олган эди. Атрофдагиларга қарата: “Мен акамнинг нега ҳушидан кетганини биламан. Сабабини аниқлагач шифо топиш осон бўлади”, деди.

Кейин ўзига ўзи:  “Мана ахлат ҳиди бунинг бутун вужудига сингиб кетган. Чунки у шу орқали тирикчилигини юрғизган, мана шу сассиқ ҳид ичида эрталабдан кечгача териларни йиғиб тайёрларди. Умрида биринчи марта атир бозоридан ўтиши, шу хушбўйлар буни ҳушидан кетқизган!”, деди.

Укаси “дори”ини ҳеч ким кўрмасин деб, атрофдагиларни узоқлаштирди. Сўнг ахлатни акасига ҳидлатди. Бироз ўтгач одам ҳушига келди. Томоша қилиб турганлар эса ҳайратланиб: “Бу одам касалга бир афсун ўқиди, бирор нарсага афсун ўқиб ичирди”, дейишарди.

Нопок турмушга ўрганиб қолган кимса покиза ҳаёт билан қаршилашганда, ҳақиқий ҳидоят йўлига чорланганида, уни қабул қилиши беҳад мушкул. Ўзи ўрганган ҳаётга таассуб қилади, қанчалик ноҳақ бўлишига, аҳволининг нақадар ачинарли эканига қарамай, нажот кемасига чиқишдан қайсарлик ила бош тортади.

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!