Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Автобуснинг пештоқига нима деб ёзилган эди?

10987

Эрталаб ажойиб воқеа, ажойиб ҳолат бўлди, шундан кайфиятим ҳам ажойиб! Буни бажону дил шарҳлаб бермоқчиман.

Майдалаб ёғаётган қор, изиллаган совуқ... ишга бориш учун Юнусободнинг 17-мавзесидан 67-йўналиш бўйича қатнайдиган автобусга чиқиб орқароқдаги бўш жойга ўтирдим. Ўринга жойлашарканман, кўзим автобуснинг пештоқига ўхшаган жойга ёзилган, ичидан чироқ билан ёритилган чиройли S ҳарфига тушди. У жуда чиройли эди! Яхшилаб қарасам, давомида яна ҳарфлар бор, лекин нимқоронғиликда уларни ўқишим қийин бўлди. Тикилиб кетяпман, бошқа ҳеч нарса хаёлимни тортмайди. Ниҳоят, S га ёндаш ҳарфларни ҳам англадим: Sabr!

Назаримда, автобус ичида бу ботинию зоҳири гўзал сўз мўъжаз қуёшча бўлиб чарақлай бошлади. Тикилганим сайин қалбимга осойишта, ораста нурлар таралаётгандек. Ногоҳ бир новча йигит рўпарамда туриб қолди-ю, сўз тўсилиб қолди. Аста ўнг, чапга оғаман – шуълаланган сўзга интиламан. Ниҳоят, йигит ёнга сурилди – қуёшли сўз яна кўзимга тўлди. 

Тасаввуримда бу катта автобусда кетаётганлар ҳаёт карвонининг рамзий бир йўловчиларига айланди. Ҳамма қандайдир ният билан йўлга чиққан. Уларнинг орасида кимдир хотиржаму кимдир шошилган, ким борликдан кўкси баланду ким йўқчиликдан ташвишли, ким соғу ким дардманд, ким шукронадаю ким афсусда... Аммо уларнинг ҳаммасига – барчамизга, ҳар қандай ҳолатда, ҳар доим яхшилик, саодат, савоблар йўлини очадиган Аллоҳнинг марҳаматли неъматларидан бири – сабр! Бизга керак ва нокерак турли буюмлар, шифобахшлиги нечоғли тасдиқлангани номаълум дори-дармонлар, бир-икки ойда ҳорижий тилни ўргатиб қўйишга кафолат бераётган ўқув курслари ҳақидаги эълонлар, майли, ўз йўлига. Уларга ҳамма бирдек эҳтиёжманд эмаслиги – табиий. Лекин шундай даъват, тарбия, насиҳат, йўл-йўриқлар борки, уларни туғилгандан умрингнинг охиригача қанча тингласанг, қалбингга жойласанг, уларга амал қилиб яшасанг – шунча жоиз, шунча афзал, шунча хайрли ва шунчалар оз... Улар қаторида бўлган сабр сўзини мана бу автобусда мурувватли, муҳаббатли, талабчан устоз каби  кўз ўнгимизга ёзиб қўйишгани қандай хайрли иш бўлибди! 

Мен ўзим сабр-тоқатда ноқислигим сабабли кўп панд еганман. Лекин чиройли сабр-тоқат эгаси бўлишни жуда хоҳлайман. Ҳозир шу умид яна қалбимни орзиқтираркан, рўпарамдаги ёзув – қуёшча кўзларимга жимир-жимир юлдузчалар каби сочила бошлади. Уни кўраверсанг, уни севиб қолсанг, қалбингга мустаҳкам жо бўлиб борса, сабр бизни мурувватли паноҳига олса, иншааллоҳ. 

Бирдан бу қувончни бўлишгим келди – ён-атрофимдагиларга бир-бир қараб чиқдим. Ёнимдаги ҳамроҳ менинг – ўзига етти ёт бегона аёлнинг бунақа ҳаяжонланиб, жилмайиб нимадир демоқчи эканидан ҳайронлиги нигоҳида акс этиб турарди. Ёзувга ишора қилдим: “Қаранг, қандай чиройли, қандай ибратли, қандай яхши!” 

Манзилимга етиб, ҳар доимгидан бошқача кайфият билан бекатга тушдим. Назаримда, автобус эмас, ичи нурга тўлган бир маъво аста жойидан қўзғалди. Кўзларимга унинг сиртига ёзилган 01 507 DCA белгиси ҳам бошқача, ажойиб кўринди.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

фахрий журналист

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ёлғон (фейк) ва нохолис ахборот тарқатганлик учун қандай жазо бор?

77 16:00 16.01.2021

Францияда масжидлар ёпиляпти

684 15:00 16.01.2021

Қайроққум сув омбори ўпирилгани ҳақида хабар тарқатганлар қўлга олинди

335 14:00 16.01.2021

Тортинманглар, Қуръон cайлига марҳабо!

346 13:19 16.01.2021

Трамп Марокашнинг олий мукофоти билан тақдирланди

302 13:00 16.01.2021

Фаластинда ниҳоят сайлов ўтказилади

311 12:00 16.01.2021
« Орқага