Автомобилнинг насия савдоси ҳақида саволим бор эди...

09.07.2019 20:05 2058

Савол

Ассалому алайкум!

Ҳурматли устоз, автомобилнинг насия савдоси, яъни мулк бўлиб қолиш шарти билан ижарага бериш бўйича саволим бор эди.

Бир-бирини яқиндан биладиган икки дўстим бор. Улардан бири иккинчисига насия савдо тарзида автосалондан янги автомобиль олиб бермоқчи. Биламизки, одатда насияга сотиладиган автомобиль сотувчининг номида бўлади. Олувчи дўстим эса “автомобилни менинг номимга олайлик, шунда 2 маротаба нотариусга харажат қилмаймиз. Менга ҳам енгилроқ бўлади“ демоқда. Сотувчи дўстимнинг олувчи дўстимдан пулини тўлиқ қайтариб олиши ҳақида ҳеч қандай шак-шубҳаси йўқ (бир-бирларини яхши танийдилар ва биладилар).

Шундоқ бўлса ҳам сотувчи дўстим “Бу ишимизнинг ҳукми шариатда қандоқ бўлар экан, тўғримикан?“ демоқда.

Сиздан илтимос, шу масалада тўғри йўл кўрсатсангиз.


Жавоб

Бунга шариатда ҳеч қандай монелик йўқ. Чунки бу расмиятчилик холос, қоғоздаги номлар ўзгариши билан моҳият ўзгариб қолмайди. Яъни, мулк сотиб олган кишиники бўлиб қолаверади.

Қолаверса, сотувчи машина нархини тўлиқ олишларига ишонар эканлар. Агар ишонч бўлмаса, гаровга бирор мулк олиб қўйишлари ҳам мумкин.

Шу жойда, савол пайдо бўлишига сабаб бўлган бир ёмон ҳолатдан ҳам огоҳ этиб кетишимиз керак. Айрим омонатдор бўлмаган кишилар мулкдор бўлмаган ҳолларида, номларига расмийлаштирилган мулкларга хиёнат қиладилар. Бу бировнинг молини ботил йўл билан ейиш ҳисобланиб, Қуръон ҳукмига кўра ҳаром амал саналади.

Аллоҳ янада билувчироқ.

Мубашшир Аҳмад