Ислом

Аввал христиан роҳиби, охирда исломнинг буюк олими бўлган Абдуллоҳ

1870

– Аллоҳ таоло Исломнинг афзалликлари-ю, мусулмонлар пайғамбарининг авлиёлиги ҳақидаги ҳақиқатни ёшим ўтиб, вужудим заифлашиб қолгунича очмади менга, ўғлим. Агар Аллоҳ мени ҳақ йўлга сенинг ёшингда етаклаганда, ҳамма нарсани ташлаб ҳақ динга эргашиб кетган бўлар эдим. Бироқ жамики гуноҳларимнинг асосий сабаби – нафсга, ўткинчи дунёнинг молу-давлатига қўйган ҳирсимдир. Христианлар орасида қандай юксак мавқега эгалигимни, қандай ҳашаматда яшаётганимни, умрим давомида йиққан дунёвий неъматларимни ўзинг кўриб турибсан. Агар насронийлар Исломга бўлган майлимдан хабар топишса борми, шу заҳоти жонимни суғуриб олишади. Хўп, айтайлик, дарғазаб христианлардан қочиб қутулиб, мусулмонлар яшайдиган ўлкага етиб бордим ва уларга мен: «Ҳузурингизга мусулмон бўлиб келдим», – дедим.

Мусулмонлар эса менга: «Ҳақ динни қабул қилиб сен ёлғиз ўзингга фойда келтирибсан, бироқ Аллоҳнинг қаҳридан халос қилган динга кирибсан-у, бизга ҳеч қандай мурувват кўрсатмабсан», – дея жавоб қайтаришлари мумкин. Оқибатда мен мусулмонлар ичида тўқсонга кирган, уларнинг тилини тушунмайдиган бир қашшоққа айланиб қоламан. Мусулмонлар менга ҳеч нарса бермайди ва мен уларнинг кўз ўнгида оч-наҳор ўлиб кетаман (дабдабали ҳаётга одатланган роҳибнинг мусулмонлар ҳақидаги тасаввури мана шундай бўлган). Ҳозир эса мен, Худога шукурким, Исонинг динига эътиқод қилиб, у олиб келган нарсаларга амал қилмоқдаман. Худо эса буни кўриб турибди (қария совға-саломлар сақланадиган хонага яқин қолиш учун ўзини ўзи шу тариқа алдаган).

– Соҳибим, демак мусулмонлар юртига йўл олиб, уларнинг динига киришни маслаҳат берасизми, менга?

Агар ўзингни оқил киши деб билиб, чиндан ҳам нажот излаётган бўлсанг, Исломга киришга шошил. Шундай қилсанг, икки дунё саодатига эришган бўласан. Бироқ кўриб турганингдай, ўғлим, ҳозир суҳбатимизга ҳеч ким шоҳид эмас. Унинг мазмунини ҳаммадан сир тут. Агар оғзингдан гуллаб қўядиган бўлсанг, тилинг бошингни ейди. Христианлар сени ўлдираётганда ёки даҳшатли қийноққа солишаётганда сенга ёрдам қўлини узата олмайман. Агар бу гапларнинг барини сенга фалончи роҳиб айтганини маълум қилсанг, табиийки, мен ундай туҳматни инкор этаман. Насронийлар кўпроқ сенга эмас, менга ишонишади.

– Бундай тахминлардан Худо асрасин, соҳиб.

Ушбу суҳбатдан сўнг бор бисотимни йиғиштириб, Николо Мартилнинг уйини тарк этдим. Хайр-маъзур қилаётган кекса роҳиб менга оқ фотиҳа билан бирга эллик динор тилла танга ҳам берди.

Кемага ўтириб, ўз юртим Майоркага қайтдим. Ота-онам билан олти ой яшагач, Сицилия оролига ўтиб, мусулмонлар юртига элтадиган кема келишини беш ой кутдим. Ниҳоят орол бандаргоҳига Тунис томон йўл оладиган кема кириб келди. Кема шом маҳал йўлга чиқиб, пешин вақтида Тунисга етиб борди. Ташрифимни эшитган тунислик христиан роҳиблари мени ўз уйларига олиб кетишди. Тўрт ой уларнинг меҳмондўстликларидан фойдаландим.

– Султоннинг саройида христианларнинг тилини биладиганлар борми? – сўрадим улардан мен кунлардан бир кун.

У замон султонининг исми Абу Аббос Аҳмад эди. Христианлар менга султон саройида Юсуф исмли ҳурматга сазовор киши бўлиб, ул зот ҳукмдорнинг табиби ва яқин кишиси саналишини айтишди. Бундай маълумотдан севиниб, табибнинг манзилини сўрадим. У билан учрашиб, Исломга кириш ниятимни маълум қилдим. Табиб бундай ниятни рўёбга чиқаришга воситачи бўла олишидан бағоят хурсанд бўлди. Отини эгарлаб, мени султон саройига элтди. Султоннинг ҳузурига кириб кетган табиб ҳукмдорга мен ҳақимда билганларини айтиб бериб, қабулига киришимга изн сўради. Ижозат олгач, султоннинг ҳузурига кирдим. Ҳукмдор даставвал менинг ёшим билан қизиқди.

– Ўттиз беш ёшдан ўтдим, – дедим мен унга.

Шундан сўнг у қандай фанларни ўзлаштирганимни сўради. Айтдим.

– Эзгу ният-ла келибсан, – деди султон. – Аллоҳнинг розилиги учун майли қабул қил Исломни, – деди у менга.

“Ислом умматининг 100 буюк шахси” китобидан

(Давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нима сабабдан мусулмонлар Олтин даврда ривожланган эди?

478 08:05 20.09.2020

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” (тўртинчи қисм)

493 15:10 16.09.2020

Домла Ҳиндистонийнинг ҳаёт қиссаси (иккинчи қисм)

1645 11:44 16.09.2020

Болалар учун исломий қиссалар. Фойда бадалига тўлов 

765 21:05 15.09.2020

Домла Ҳиндистонийнинг ҳаёт қиссаси

3852 13:28 15.09.2020

Болалар учун исломий қиссалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рисола

395 21:05 14.09.2020
« Орқага