Ислом

Аввал христиан роҳиби, охирда исломнинг буюк олими бўлган Абдуллоҳ

1512

Туғилганида Ансельмо Турмеда исми берилган Абдуллоҳ ал-Майоркий Исломга кирмасидан олдин роҳиблик фаолияти билан шуғулланиб, Европа христианлари орасида катта мавқега эга бўлган. Насронийлар босиб олган Андалусия ҳудудида кастилиялик салиб юришчилар мазмунан бузилган христианликни оммалаштириш билан овора бўлган бир вақтда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўша даврнинг катта христиан олимларидан бири бўлмиш Ансельмо Турмеданинг қалбини Ислом учун очиб юборди. Ўзига Абдуллоҳ ал-Майоркий исмини олган ул зоти шариф Аллоҳга имон келтириб, қўли, тили ва қалами ила Аллоҳ йўлида кураш бошлади. 

Келинг энди ҳикоямиз қаҳрамонининг бошидан ўтган ва ўзининг «Хочни қадрлайдиганларнинг далилларига рад қилиб бўлмайдиган жавоблар», деб номланган адабий асарида баён этилган ажойиб тарихи билан танишиб чиқамиз:

«Ота-онам пойтахт шаҳар Майоркада яшашган. Мен уларнинг ёлғиз фарзанди бўлганман. Ёшим олтига тўлгач улар мени бир роҳибга шогирд қилиб топширишди. Икки йил давомида Инжилни ўрганиб, ярмидан кўпини ўзлаштирдим. Кейинги олти йил ичида Инжил тили ва мантиқ фанини ўргандим. Шундан сўнг, қадрдон шаҳрим Майоркани тарк этиб, Кастельон шаҳрига кўчиб ўтдим. 

Бу ерга юртимиз насронийлари илм қидириб келишар эди. Толибларнинг умумий сони бир ярим минг кишигача етган. Тўққиз йил ичида табиий фанлар ва астрономияни ўрганиш билан банд бўлдим. Кейинги тўрт йил давомида эса Инжил ва унинг тилини ўрганишни давом этдим. 

Шундан кейин Андалусиянинг йирик шаҳарларидан бири Жилонья шаҳрига кўчиб ўтдим. Бу ерга ҳар йили христиан оламининг мингга яқин вакили илм қидириб келган. Мен христианлар орасида катта мавқега эга бўлган Николо Мартиль исмли кекса роҳибнинг черковига жойлашдим. Унга насроний ҳукмдорлардан тортиб оддий одамларгача динга оид саволлар билан мурожаат қилишар ва ўз номаларига қўшиб катта-катта совға-саломлар юборишар эди. Савол муаллифлари ўз туҳфалари эвазига ушбу донгдор роҳибнинг оқ фотиҳасини олишга умид қилишар эди. Мен мана шу роҳибнинг қўлида христианлик асослари ва қонун-қоидаларини ўргандим. 

Николо Мартилнинг хизматида бўлиб, турли топшириқларини бажарар эканман, унга яқин одамларидан бирига айландим. У мени ўзига шунчалик яқин олдики, ўз турар жойи, ҳар хил мулки ва егулик захираси сақланадиган омборларининг калитларини менга ишониб топширадиган бўлди. Ҳамма нарсасини менга ишониб топширди-ю, лекин уйидаги кичик бир ҳужра калитини ҳеч кимга бермади. Роҳиб Николо Мартиль гоҳ-гоҳида ўша ҳужрага ёлғиз ўзи кириб, анча вақтгача қолиб кетар эди. Афтидан, у ҳужра ҳар хил совға-саломлар сақланадиган хона бўлган, валлоҳу аълам. 

Шунай қилиб, унинг даргоҳида ўн йил яшадим. Кунлардан бир кун роҳибнинг тоби қочиб, шогирдлари билан ўтадиган дарсга кела олмади. Устозини кутаётган толиблар ҳар хил мавзуларда баҳслашиб ўтиришар экан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Инжилдаги Исо алайҳиссалом талаффуз этган каломи, хусусан, Исо алайҳиссаломдан кейин келадиган Пароклет исмли пайғамбар ҳақида гап очилиб қолди. Толиблар эгаллаган билими ва ҳосил қилган тушунчаларига яраша энди ким пайғамбар бўлиб келиши мумкинлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Баҳс узоқ чўзилганига қарамай, Пароклет сўзининг маъносини англаб етишмагани боис толиблар умумий фикрга кела олишмади. Машғулот вақти ўтгач мен Николонинг ҳузурига қайтдим. 

– Мен йўқлигимда нима билан шуғулландиларинг бугун? - сўради мендан кекса роҳиб. 

Толиблар орасида Пароклет исмининг маъноси билан боғлиқ ихтилоф туғилгани ва бу борада ким қандай фикр-мулоҳаза билдирилганини айтиб бердим. 

– Сен-чи, сен ўзинг қандай фикр билдирдинг? - сўраб қолди у мендан.

– Инжилни муқаддам талқин қилиб ўтган фалон олимнинг фикрини эслатиб ўтдим, - жавоб бердим мен.

– Ҳаммангиз чуқур янглишгансиз, – хулоса қилди у, бироз ўйланиб ўтиргач. – Чунки ушбу мўътабар исм талқинини фақат пухта билимга эга кишиларгина билишади. Буни тушуниб етишингиз учун сизларнинг билимингиз анча саёзлик қилади.

Мен шу заҳоти унинг пойига бош қўйдим.

– Соҳиб! Ҳузурингизга узоқ юртдан келганимни, ўн йилдан буён хизматингизни қилиб юрганимни яхши биласиз, – дедим унга мен. – Сиздан кўп нарсаларни ўргандим. Ўтинаман, ўша исм сирини билиш шарафига муяссар қилинг мени.

Ёлворишимни кўрган кекса роҳиб кўзига ёш олди.

– Ўғлим! – деди у менга. – Худо ҳақи, хизматинг ва садоқатинг ила сен мен учун жуда қадрли кишисан. Ул муқаддас исм маъносини билиш сен учун улуғ фойдали, албатта. Бироқ мен бир нарсадан қўрқаман: агар бу сирни бировга очиб қўядиган бўлсанг, христианлар шу заҳоти ўлдиришади сени.

– Соҳиб! Чин Инжил ва уни олиб келган пайғамбар номи ила онт ичаман. Худога қасамки, менга очган сирингизни, ўзингиз ижозат бермагунизча бировга айтмайман.

– Ўғлим! Она юртингни тарк этиб ҳузуримга эндигина келганингда, Исломга бўлган муносабатингни ўзим учун аниқлаб олиш мақсадида, эсингда бўлса, юртинг мусулмонлар юртига қанчалик яқинлигини, мусулмонлар сизларга ёки сизлар мусулмонларга ҳужум қилаётганингиз ҳақида сўраган эдим. Билиб қўй ўғлим, Пароклет – мусулмонларнинг пайғамбари Муҳаммадга берилган самовий исмлардан бири бўлиб, унга пайғамбар Дониёл алайҳиссалом ўз вақтида айтиб ўтгандек, муқаддас китобларнинг тўртинчиси нозил бўлган. Муҳаммад олиб келган дин Аллоҳнинг ҳақ дини бўлиб, унинг уммати – Инжилда тилга олинган оқ халқ бўлади.

– Соҳибим, ундай бўлса, христианлар дини ҳақида қандай фикрдасиз?

– Эҳ ўғлим! Агар христианлар Исо олиб келган асл динга эътиқод қилишганда Аллоҳнинг динига эргашган бўлишар эди. Зеро, Исонинг ва барча бошқа пайғамбарларнинг дини – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг динидир. Бироқ насронийлар буни сир тутиб, Аллоҳнинг динини сохта динга алмаштириб юборишди.

– Соҳибим, у ҳолда Аллоҳнинг қаҳридан қандай қилиб нажот топишим мумкин?

– Ислом динига кириб, ўғлим!

– Наҳотки киши Исломга кириб нажот топса?

– Фоний дунёда ҳам, боқий дунёда ҳам нажот топажак!

– Эй соҳиб, оқил инсон ўзи учун фойдали, ўзи биладиган нарсани танлайди. Модомики, мусулмонлар динининг афзалликларини билар экансиз, нега шу вақтгача Исломга кирмадингиз?!

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Индонезияда бир қабиланинг 300 аъзоси исломни қабул қилди

861 19:20 15.02.2020

«Динни ёйиш подшоҳлар зиммасидаги вожибдир!»

812 08:00 15.02.2020

Хитой коммунистлари мадрасаларга қарши

1868 17:20 14.02.2020

“Мусулмончилик – аста-секинлик”ми?

1158 16:00 13.02.2020

«У сассиқ! »

988 07:20 13.02.2020

Ҳамма уни бахил дер эди, аммо...

1100 00:00 13.02.2020
« Орқага