Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Аввал пул, кейин дуо сўраган "ГАИ"

7629

Ўтган куни эрталаб ишга кетаётганимда йўлпосбон қизил таёғини кўтариб йўлимни тўсиб чиқди. Шунчаки текширув, шекилли. Чунки ҳеч қанақа қоида бузганим йўқ. 

Ҳужжатларимни диққат билан кўздан кечирди. Ҳатто яқин орада техник кўрикдан ўтишим кераклиги ҳақида огоҳлантирди – синчковликни қаранг. Кейин:

–  Нега тўхтатганимни биласизми? – деб сўради.

–  Йўқ.

–  Демак, нима айб қилганингизни ҳам билмайсиз, шундайми?

–  Айбим кўп. Қайси бирини айтяпсиз?

Шу гапимдан ходимнинг чиройи очилгандек бўлди.

–  Тўғри, айб ҳаммамизда бор. Аммо энг охирги айбингизни айтяпман.

Бирортаси нариёқдан туриб рацияда бирор нарса деганмикан, десам, уйдан чиққандан бери ҳеч қанақа қоида бузганим йўқ.

–  Билмадим. Ўзингиз айта қолинг одамни қийнамасдан. Қилган бўлсам, қилдим дейман, айбимдан тонмайман.

–  Ўзингиз айтсангиз, жаримаси енгилроқ бўб қолиши мумкин-да. Ҳай, майли. Нега хавфсизлик камарини тақмадингиз?

–  Э, ҳа-а, шунга тўхтатганмидингиз? – деб кулиб юбордим. – Қўйсангиз-чи, камандир? Камар учунам тўхтатадими? Ундан катта қанча-қанча қоидабузишлар бор, олдин ўшаларни тўхтатиш керак.

Ростданам анчадан бери камар тақишни қоида санамай қўйганман. Аммо бунга ўзлари сабабчи. Ҳатто постдан ўтаётганимда номига бўлсаям тақиб қўймайман. Бирортаси лоақал “ҳой” демагандан кейин, бошқа нима қилиш керак? Демак, хавфсизлик камарини тақмаслигимга энг олдин ўзлари айбдор (баҳонани қаранглар).

ЙПХ ходими ҳам менга қўшилиб кулди.

–  Энди бу ёғи хизматчилик, Ғафур ака. Қолаверса, мана, президентимиз ҳам ҳаммаёқда тартиб бўлсин, деяпти. Аста-секин биргалашиб халқни изга соламиз-да. Ахир, бизлар ҳам қачондир қонун-қоидага бўйсунувчан, тартибли, маданиятли халқ бўлишимиз керак-ку. Ёки ким нимани хоҳласа, шуни қилиб, подага ўхшаб юраверамизми?

Гап шу ерга келганида, қилмишимдан бир уялган бўлсам, ҳалиги айтганларимдан икки уялдим.

–  Сиз ҳақсиз, ўртоқ камандир, – дедим. – Ҳеч қандай эътирозим йўқ. Айтган гапим учун узр сўрайман. Ёзинг. Бориб, жаримасини тўлаб қўяман. Ва бундан кейин, албатта, камар тақиб юраман.

–  Ана. Тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди-да. Қани энди, ҳамма сиздай бўлса, битта гап билан тушунса. Йўқ, баъзилар бор, бурни осмонда, “нима қилсанг қил, шу пайтгачаям тақмаганман, бундан кейин ҳам тақмайман”, деб оёқ тираб туради. Бизлар ҳам уларга оёқ тираб туриб, ҳеч ачинмасдан ёзиб ташлаймиз. Аммо баъзи бировлар бор, чиройли муомала қилади, талашмайди, гапга тушунади, ундайларга жарима ёзишга одамнинг қўли бормайди...

–  Кечирасиз, мен қайси тоифаданман, – дедим шумлик билан гарчи гапнинг қаёққа кетаётганини яхши илғаб турсам ҳам.

–  Сиз иккинчи – гапга тушунадиган одамлар тоифасидан экансиз, Ғафур ака.

–  Э, раҳмат-ей. Одамни хурсанд қилиб юбордингиз-ку. Аммо сиз ҳам ўша бизнинг тоифадан, гапга тушунадиганлар тоифасидан экансиз, – дедим. Бу ёғига энди шумқозоним қайнаб кетди. – Демак, жарима ёзмасдан, ҳужжатларимни қайтиб берар экансиз-да. 

Шундай деб, “беш ташанг”, дегандек қўлимни узатдим.

–  Тўппа-тўғри, – у ҳам ноилож “беш” ташлади, – фақат секин бориб, мана бу ҳужжатнинг ичига ўша ременни пулининг ярмини билдирмасдан соб келас... Фақат хапагарчилик бўлмасин.

Юзига қарасам, тепамда тиржайиб турибди. Роса новча экан-да ўзиям.

–  Бу қанақаси бўлди, камандир, – дедим жиддий, аммо ниҳоятда мулойимлик ва самимият билан, – одамларни тартиб-қоидага ўргатишга, бу ишда президентимизга ёрдам беришга келишиб олдик-ку сиз билан, қанақ қилиб энди яна пул (пора деёлмадим) ҳақида гап бўлиши мумкин. Мен ўзи олдин ҳам бунақа ишни жуда кам қилганман, шунинг учун ҳам, мана, талонимни кўриб турибсиз, ёзгани жой қолмаган, энди бундан бу ёғига умуман қилолмайман. Яхшиси, ёзинг. Мен бориб жаримасини тўлайин. Шунда иккаламиз ҳам қўлимиздан келганича жамиятимиз ўнгланишига ёрдам берган бўламиз.

Суҳбатдошим бирпас гангиб турди. Кейин елкамга қоқди.

–  Раҳмат, ака, сизга. Зўр дарс бериб қўйдингиз лекин. Сиздақа одамлар кўпайса, бизлар ҳам тўғри ишлашга мажбур бўламиз, Каттамизнинг ҳам айтаётганлари юз фоиз амалга ошади ва юртимиз гуллаб-яшнаб кетади. Намозхон одамга ўхшайсиз, халқимиз учун, президентимиз учун, қолаверса, биз учун ҳам дуо қилинг, сизларнинг дуойингизни Аллоҳ таоло қуруқ қайтармайди. Манзилингизга яхши етиб олинг! Яна бир бор раҳмат, ака!

Суҳбатдан завқим тошди. Аммо бу завқ олдингилари каби мени қолипдан оширмади, аксинча, қолипга қайтарди. Ўшандан бери хавфсизлик камари кўкрагимда, қоидалар ҳурмат-иззатда, шошиш, депсиниш, чийиллатиш йўқ, муҳими, атрофимдагиларга анча хайрихоҳман. Ўзи, кейинги пайтда юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар асабларимни анча-мунча жойига келтириб қўйган, атрофга мамнун боқадиган, одамлардаги салбий ҳолатларга ҳам кенг қарайдиган, яхши гумон қиладиган бўлиб қолган эканман. Аммо ўзимдаги бу ўзгаришни ўша кунги ЙПХ ходими билан суҳбатдан кейин сезиб қолдим. Ўйлайманки, жамиятимизнинг асаб торлари анча жойига тушиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари халқнинг ички ва ташқи хотиржамлиги учун қўлидан келган ишни қилаётир, бу ёғи энди ўзимизга ҳавола.

Мен жамиятимизнинг ислоҳини ўзимдан бошладим, бўлиб ҳам, энг арзимас нарсадан – хавфсизлик камарини тақишдан. Аммо тўхтаб қолиш йўқ. Аста-секин катта-катта ислоҳотларга ҳам қўл урилиши тайин. Чунки ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп, тўғрилашимиз керак бўлган эгриликларимиз жуда кўп. Оллоҳ таолодан халқимга, президентимга ва ўша дуо тилаган ЙПХ ходими каби хизматчиларимизга ҳамда ўзимга тавфиқ сўрайман.

Абдуғофур Искандар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Элиф ва Меҳмет» мультсериали. 5-қисм

24 16:00 06.03.2021

Жаҳрий зикр қилишликдаги одоблар

108 15:16 06.03.2021

"Фотиҳа"нинг муҳим бир ояти

256 15:01 06.03.2021

Сенегал: мухолифатчининг ҳибсга олиниши ортидан тўполонлар (фото)

99 14:30 06.03.2021

Маҳр борасида қай даражада маълумотга эгамиз?

212 14:05 06.03.2021

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянма бўйича бир тўхтамга келолмади

135 13:30 06.03.2021
« Орқага