Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Аввалги пайғамбар алайҳимуссаломлар кўпхотинли бўлмаганми?

1775

Қайта-қайта гувоҳ бўлаётганимиз воқеа – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақидаги нохолис маълумотлар ҳақида сўзламоқчимиз. Бирон бир мусулмон кимса ҳеч қачон пайғамбар алайҳимуссаломлардан бирини масхара қилмайди. Пайғамбар алайҳиссалом аёли нечталиги, нима иш қилгани, нима воқеалар бўлгани ҳақида салбий фикрлар мусулмонлардан содир бўлмайди. Аммо таассуфлар бўлсинким, бошқа дин вакиллари ёки динсиз даҳрийлар тарафидан мана шундайин разил нарсалар ёзилиб, пайғамбари учун жонини тикишга тайёр умматнинг ҳисларига тегиш, уларни ғалаёнга келтириши кузатилмоқда.

Бу тоифанинг энг кўп ёпишиб олган мавзуси кўпхотинлик. Улар бу хусусда турли мақолалар ва карикатуралар қилишлари билан машҳур. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирдан кўп аёлларга уйланганлигини бутун дунёга салбий тасвирлаб, у зот алайҳиссаломни шаҳватпарастликда айблаётган (наъузубиллаҳ) ушбу нусхалар, бундайин рухсат Аллоҳ таолонинг пайғамбарига берган рухсати экани, бу ўша пайғамбар замони учун салбий воқеа бўлмагани ва, қолаверса, кўплаб пайғамбарлар кўпаёллик бўлганини билишармикан?

Инсон холис бўлиши лозим. Балки бошқа дин вакиллари ёки даҳрийлар учун пайғамбарлардан бирини масхара қилиш оддий ҳолдир. Аммо мусулмонлар учун уларнинг пайғамбарини масхара қилиниши фожиадир. Зотан, мусулмонлар ўз пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзлари, ота-оналари ва фарзандларидан-да кўпроқ севишади. 

Энди мақола мавзуси ҳақидаги маълумотларга ўтамиз. 

Пайғамбарлар алайҳимуссалом аёллари ҳақида. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида ўн бир аёлга уйланганлар. У зоти шарифалар: Хадижа (Хадича) бинти Хувайлид, Оиша бинти Абу Бакр, Хафса бинти Умар, Савда бинти Замъа, Зайнаб бинти Жаҳш, Зайнаб бинти Хузайма, Умму Салама бинти Абу Умайя, Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён, Жувайрия бинти Ҳорис, Сафийя бинт Ҳуяй, Маймуна бинт Ҳорис розияллоҳу анҳунна. 

Никоҳларида эса бир вақтнинг ўзида тўққиз аёллари бўлган. Ҳадижа бинт Хувайлид ва Зайнаб бинт Хузайма у зотнинг ҳаётлик чоғларидаёқ вафот этишган. 

Бу аёллардан биринчиси бўлмиш Ҳадижа розияллоҳу анҳо билан то у шарафли аёл вафот қилгунича бирга яшаганлар. Шунингдек, бошқа аёлларига уйланишлари ҳам баъзида асир мусулмонларни ҳаётини сақлаб қолиш, баъзида эса ҳимоясиз қолган бева аёлнинг ҳимояси, баъзан у зот учун фидокор бўлган саҳобийларга ҳурмат, яна баъзида эса бирон жоҳилият одатини бекор қилиш учун бўлган. У зот ҳаётлари давомида биргина қизга уйланганлар, қолган барча аёллари жувон бўлишган. Ваҳоланки, атрофларида у зот учун ўз  қизларини никоҳлашга сўзсиз тайёр бўлган минглаб саҳобийлар бўлган. 

Қолаверса, яҳудий динида аёлларга уйланишга мутлақ чегара қўйилмагани маълум. Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг барчаси Аллоҳ рухсати билан кўп аёлларга уйланишган. Бу – собит ҳақиқат.

Яъқуб алайҳиссалом аёллари тўртта бўлган:

1. Лийя. 

2. Роҳил.

3. Балҳо.

4. Залфо.

Мусо алайҳиссалом аёллари ҳам тўртта бўлган:

1. Сафура.

2. Бинт Қойний.

3. Жабшийя.

4. Бинт Ҳаббоб.

Довуд алайҳиссалом аёллари еттита бўлган:

1. Маъка.

2. Мажийс.

3. Абийтол.

4. Абийжол.

5. Ужла.

6. Мийкол бинт Шовул.

7. Ахинаъум.

Сулаймон алайҳиссалом аёллари сони юзта бўлган: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом: “Бу кеча юзта хотин(ларим)ни айланиб чиқаман. Ҳар бир хотин Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиладиган биттадан ўғил туғади”, – деди. 

Шунда фаришта унга:

– Иншааллоҳ, дегин, – деди. 

У эса (иншааллоҳни) эсидан чиқариб, айтмади. 

Бас,  у (аёл)ларни айланиб чиқди. Уларнинг  бирортаси ҳам туғмади. Фақат биргина аёл, у ҳам бўлса, (чала) ярим инсон туғди. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Агар у иншааллоҳ, деганида эди, қасамида рост ва ҳожатига эришишига умидлироқ бўлган бўлар эди, – дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). 

Иброҳим алайҳиссаломнинг аёллари тўртта бўлган:

1. Сора.

2. Ҳожар.

3. Қунтуро.

4. Ҳажун.

Исмоил алайҳиссаломнинг аёллари иккита бўлган:

1. Умора.

2. Саййида.

Ушбу пайғамбар алайҳимуссаломлар аёллари ҳақида интернетда кўплаб мақолалар бор, қизиқувчилар бўлса қидириб топишлари мумкин. Шунингдек, уларнинг исмлар турли манбаларда турлича берилганини ҳам эътибордан қочирмаслик лозим. Аллоҳ таоло Ўз мулкида ғолиб зотдир. Инсонлар маслаҳатига муҳтож эмасдир. Ўз мулкида хоҳлаганича тасарруф этгувчи ва барча феъли ҳикмат ва манфаатга эга Зотдир.

Аллоҳ таоло инсонларни яратган, улар ичидан пайғамбарларни танлаб олган ва бу учун ҳеч кимдан маслаҳат сўрамайдиган Зотдир. Бинобарин, баъзи жоҳилларнинг "нега ундай бўлган?", "нега бундай бўлмаган?" дея гумон қилишлари номақбулдир.

Аллоҳ таолонинг феъли ва тақдиридан сўралмас, зотан У  Холиқдир.  Аммо бандалар қилган ишларидан сўраларки, улар ожиз ва мукаллаф, яъни ишларига жавобгардирлар. Аллоҳ таоло пайғамбарларни одамлар орасидан Ўз хоҳишига кўра танлаб олган ва гуноҳлардан сақлаган.

Бу пайғамбарларга турли шариатлар ато этган. Сулаймон алайҳиссаломнинг юзта аёли бўлган. Яъқуб алайҳиссалом опа-сингилга уйланганлар. Бу ҳолатлар бизга ажиб туюлса-да, аслида ўша замон учун оддий ҳол ва ман этилмаган эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча аёлга уйланганлари шаҳват юзасидан эмас, Аллоҳ таоло рухсати ва уммат учун манфаат учун бўлган, холос. Зотан, у зот алайҳиссалом кимларнингдир дохийлари, эргашганлари каби ўнлаб, юзлаб аёллар билан зино қилиб яшамаганлар, балки никоҳ билан ҳаёт кечирганлар.

Шундай, экан хаёлимизга келган ва эшитган нарсаларни аниқ илмини билмай туриб айблаш ва ҳақорат қилишдан тийилаверайлик. Айниқса, динга оид масалаларда эҳтиёт бўлиш, аниқ билими бўлмай туриб бирон диний мавзуга ўз хоҳишига кўра фикр билдириш ва ҳукм бериш ўта хатарлидир...

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳалол луқма (ҳаётий қисса, 36-қисм)

40 19:30 01.12.2020

Олий суд Атамбаевга чиқарилган ҳукмни бекор қилди, аммо у ҳалиям қамоқда

161 19:05 01.12.2020

Қуръонни ўпиш бидъатми?

716 18:35 01.12.2020

Туркманистонда масжидлар йил охиригача ёпиқ бўлади

163 18:10 01.12.2020

Коронавирус: Туркияда бугундан эътиборан янги чекловлар бошланади

368 17:35 01.12.2020

Ҳадис илми: Сақтул хафийнинг иккинчи тури

64 17:05 01.12.2020
« Орқага