Аввалгилар хатосини тўғрилаш

12:00 26.07.2019 134

Машҳур ғарб тарихчиси Гюстав Лебон харита илмида мусулмонлар пешқадам бўлганини тан олган олимлардан. У мусулмонлар географияга катта ҳисса қўшганини таъкидлаб, шундай ёзади: “Қуйида араблар географияга қўшган ҳиссалари ҳақида тўхталамиз. Араблар хариталарни жуда аниқ тузганлар, юнонлар йўл қўйган хатоларни тузатганлар. Араблар ўз риҳлатларида кўрган шаҳарларини бутун дунёга тарқатдилар, бу пайтда Европа ўша шаҳарларнинг борлигига шубҳа қиларди. Арабларнинг географияга оид китоблари олдинги китобларни бекор қилди. Ғарб бу китобларни узоқ вақт ўқиб юрди”. (Маҳмуд Шарқовий. “Ислам ва асаруҳу фий сақофатил аламийя”).

Мусулмонлар янги-янги кашфиётлар қилиш билан бирга, юнон географлари хатоларини ҳам тўғриладилар. Птолемей буюк олим бўлишига қарамай, географик ўлчовларда бир неча хатоларга йўл қўйган эди. Масалан, у Ўрта ер денгизи узунлигида муболаға қилиб юборган, инсоният обод қилаётган ер ўлчовида ҳам хато қилганди. Ҳинд ва Тинч океанини кўл деб ўйлаб, Жанубий Осиёни Жанубий Африкага қўшиб юборган. Сейлон оролининг ҳажмини белгилашда Қазвин денгизи ва Араб кўрфазининг жойлашувида ҳам хатога йўл қўйган (Жалол Музҳир. “Ҳазоратил ислам”).

Мусулмонлар мазкур хатоларни тузатди. Ғарб талабалари мусулмонлар шарофати билан хатоликлари бартараф қилинган китоблардан таълим олишди. Шу нуқтаи назардан мусулмонлар география фанини қутқариб қолди, дейишимиз мумкин.

Юнонлар хатоларини тўғрилаш ҳалифа Маъмун (ҳижрий 218 йил вафот этган) давридан бошланди. “Маъмун академияси” тузган харита Ғарб цивилизациясига катта ҳисса қўшди. Академия олимлари Птолемей харитасига аниқлик киритиб, мукаммал харитани туздилар.

Мусулмонлар географиясини европаликлар севиб ўқирди. Исломий география XV асргача Европа дарслиги бўлиб келди. Буни Крачковский ҳам эътироф этган. Европа картографияси Идрисийнинг харитасига асосланади. (Жалол Музҳир. “Ҳазоратил ислам”).

1150 йилдан 1450 йилгача Европа географияси исломий географиядан сабоқ олди. 1450-1550 йиллар орасида Европа мусулмон географиясини асоссиз рад этиб, Птолемей географиясига юзланди. Сўнг бу мантиқсизликдан воз кечиб яна мусулмон географиясига қайтди.

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!