Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Аёл ва армия (биринчи қисм)

1051

Ҳарбий хизмат ўтаб юрган кезларимда ҳам, пенсияга чиққанимдан кейин ҳам турли учрашув ва форумларда ўтган суҳбатлар давомида ёки фейсбукда «шахсий» орқали кўпчилик менга мурожаат қилиб, армия билан боғлиқ ўз фикр-мулоҳазалари ва эътирозларини билдириб келади. Форумдош ва фейсбукдошларга қўлдан келганча жавоб бериб келмоқдаман.

Берилган саволлар, билдирилган эътирозлар орасида аёл кишининг армиядаги ўрни масаласи ҳам бор. Қадрли дўстлар, бугун менга берилган бундай савол ва эътирозларнинг айримларини шу ерда баён этиб, уларга қисқача жавоб беришни ният қилдим.

Мана ўша эътирозли саволларнинг айримлари:

«Шокир ака, бизда (яъни Ўзбекистон Қуролли Кучларига) хотин-қизларни ҳам ҳарбий хизматга қабул қилишади. Аёл киши ўз табиатига зид келадиган ишларни бажаришини ҳеч тушуна олмайман. Аёл киши эркак киши билан теппа-тенг ҳарбий бўлишга уринмоқда. Қанақасига у ҳарбий бўлиши мумкин?! Ахир аёл киши нозик хилқат эгасику? У эса аёл боши билан эркак жинсига мнсуб ҳарбий хизматчи бажариши лозим бўлган ишни бажармоқчи бўлади!»

«Таажжуб, ҳарбий аёллар сочини эркак кишининг сочига ўхшатиб олдириб, эркак ҳарбийлар билан бирга машқ қилишади. Эркак киши киядиган кийимда ўзини эркакдай тутишига на ҳожат?! Армияда аёл кишига ўзингни эркак каби тутасан, сочингни ҳам эркакнинг сочига ўхшатиб олдир дейилмас, лоақал, а?!»

«Аёл киши армияда нима иш қилади ўзи?»

Соч турмаги борасида сал кейинроқ тўхталиб ўтаман, лекин ҳарбий кийимнинг бир хиллиги ҳақида шуни айтишим мумкинки, агар мен ҳарбий қисм саф майдонида саф тортган шахсий таркиб олдига ҳарбий хизматчи аёл учун мўлжалланган ҳарбий кийимни кийиб чиқадиган бўлсам, менинг устимдан ўша саф майдонидаги бригада, эртаси куни эса бутун армия шахсий таркиби ётиб олиб кулса керак.

Айтмоқчиманки, эркак ва аёл ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган ҳарбий кийимнинг бичилиши-ю, тикилишида сезиларли фарқ бўлади. Савол эгасидай фикр юритадиган кишиларда ушбу масалада, афтидан, тажриба ва ҳарбий кийим элементларига доир билим етарли эмас кўринади.

Аёлсиз армия – армия эмас, агар шахсан менинг фикримни билмоқчи бўлсангиз. Зеро, Қуролли Кучларимизнинг метиндек сафларида аёл кишининг ҳам ўз муносиб ўрни бор. 
«Аёл киши армияда нима иш қилади?» - деган саволга қуйидагича жавоб беришим мумкин:

- иш юритиш бўлимида хизмат ўтайдиган ҳарбий аёлнинг чиройли дастхати ила юртимиз мудофааси ва хавфсизлигига доир муҳим ҳужжатлар расмийлаштирилади. Бу билан тоғни урса толқон қиладиган забардаст бир йигитни бундай ишдан озод қилиб, унинг хизматидан самарали фойдаланишга эришилади;

- телефон коммутатори ортида ёки радиоэфир шовқини таъсири остида йилдан-йилга, деярли қилт этмай эрта-ю кеч ўтиришга ҳар қандай эркак ҳам дош бера олмаслиги аниқ;

- фронт орти таъминотининг турли соҳалари, моддий-техник воситалар захираларини тайёрлаш, сақлаш, асраб-авайлаш тадбирларида ҳарбий аёллар ўз ишини маҳорат-ла бажаришади. Бундай тадбирлар жумласига қандай ишлар киришини санаб ўтадиган бўлсам, гап чўзилиб, мавзудан чиқиб кетиб қоламан;

- ҳарбий завод ва фабрикаларда қудратли ўқ-дори, қурол-аслаҳа тизимлари, турли-туман ҳарбий ва махсус техника тайёрлаш, уларни капитал таъмирдан чиқариш, техник хизмат кўрсатиш жараёнларида ниҳоятда қалтис, юқори аниқлик талаб этиладиган махсус ишлар ва етарлича хавфли амалларни айнан ҳарбий хизматчи аёлларнинг нозик қўллари бажаради;

- жанговар таъминот бўлинмаларида ҳақиқий ҳарбий хизмат ўтаётган аёллар ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нима боса олмайди. Жанговар таъминот бўлинмаларига қандай бўлинмалар киришини ўзингиз учун билиб олишни уйга берилган вазифа сифатида қабул қиласиз;

- аксарият ҳолларда таъсири ҳар қандай дори-дармон ва тиббий муолажадан ортиқ бўлса, бордиру, кам бўлмаган шифокор ҳарбий аёлнинг табассуми, онадай кўрсатган меҳри, ғамхўрлиги, бир оғиз ширин сўзи оғир яраланган, яшашдан умидини деярли узиб қўйган жангчини Аллоҳнинг қудрати ила яна ҳаётга, сафга, Ватан ҳимоясига қайтаради.

Шундай аёлларимиз бор экан, ҳар қандай душман бизга чўт эмас.

Ҳарбий хизматчи аёллар деярли барча армияларда, шу жумладан Ислом дунёсига мансуб давлатлар тасарруфидаги қуролли кучлар сафида ҳам ҳақиқий ҳарбий хизмат ўташади. Бироқ бу, ҳарбий хизматчи аёлни эркаклар казармасида ётиб, улар билан тенг окопу, траншея қазийдиган аскар сифатида кўришни англатмайди. 

Шу билан бирга, яна бир нарсани тўғри тушуниб етмоқ, аниқ тасаввур қилмоқ лозим: жанговар ҳаракатлар вақтида душманнинг пухта тайёргарлик кўрган махсус бўлинмалари рақибнинг махфий ҳужжатлари, шифр органи объектларини қўлга киритишга ҳаракат қилади. Бундай органларда эса эркаклар билан бир сафда ҳарбий хизматчи аёллар ҳам фаолият юритади. Демакки, ушбу ҳарбий хизматчи аёл боши билан ахборотни шифрлаш органи, аппарати ва махфий ҳужжатларни шахсан ўзи (эркак ҳарбий хизматчилар билан бирга, албатта) жанговар қурол ва махсус воситалар қўллаб, ҳимоя қила билиши керак. Бу эса, ўз навбатида, аёл кишидан яхшигина жанговар тайёргарлик, шу жумладан, жисмоний тайёргарликдан ўтишни тақозо этади. Бинобарин, унинг эркаклар билан баб-борабар машқ қилиши жуда тўғри, давлат хавфсизлиги, миллий хавфсизлик ва юрт мудофааси манфаатларида, қолаверса, ўз ҳаётини асраб қолиш манфаатида зарур бўлган ишдир.

Эркак киши довюрак, мард жангчи бўлиши, Ватанини душмандан кўз қорачиғидай ҳимоя қилиши лозимлиги, аёл киши эса рўзғор ишларини юритиб, бола тарбиялаши лозимлигини онгимизга ёшлигимиздан қуйиб келишади. Аммо дунё бир тўнтарилиб олганми, билмайман, аёллар жангчилик касбини ўзи танлаб, ҳарбий санъат масаласида айрим эркаклардан устун келадиган замонлар келди.

Ўзимизнинг миллий армиямизда, МДҲга аъзо давлатлар тасарруфида  қуролли кучларда ҳарбий хизмат ўтаётган аёлларни қўйиб, айрим хорижий армияларга назар солайлик.

1. Курд мудофаасининг аёллар батальони. 
Курд милиция бўлинмалари 2012 йили ИШИД кучларига қарши курашадиган ҳарбий қисм сифатида тузилган. Ушбу бўлинмалар бошқа армияларнинг жангчилари тасаввур эта олмайдиган кўплаб шафқатсиз синовлардан ўтишга улгурди. Аёл киши томонидан ўлдирилган аскарга жаннат дарвозалари ёпиқлиги эса террорчиларга қаттиқ психологик таъсир ўтказади. 

2. Хитой. 
Хитой қуролли кучлари таркибида «Буюк аждар» деб номланадиган махсус бўлинма бўлиб, унинг шахсий таркиби орасида бирорта бўлсин эркак йўқ. Қароргоҳи Гонконда жойлашган ушбу бўлинма шахсий таркиби икки юз кишини ташкил этади.

3. Лотта аёллар корпуси. 
Шведларнинг ушбу корпуси қуролли кучлар таркибига кўнгиллилардан иборат бўлинма сифатида киради. Ҳарбий хизматчи аёллардан ташкил топган мазкур бўлинма шахсий таркиби давлат ҳудудига сингиб кирган қўпорувчи бўлинмаларни йўқ қилиш учун мўлжалланган.

4. Ливия роҳиба-инқилобчилари. 
Ливияда ўтган фуқаролар урушидан сўнг, Муаммар Каддафининг ҳарбий аёллардан иборат сараланган тан соқчилари корпуси тарқатилди. Ушбу аёллар пухта тайёргарлик кўрган, ниҳоятда хавфли мутахассислардан иборат жанговар батальони эди.

5. Саудия Арабистонининг ҳарбий хизматчи аёллари
Қироллик Мудофаа вазирлигининг берган хабарига кўра, 2021 йилнинг февраль ойидан эътиборан аёллар қуролли кучлар сафида ҳарбий хизмат ўташ ҳуқуқига эга бўлишди. Аёллар армияда оддий аскар ва сержантлар таркибида, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари, ҳарбий-денгиз флоти, стратегик мақсадли ракета қўшинларида, шунингдек, қуролли кучлар турига мансуб тиббиёт хизматларида ҳарбий хизмат ўташади. Бунинг учун аёл киши муқаддам судланмаган, 21 ёшга тўлган, 40 ёшдан ошмаган, кам деганда ўрта маълумотли, бошқа давлат фуқаросига турмушга чиқмаган бўлиши керак.

Энди ҳарбий аёлларнинг соч турмаги тўғрисида.

Ҳарбий хизматимнинг сўнгги ўн йили мудофаа ва хавфсизликка доир қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларга илова қилинган бошқа турдаги ҳужжатларнинг лойиҳаларини давлат тилида тайёрлаш билан бевосита боғлиқ бўлган. Бинобарин, ишонч-ла таъкидлаб ўта оламанки, ҳарбий хизматчи аёл сочини эркакнинг сочига ўхшатиб калта олишга доир талаб Қуролли Кучларда, ҳар қалай, бизнинг миллий армиямизда қатъий қўйилмаган. Соч турмаги, бу – аёлнинг шахсий иши.

Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аёл ва армия (иккинчи мақола)

875 20:00 06.03.2021

Саудия Арабистони армиясида энди аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин

614 21:30 01.03.2021

Башар Асад режимининг собиқ вакили Германияда қамалди

497 17:35 24.02.2021

Миллий армиямиздаги ҳарбий интизом ёхуд «дедовщина»нинг барҳам топиш тарихи

1280 13:00 23.02.2021

Покистонда “Бобур” ракетаси синаб кўрилди

1182 20:25 11.02.2021
« Орқага