Ислом

«Аёллар эркакларнинг бир бўлагидирлар»

367

Барча мақтовлар Аллоҳга лойиқдир, Аллоҳнинг элчисига, у зотнинг аҳлу оиласига, саҳобаларига ва у зотнинг йўлига эргашганларга Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Статистика нуқтаи назаридан аёл киши шубҳасиз жамиятнинг ярмидир.  Бироқ турмуш ўртоғи, фарзандлари ва атрофидагиларга бўлган таъсирига кўра аёл жамиятнинг ярмидан кўпроғи. Шоир айтганидек:

Она мактаб, агар қилсанг тарбият,

Бу тенг эрур барпойи пок бир миллат.

Хатто эркакларнинг етуклигида ҳам уларниг таъсири бордир. Донишмандлар ичида улар етган даражаларда аёлларнинг роли катта бўлганларини кўришимиз мумкин. Шунинг учун ҳам: "Ҳар бир буюк шахс ортида бир аёл бордир" дейишган.

Бошқа бир тарафда эса дунёда содир бўлаётган фитна ва жиноятларнинг жавобгарлигини аёл зотига юклайдиган файласуфларни кўрамиз. Хатто баъзилари бир мусибат ёки жиноят содир бўлган вақтда: "Бу иш ортидан аёлни қидир" деган эди.

Инсонлар аввал ва хозирги кунимизда ҳам икки қисмга: аёллар ҳақида яхши фикр юритиб, уларни қўллаб-қувватловчилар ҳамда аёл зотига душман ўлароқ қаровчиларга ажралиб олишган.

Шоирларнинг баъзилари

Аёлларким, олам ичра райҳондир,

Биз ул райҳон бўйи узра гирёндир,

– дея ўз муҳаббатини изҳор этса,

Айримлари

Аёлларким, олам ичра шайтондир,

Зиёнидин биз Аллоҳга қочғондир,

– дея нафратиниғда тўкиб сочишган.

Файласуфлар ичида аёлни кўкка кўтарувчи, унинг латофатини тараннум этувчи, фазилатларини ва оила, жамиятдаги таҳсинга лойиқ ишларини зикр қилувчиларга йўлиқамиз. Ва яна уларнинг ичида аёлга дунёдаги ёмонлик вируси сифатини бериб, унга зим-зия қора кўзойнаклар билан назар соладиганлари ҳам мавжуд. Хатто адашганга йўл кўрсатувчи, қинғирни тўғирловчи бўлган илмни ҳам  пессимист (аёллардан шумланадиган)лар  аёл зоти учун бир разолат деб  қарайдилар. Улардан баъзилари ёзишни ўрганаётган бир аёлни кўриб: "Заҳар ила суғорилаётган илон" дейишди!

Бу ҳам етмаганидек, Одам алайҳиссалом яратилган кундан то қиёмат кунига қадар инсоният чеккан азоб уқубатларнинг юкини ёлғиз аёлнинг елкасига юклашди. Чунки  уларнинг гумонича Одамни мазкур дарахтдан ейишга ва Аллоҳ қайтарган нарсани оёқ ости қилишга мажбур қилган ҳам – аёл. Натижада эса инсон зурриёди жаннатдан чиқарилиб,  меҳнат ва машаққат чекмоқ учун Ер юзига тушурилди. Дарҳақиқат, улар яхудий ва насронийларнинг  Эски Аҳд китобларида бу туҳмат-айбловни тасдиқловчи ва аёл зотига мазкур жавобгарликни  юкловчи оятларни топдилар.

Ислом дини эса аёл зотини қиз фарзанд, жуфти ҳалол, жамиятнинг бир аъзоси ва энг аввало инсон сифатида қиймати, шону шарафини юксалтирди.

Исломда аёл эркак каби масъулдир, Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари эркак каби аёлга ҳам қаратилгандир. У ҳам худди эркак каби амалига яраша мукофот ёки жазо олгувси. Жаннатни маскан тутган пайтларида Аллоҳ таоло томонидан башарга юклатилган энг биринчи мажбурият эркак ва аёлнинг ҳар иккисига қаратилди. Аллоҳ таоло уларга:

"Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар!" дея хитоб қилди. (Бақара 35-оят)

Қуръонда Тавротдаги каби аёлни Одамнинг хатосидан масъул тутувчи  бирор бир оят мавжуд эмас. Балки энг биринчи жавобгарлик Одамнинг жавобгарлигидир. Аёл эса бу борада фақатгина унга тобедир.

"Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик". (Тоҳа, 115-оят)

"Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди". (Тоҳа, 121-оят)

“Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади." (Тоҳа, 122-оят)

Албатта, аёл Ислом қарашида эркакнинг душмани ва унинг рақиби эмас. Балки аёл эркакни, эркак эса аёлни тўлдирувчидир. Аёл эркакнинг бир бўлаги, эркак эса аёлнинг бир бўлагидир. Бу борада Қуръони карим айтадики:

"Сизларнинг баъзиларингиз базиларингиздандир". (Оли Имрон, 195-оят)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Аёллар эркакларнинг бир бўлагидирлар".

Исломда аёлнинг ҳаққига ҳар қандай шаклда путур етказиш ва эркакнинг ҳисобига аёлга адолатсизлик қилиш мавжудлигини тасаввур қилиш имконсиз. Чунки Ислом Аллоҳ таолонинг қонунидир ва Аллоҳ эркак ва аёлнинг ҳар иккисининг Роббидир.

Давоми бор...

Юсуф Қарзовий

Абдулҳалим Муҳаммад Абу Шиққа қаламига мансуб "Саодат асрида аёлни озод этиш" номли асарига ёзилган сўзбоши.

Абдулқодир ал-Азҳарий таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ихлос қаердан келади?

1047 23:05 04.10.2019

Нафсни енгишнинг йўллари

1098 23:05 03.10.2019

«Аллоҳга сидқидил бўлди, Аллоҳ уни тасдиқлади»

1209 14:50 01.10.2019

Ихлос аҳли билан улфат бўлиш

392 23:05 27.09.2019

Ихлосни пайдо қилувчи амаллар

885 23:05 26.09.2019

Ихлос руҳий қувват берадими?

539 22:00 19.09.2019
« Орқага