Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Аёллар либосларининг шаръий белгилари

2057

Шариатимиз аёлнинг ҳурматини сақлаган ҳолда, либос борасида у риоя қилиши лозим бўлган, аёлнинг ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зарари тегмайдиган баъзи кўрсатмаларни айтиб ўтган. У учун лозим баъзи нозик сифатларни баён этиб берган. Улар:

Биринчидан, либос бутун тананинг  Аллоҳ таоло  рухсат этган жойлардан бошқа барча қисмини ёпадиган бўлиши лозим. 
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Аҳзоб” сурасидаги ушбу ояти карима нозил бўлгач, ансор аёллари бошларига худди қарғалар қўниб тургани каби сакинат билан чиқадиган бўлдилар.  эгниларида қора либослари бўлар эди”. 

Иккинчидан, либос зийнат ўрнида бўлмаслиги лозим. Чунки, чиройли либос табарруж – очиқ-сочиқлик билан ўзини намойиш этиш сирасига кириб қолади. Бу эса, либоснинг асл диний  вазифасини йўққа чиқаради. 

Аллоҳ таоло дейди: «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса  илгари динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!  Намозни тўкис адо қилинглар! Закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига итоат этинглар! (Эй Пайғамбар)  хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос» (Аҳзоб, 33). 

Табарруж – бу зийнатни кўрсатиш,  аёл тарафидан ўз гўзаллигини кўз-кўз қилиш бўлиб, унинг барча тури фитнани келтириб чиқаради”.

Учинчидан, либос  аёл бемалол ҳаракатланадиган ва кенг бўлиши лозим. У ўз шаффофлиги билан жисмини кўрсатадиган ва сифатлаб қўядиган бўлмаслиги лозим. Чунки, бундай ҳарир кийимлар  аёлни фитнага олиб борадиган  зийнат ҳисобланади. Бундай либослар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу дунёда қанчадан-қанча  кийимли аёллар борки, Қиёмат куни яланғоч бўладилар”, деб марҳамат қилган эдилар.
Ушбу ҳадиси шариф  аёлларнинг охиратда “яланғочлар” сифатида тирилишдан огоҳлантириб, жисмларини кўрсатадиган даражада юпқа либос кийишдан қайтармоқда. 
Бугунги кунда қанчадан-қанча аёллар бор, кийимли яланғочдирлар. Эгниларидаги кийимларнинг тор ва юпқалигидан авратлари яққол кўриниб туради. Ана ўшалар ҳадиси шарифда огоҳлантирилган охиратда бўладиган қаттиқ ваъидга дучор бўладиганларга мисолдир.

Тўртинчидан, кийимда хушбўйлик инган бўлмаслиги лозим. Чунки хушбўй одамларни ўзига тортади, қалбларни ошуфта қилади, шунингдек, эркакларнинг фитналаб қўяди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага қаттиқ турганлар ва ҳатто хушбўйланиб кўчага чиқишни зино турларидан бири сифатида айтиб ўтганлар.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир  аёл  атир сепиб олиб бир қавмнинг олдидан ўтса ва улар аёлнинг ҳидини туйсалар, бас, у зониядир”, дедилар.”

Бешинчидан, Либоси эркакларникига ўхшамаслиги лозим. Бу андоза ва узун-қисқалик борасида бўлиб, шаръий жиҳатдан ажралиб туриши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки тоифанинг либосидаги ўзаро ўхшаш бўлиб қолишидан қаттиқ эҳтиёт бўлишга ундаганлар.  Бу борада аёлларни алоҳида таъкидлаганлар.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг либосини кийган эркакни ва эркакларнинг либосини кийган аёлларни лаънатладилар.”
Хоссатан, аёлларни эркакларга ўхшаб кийинишдан огоҳлантирганлар. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклардан аёлларга тақлид қилувчиларни ва аёллардан эркакларга тақлид қилувчиларни лаънатладилар.”
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ҳамда эркакларга тақлид килувчи аёлларни лаънатладилар».
Юқоридаги ҳадисларнинг ҳаммаси аёлларнинг кийиниш ва бошқа ишларда эркакларга тақлид қилиши ҳаром эканини билдиради.

Олтинчидан, муслима аёлнинг либоси кофирларникига ўхшамаслиги лозим.  Чунки фожира аёлларнинг кийиниши ортида манфур ниятлар ётади. Аёлларнинг ҳар модага тақлид қилавериши, уларни  онгсиз равишда  кофираларга эргаштириб қўяди. Ислом шариати муслима аёлга шундай бир алоҳида кўринишни жорий этиб қўйганки, унга ўзлардан бошқа ҳеч ким тақлид қила олмайди. 

Қуръони Карим шариатни ҳурмат қилишга чақиради. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўл-йўриқларини баён қилиб дейди: “Сўнгра Биз сени (дин) ишида бир шариатга йўлладик. Бас, унга эргаш, билмайдиганларнинг ҳавои нафсларига эргашма”, (Жосия, 18).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбарига унга эргашиш учун минал амр шариатни нозил қилиб, ушбу шариатга зид бўлганларнинг ҳойи-ҳавасларига эргашмоқдан қайтарди. 

Шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ўйлаб топаверадиган турли кийимларни (мода) кийишдан огоҳлантирганлар. 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эгнимда сариққа бўялган кийимни кўриб: “Албатта, булар кофирларнинг кийимидир, уни киймагин”, дедилар. 

Юқоридаги ҳадисдан ҳам билса бўладики, мусулмон кишининг кофирларга тақлид қилмаслиги ва ўзини уларга ўхшатмаслиги шариатнинг олий мақсадларидан биридир. Муслима аёл барча ишларда, хусусан, либос ва кийиниш услубида бу қоидага амал қилиши лозим бўлади.

Еттинчидан, либос кийишдан мақсад инсонлар орасида фахрланиш, кийими билан алоҳида танилиб туриш бўлмаслиги лозим. Агар кийимининг сифати, қимматбаҳолиги сабаб уни мақтаниш учун кийган бўлса, бу шаръан ҳаром амал ҳисобланади. Шунингдек, одамларнинг одатий кийимларидан кўра оддий ва кўримсиз либосларни ўзининг тақводор эканини билдириш мақсадида риё ўлароқ кийиши ҳам шариатимизда тақиқланган. 

Маълум бренднинг кийимларини одамлар орасида  реклама қилиш мақсадида кийиб юриш,  одамларни ҳайрат билан ўзига қаратиб, димоғдорлик қилиш ҳам ҳаром ишлардандир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Ким дунёда шуҳрат либосини кийса, Аллоҳ унга Қиёмат куни хорлик либосини кийдиради-да, сўнг ўша кийими билан оловда ловуллатиб ёндиради”. 
Юқоридагиларнинг ҳаммаси муслима аёл уйидан чиқишдан олдин киядиган либосига қўйилган шартлар ҳисобланади. Аёл кўчага чиқар экан, жисмининг юз ва икки кафтидан бўлак қисми асло кўринмаслиги, кийимлари ўта зийнатли, хушбўй, уни сифатлаб қўядиган даражада юпқа ва тор,  эркаклар ва кофирларнинг либосларига ўхшаган ёки шуҳрат учун кийиладиган бўлмаслиги лозим. 

Зебуннисо Қутбиддин қизи

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қозоғистон поездларида энди аёллар учун алоҳида вагонлар бўлади

537 13:07 13.10.2021

Кувайт: аёлларга армияда хизмат қилишга рухсат берилди

320 08:30 13.10.2021

Немис мусулмон аёллари иш жойида ҳижоб кийиш ҳуқуқи учун курашади

751 09:29 26.09.2021

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Қизларни албатта ўқитиш шарт, улар ҳам Аллоҳнинг бандаси!»

1273 12:55 25.09.2021

“Толибон” Хотин-қизлар ишлари бўйича вазирлик тугатилганини изоҳлади

1796 08:25 20.09.2021

Раҳбар аёллар иштирокидаги халқаро саммит Ўзбекистонда ўтказилади

763 22:35 07.09.2021
« Орқага