Ҳабиба хоним қизиқувчан, яхшигина диний билимга эга, хурофотдан узоқ, хуллас, зиёлидан ҳам зиёлироқ эди.
– Тушлар баъзан имконсиз кўринишларни тақдим қилади. Биласан, тушлар оламида шариат йўқ, Фазилат. Аллоҳ хайрга васила қилсин, сиқилма.
Ҳабиба уюшма бошлиғи, Фазилат эса шу уюшманинг шанба кунлари одамларнинг муаммоларини ечишда кўмаклашувчи кўнгилли аъзо эди. Сезгир, ёшгина Ойшагул котибалик қиларди. Гоҳ кулдириб, гоҳ ўйлатадиган шу қиз қўлида китоб билан ичкарига кириб келди.
– Яхшиям шу ерда экансизлар, – деди, – мен бу китоб муаллифига қўнғироқ қилиб, савол бермоқчийдим.
Фазилат Ойшагулни яхши кўрар, уни кўрганида ўзини хотиржам ҳис қиларди. Ҳазиломуз сўради:
– Тинчликми, Ойшагул, нима сўрамоқчисан?
Қиз уйига ўт тушган одамдек безовта, жаҳл билан гап бошлади:
– Бўлиши мумкин эмас! Асло мумкин эмас! Дунё оёғимиз остидан сирпаниб кетмоқда. Ҳамманинг парвойи палак. Ҳаёт тугаяпти. Мана бу китобда ёзилишича, “Бир кунда 140 турдаги ўсимлик ва ҳайвонлар йўқ бўлиб кетмоқда”. Ё Худойим! Дунё ҳалигача хатарни кўрмаяпти. Шу ҳақида сўрамоқчийдим.
Эшитган рақамларига ишонмаган Фазилат ҳайрон ҳолда Ойшагулга қаради: – Жинни бўлиб қолдингми? Агар кунига 140 та ўсимлик ва ҳайвон тури йўқ бўлиб кетса, ҳаёт тугарди. Ўйлаб кўр, бу рақамни 365 га кўпайтирсак...
Шундай дея қўлига қалам-қоғоз олди, кейин натижани айтди:
– Бир йилда эллик бир минг юз дона... Буни эллик йилга кўпайтирсак, икки миллион беш юз эллик беш минг бўлади. Лекин бу мумкин эмас! 140 даги ноль техник хато бўлса керак. Уни олиб ташланса, ўн тўрт қолади.
Ойшагул дарҳол ҳисоблай кетди:
– Майли, шундай ҳам бўлсин. Айтайлик, бу рақам 14. Унда йилига беш минг бир юз ўнта ўсимлик ва ҳайвон тури йўқоляпти, дегани. Бу ҳам даҳшатли эмасми? Дунё чўкиб кетяпти, лекин ҳеч кимнинг иши йўқ.
Фазилат хоним даст ўрнидан туриб, қаттиқ эътироз билдирди:
– Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Тўрт ҳам хато билан босилиб кетган. У ҳолда фақат бир қолади.
– Ўзимизни алдаяпмиз, – деди Ойшагул. - Аммо фараз қилайлик, сизнинг гапингиз тўғри. Дейлик кунига битта ўсимлик ёки ҳайвон нобуд бўлсин. Ҳар йили 365 ўсимлик ёки ҳайвон тури тугаб битяпти. Кичкина рақамми бу? Ақлдан озиш учун етарли эмасми? Устига-устак, бир кунда бир турнинг йўқ бўлиши бизнинг хаёлимиз, ҳақиқат эмас. Китобдаги учта рақам ҳам тўғри. Яъни 140 тур йўқолмоқда. Ер сувга ғарқ бўляпти. Фақат аҳмоқларгина буларни кўрмайди.
– Ўйлайдиганлар бор, лекин ҳар кимнинг ўз муаммоси бўлгани учун бу ишларга етарлича вақт ажратмайди.
Қиз Фазилатнинг бу гапидан баттар ғазабланди:
– Ҳар ким ўз дарди билан дейиш тўғрими? Бу муаммо ҳамманинг муаммоси эмасми?
Суҳбатни тинглаб ўтирган Ҳабиба хоним Ойшагулни ҳақ деб билар, ич-ичидан уни тақдирларди.
– У тўғри айтяпти. Биз бу масалаларга жиддий эътибор қаратишимиз керак, лекин инсоният кундан-кунга ёмонлашмоқда. Айниган томизғи қўшилган сутдек яроқсиз ҳолга келмоқда. Аввал тупроқми ёки одамми? Менимча, биринчи навбатда одам, шундай эмасми? Бу ишлар билан шуғулланиш учун инсон ҳақиқий инсон бўлсин.
Ойшагул беихтиёр бақирарди:
– Аввал ер! Ер бўлмаса, одам ҳам бўлмайди. Сизларга ақл ўргатмоқчи эмасман, лекин бу ҳақиқатни ўзингиз ҳам тушунсангиз, яхши бўларди, деяпман.
Ҳар дамда “эрозия-емирилиш” мавзусида гапирса-да, бошқа воқеалар тилга олинганда Ойшагул ҳам дунёдаги энг жиддий муаммо – эрозияни унутарди. Ўша кун шу тарзда ўтди, эртаси куни яна уюшмага келиб, суҳбатга киришишди.
Бугун Ойшагул жуда қувноқ, лекин Фазилат хафа, юзида изтироб тўпланиб қолгандек кўринарди.
Жиринглаган овоз эшитилганида ҳамма бирдан телефонга қаради. Ойшагул ўрнидан тураркан минғирлади:
– Шу қўнғироқ овози янаям маданийроқ бўлиши керак. Ҳар телефон жиринглаганда, мия ҳужайраларим қалтираб кетади.
Кейин гўшакни кўтарди:
– Эшитаман, “Оилага хизмат” уюшмаси.
Нариги томондаги одам бақирди: – Ўша ерда Ҳабиба деган хотин борми? Бор бўлса, дарҳол чақир!
Ойшагул қаттиқ ғазабланди:
– Жаноб! Нима деётганингизни биласизми? Озгина маданиятлироқ бўлсангиз-чи!
– Менга ақл ўргатма! Гўшакни бошлиғингга бер! Хотинларни йўлдан уриш нима эканини унга кўрсатаман!
– Кечирасиз, гўшакни ҳеч кимга бермайман. Сизга эса хайрли кун тилайман.
Ойшагул гўшакни қўйгандан кейин уюшма бошлиғи Ҳабиба хонимга юзланди: – Вой, опа... “Оилага хизмат” уюшмасимиз деб, одамларга қул бўлишимиз керакми? Худо ҳаққи, ёмон жаҳлим чиқди!
Ҳабиба хоним билан Фазилат хоним Ойшагулнинг гапларидан қотиб-қотиб кулишарди.
Қиз хўмрайганча сўзларди: – Албатта, куласизлар-да. Ахир бу халқнинг жабрини сиз тортмайсиз. Қай бирингиз хато қилсангиз, бадалини мен тўлайман. Телефонлар дардини менга тўкади, ҳақоратларини менга йўллайди.
Ҳазилни яхши кўрадиган Ҳабиба хоним деди:
– Ойшагул, шу пайтгача телефон дарди деган нарсани эшитмаган эканман.
Кўзойнагини тозалаётган котиба кўзини қисганча жавоб берди:
– Сизга кулиш бўлса... Қўнғироқларга жавоб берадиганларнинг қандай гаплар эшитишини билмайсиз-да... Худо хоҳласа, ўша қўпол одам яна қўнғироқ қилса, гўшакни дарҳол сизга бераман.
Ойшагул йигирма беш ёшда. Отаси фалаж бўлгани учун ишлашга, ўзини ўзи таъминлашга мажбур эди. “Оилага хизмат” уюшмасига ишга кирганига эндигина бир йил тўлган бўлса ҳам, вазифасини чин дилдан бажарадиган масъулиятли бу қизни ҳамма яхши кўрарди. Ўзига ишонар, иши ҳам, гапи ҳам ўрни-ўрнида эди.
Телефон яна жиринглади, Ойшагул дарҳол жавоб берди:
– Эшитаман, “Оилага хизмат” уюшмаси.
Бу сафар гўшакдаги овоз янаям қаттиқроқ чиқди:
- Ҳой, менга қара, ё телефонни ўша аҳмоқ Ҳабибага берасан, ёки мен ҳозироқ ишхоналаринга бораман!
Ойшагул хурсандлигини ифодаловчи имоишора билан бошлиғига юзланди:
– Мана, хоним, олинг.
Гўшакни бериб, ўзи Ҳабибанинг рўпарасига ўтирди. Шу кўйи ундан кўзини узмади.
Хоним гўшакни олиб, жавоб берди:
– Лаббай, Ҳабибаман.
Эркакнинг овози ҳаммага эшитилди:
– Ҳой хотин, менга қара! Аёлларимиздан қўлингни торт. Йўқса қўлингни синдираман. Сенга нима ёмонлик қилдик?
Ҳабиба хоним пинагини бузмасдан сўради:
– Кимсиз, жаноб? Мендан нима истайсиз?
– Ҳожарнинг эриман.
– Қайси Ҳожар, жаноб?
– Ҳой, жаноб-панобингни йиғиштир, асабимни бузма! Камига Ҳожарни танимайман, деб ғазабимни қайнатма, тушундингми? Сенинг дастингдан уйда тинчлик қолмади. Сени деб хотинимни уч марта урдим.
– Лекин мен ҳалигача айбимни тушунмаяпман. Сизга нима қилдим?
Кўзлари тўқнашганда Ойшагул “Қандоқ яхши!” дегандек имо қилди. Ҳабиба хоним “Бир дақиқа”, деб қизга қаради:
– Бу нимаси? Мендан қасос оляпсанми?
– Худди шундай.
– Сен билан кейин гаплашамиз.
Сўнг яна одоб билан телефондаги одамга мурожаат қилди:
– Хўш, нима қилганимни айта оласизми?
– Яна нима қилишинг керак? Хотинимни ота уйига беш йилдан бери юбормасдим. У ҳам индамай бўйсунарди. Сен “Агар эри ҳеч қачон рухсат бермаса, аёл унинг изнисиз ота-онасини кўргани бориши мумкин”, дебсан. Кимсан ўзинг, бундай фатво берадиган? Аллоҳ таоло: “Аёл эрининг рухсатисиз ҳатто отасининг жанозасига ҳам боролмайди”, демаганми?
– Дардингизни энди тушундим. Аллоҳ таоло ундай демаган. Ўз фикрингизни Аллоҳнинг буйруғи каби кўрсатманг, Аллоҳнинг номидан гапирманг. Аслида шу аҳволга ҳам ўз қарашларимизни қўллайвериш билан келдик. Ҳамма нарсанинг ўрни бор, жаноб. Тўғри, аёл эрининг рухсатисиз боролмайдиган жойлар мавжуд. Ўз навбатида, айрим ҳолатларда хотини истамаган жойга эркак ҳам боролмайди. Аммо бу қоидалар сиз айтганингиздек эмас. Исломни ўзингизга ўхшатолмайсиз, бунга ҳақингиз йўқ.
– Сен энди менга қарши чиқяпсанми? Шундай қилиб, хотинимнинг фикрини ўзгартирмайсанми? У яна отасиникига борадими?
– Бу менинг фикрим эмаски, ўзгартирсам. Ислом шундай буюрган. Мен Исломни ўзгартиролмайман.
– Сизнинг Исломингиз аёлларни ҳимоя қиладими?
– Йўқ, ҳақни ҳимоя қилади! Лекин адашмасам, миянгизда тўқиб чиқарган исломий тушунчангиз фақат эркакларни ҳимоя қилади, шундайми? Эртага қизингизга ҳам куёвингиз сизни кўришга рухсат бермаса, ўшанда тушунасиз.
– Нима? Менга қизимни кўрсатмайдиган даюс ҳали дунёга келмаган!
– Шундайми? Куёвингиз ҳам худди сиздек йўл тутиб, буни Аллоҳ буюрган, деса, нима қиласиз? Сизга яхши фикрлар тилайман, жаноб. Айтмоқчи бўлганларим шулардан иборат.
Ҳабиба хоним гўшакни қўйиб, Ойшагулга юзланди. Қиз айёрона куларди:
– Мана, кўрдингизми, опа? Мен ҳар куни шулар билан овора бўламан. Сизни чарчатмаслик учун уларга гап уқтиришга уринавериб ақлим чарчади, лекин буни тушунмайсиз.
– Яна теша тегмаган гапларни айтяпсан. Ақл чарчайдими, Ойшагул?
– Албатта. Агар бир вақтнинг ўзида жуда кўп нарсаларни ўйлаш керак бўлса, онг чарчайди. Бу ҳам менинг фалсафам. Нима бўлганда ҳам, ҳар ким ўз ақлига кўра бир фалсафани ўртага ташлайди. Нега мен ташламаслигим керак?
Суҳбатлари анчага чўзилди. Ниҳоят Фазилат хонимнинг хомуш эканини пайқашди. Ҳабиба хоним сўради:
– Тинчликми, Фазилат? Ўтиришинг ғалати, нима бўлди?
Фазилатнинг кўзлари ғамга тўла эди. – Ўз дардинг ўзингга етарли, Ҳабиба, мен ҳам қўшимча бўлмай.
– Қизиқмисан?! Биз олисдаги одамларнинг дардига чора излаймиз, уларни тинглаймиз-у сени эшитмасмидик?
Ойшагул шикоятомуз гапирди:
– Яқинларда дард нима қилсин?.. Сиз фақат узоқдагиларнинг муаммосини тинглайсиз, бизники муҳим эмас.
Ҳабиба хоним бироз тин олгач, чуқур хўрсиниб қўйди.
– Ҳамма мендан норози. Ҳамма “Сен мен билан қизиқмайсан...” дейди. Хўш, мен қизиқаётган одамлар ким? Яна “Менга қўнғироқ қилмайсан”, дейишади. Хўш, мен қўнғироқ қилаётган кишилар ким ёки қаерда? Нега ўша одамлар йўқлаганим учун раҳмат айтмайди? Нега яна теваракатрофдан фақат шикоят эшитаман?
Фазилат хоним жуда онгли, маданиятли аёл эди. Ўз фикрини билдирмасдан туролмади:
– Бу одамлар сени яхши кўришларини билдиради. Эсингдами ёшлигимизда ҳам бутун маҳалла сенга ошиқ эди. Орадан йигирма йил ўтди, лекин сенинг феълинг ўзгармади.
Ҳабиба хоним кулди:
– Бундан бирор фойда бўлдими? Ўша-ўша мендан норозилик... Майли, қўй бу гапларни. Сенга нима бўлди, Фазилат?
– Ўзинг билган нарсалар. Али... Али... юрагимга ботадиган, ғуруримга тегадиган гаплар айтяпти. “Йўқол, кет!” деяверади. Энди чидолмайман. Уюшмамиз бошқаларнинг муаммоларига ечим қидиради, мен одамларга ёрдам бериш мақсадида чопаман, аммо ўз дардимга даво тополмаяпман.
– Ҳайронман, Фазилат, бир пайтлар сени деб ақлдан озаёзган одам бу ҳолга қандай келиб қолди?
– Мен ҳам шунга ҳайронман. Олдинги Алини шунчалар соғиндимки... Тўйимиз совчилар орқали бўлганидайди, бунчалар нозик ва мулойим, яъни аслидагидан ортиқча муносабат қилмаган бўлармиди? Мен ҳам унинг меҳрибонликларини кўрмасдим, шунда ҳозиргидек ҳафсалам пир бўлмсди. Бошим қотган. Яхшиям ишхонамиз бор, шу ерга келиб, оз бўлса-да, дардларимни унутаман.
– Тўғри айтасан... Қийинчиликларни ҳадеб ўйлайвериш, сиқилавериш ярамайди. Одам ўзини бошқа нарсалар билан чалғитиши керак.
Ойшагул суҳбатга аралашди:
– Тўппа-тўғри. Агар доим муаммоларимни ўйлаб юраверсам, жинни бўпқолардим. Лекин ўзимни ўзим тартибга чақириб тураман. Ҳабиба хоним ажабланди:
– Сенда ҳам дард борми, Ойшагул?
Қиз кулмоқчи бўлди, лекин уддалолмади:
– Юраги бор одам ғам-ташвишсиз бўлиши мумкинми? Сиз оилалилар турмуш қурмаганларнинг ғам-қайғуси йўқ, ҳамма ташвиш оилалиларда, деб ўйлайсиз. Лекин биз ҳам одаммиз, ўзимизга яраша ташвишларимиз бор. Агар бирор ёш қиз тажовузга учраса, ё жисмоний камчилиги бўлса, ёки ота-онаси бўлмаса, шуни дард ҳисоблайсиз, бундан бошқасини муаммо санамайсиз. Лекин бу нотўғри.
– Шу гапларни бизга айтяпсанми, Ойшагул? Биз фақат чумолиларнинг дардлари билан шуғулланмаймиз холос, деб ўйлардим.
– Мен-чи? Майли, мени қўятурайлик, наздингизда умуман ташвишим йўқ. Лекин бошқа ёшлар-чи? Улар ҳақида ҳам ўйланг, ғамхўрлик қилинг. Ёшларнинг ҳам ғам-қайғулари бор. Қолаверса, ёшликнинг ўзи энг катта муаммо.
Ҳабиба хоним кулиб сўради:
– Сенинг юрагинг бизники билан тенг эканини биласанми? Нима, биз қаримизми? Ахир эндигина қирққа кирган бўлсак.
Улар завқ билан гаплашаётгандек кўринса-да, иккови ҳам Фазилат хоним ҳақида ўйларди. Ойшагул Фазилат хонимга қаради, сўнг фикрини билдирди:
– Шайтон айтяптики: “Шундай китоб ёз, унда эркагу аёл борича кўринсин. Севганига сохта муоамала қилмасин”. Фазилат опамга шунчалик ачиндимки, Али поччамнинг олдига бориб, ичимдагиларни шартта-шартта юзига айтиб ташлайман.
Ҳабиба кулиб изоҳ берди:
– Шайтон бундай гапларни айтмайди. Бу васваса сенинг фикрингдан келиб чиққан. Ёзмоқчи бўлган китобингга келсак, “Эркаклар аёлларни танимайди” деб номла, одамлар қизиқиб сотиб олишади.
Ҳамкасблар қувончу қайғуларини баҳамлашиб, кунни кеч қилишди.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)