Мутолаа
Азиз ўқувчиларим! Сиздан бир илтимос. Қўлингиздаги китоб ўта нозик мавзуни ўз ичига олади, шу сабабли унинг мазмунини ҳеч кимга сўзлаб берманг. Ҳар ким ё ўзи ўқиши, ёхуд бу китоб мавзусига оид ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаслиги керак. Чунки мазкур асар қисқача айтиб берилса, мутлақо нотўғри тушунилиши эҳтимоли бор. Мен қаламга олган мавзу бугунгача деярли ёзилмаган, шу сабабли илтимосимга тўғри ёндашасиз деб ўйлайман. Сўзларимни эътиборга олишингизга умид қилган ҳолда, олдиндан миннатдорлик билдираман. Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, роман қаҳрамони Алига ўхшайдиган эркаклар аёлининг ушбу романдаги яна бир қаҳрамон Фазилатнинг аҳволига тушиб қолиши мумкинлигини билиб, тадбирли бўлишсин. Аёлнинг тўғрилигидан, соддалигидан бошқалар ўз манфаатлари йўлида фойдаланмасин. Инсон руҳиятидаги бошқа бир инсонни танишимизни тилаган ҳолда,
Номус жанги
– Фазилат, тўхта! Тўхта, сакрама! Ўз жонига қасд қилиш гуноҳ, қайт!..
Жар ёқасида ўзини ташламоқчи бўлиб турган Фазилат йиғлаганча дугонаси Ҳабибага юзланди:
– Мени тинч қўй, яқинлашма менга! Яшашни истамайман. Эрли аёл бўлатуриб, бошқа бировни севиб қолдим. Буни кўтаролмайман. Ғурурим ер билан бир бўлди, шаънимга доғ тушди...
Ҳабиба хоним шом қоронғусида юзи аранг кўринаётган дугонасига ёлворарди:
– Агар ҳозир жонингга қасд қилсанг, тананг қабрга кирмасидан нариги дунёга кетасан. У ерда қийналмайсанми? Қўй, агар адашган бўлсанг, қайтасан, тавба қиласан. Банда янглишади, ахир!
Дугоналар орасида беш-олти метрга яқин масофа бор эди. Ҳабиба олдинга юрганди, Фазилат телбаларча бақиришни бошлади:
– Тўхта-а-а! Агар яна бир қадам яқинлашсанг, ўзимни пастга ташлайман. Яшаётган ҳаётимдан, тушган аҳволимдан уяламан. Кўзгуга ҳам боқолмайдиган ҳолга тушдим. Фарзандимга ҳар қараганимда уялиб кетяпман.
– Фазилат, ҳеч бўлмаса озгина гаплашайлик. Кўзи қонга тўлган Фазилат Ҳабибага ғазаб билан қаради. Нигоҳлари қўрқинчли эди. Ҳабиба бу қарашдан чўчиб кетди. Фазилат худди дугонасини жардан улоқтирмоқчидек, еб қўйгудек боқарди.
– Менга бундай қарама, ўзингга кел. Нима қилаётганингни биласанми, Фазилат? Сендек ақли расо аёлга шу иш ярашадими? Ўз жонига қасд қилиш катта гуноҳ-ку! Ақли жойида бўлатуриб ўзини ўлдирган одамга жаноза намози ҳам ўқилмаслигини биласан-ку! Ҳам тиригингни, ҳам ўлигингни шарманда қилмоқчимисан? Фикрингдан қайт! Қара, катта тоғда фақат иккимиз. Бу ерда бизни бўрилар еб кетади. Юрақол, кетайлик, қизинг ҳам сени қидираётгандир. Ҳечқурса болангга раҳминг келсин.
– Йўқ! Йўқ! Ҳеч ким ҳақида ўйлайдиган ҳолатда эмасман. Оилали эдим, бу аҳволга тушмаслигим керак эди. Юрагимга бўйсунмаслигим керак эди.
Атроф зим-зиё, бўрон кучайди. Тўзғиб кетган сочлари тўсиб қўйганидан Фазилатнинг юзи бутунлай кўринмай қолди. Бу фурсатдан фойдаланган Ҳабиба олдинга ўқдай интилди. Фазилат уни кўриб бақирди, овози рўпарадаги тоғларга урилиб акс-садо берди:
– Келма-а-а! Келма-а-а…
Шундай дея ўзини қоядан ташлади. Пастга тушаркан, тинмай: “Мен учун Аллоҳга дуо қил...” деб такрорларди.
Ҳабиба ҳайрат ичра қараб турар, улкан қоядан қулаётган дугонаси аранг кўринарди. Пастга тушиб, Фазилатнинг ёнига борди. Эҳтимол ўлмагандир, деб умид қиларди. Дугонасини топди, юзи мушукка ўхшаб қолган, Ҳабибага тиржайиб
қараб турарди. У қўрқувдан бақира бошлади:
– Ёрда-а-ам! Ёрдам бери-и-инг! Ким бо-о-ор?..
Сапчиб ўрнидан турган Фазилат атрофга қаради. Туш кўраётганини англаган бўлса ҳам, юраги ҳамон гурсиллаб урарди. Қанча уринмасин ўзига келолмасди.
Чироқни ёқди, хонага кўз югуртирди. Соат тунги уч. Эри Али ҳали ҳам келмабди. Секин қизининг хонасига борди, юзларидан ўпганча пичирлади:
– Жоним болам, нима бўлса ҳам, ўзимни ўлдирмайман. Сени чирқиллатиб кетмайман.
Ҳозиргина кўрган туши таъсирида кўзёшлари тинмас, ўз-ўзича шивирларди: “Аллоҳдан топ, Али! Менга севги бермадинг, меҳр бермадинг, сен сабабли қалбим дунё орзуларига эришиш пайига тушди. Тушларимни ҳам буздинг, Али... Мени шу кўйларга сен солдинг, Али...”
Эртаси куни тушини дугонаси Ҳабибага айтиб берди. Охирида: “Қаттиқ қўрқдим. Ишқилиб, бошимга бирор бало келмаса эди”, деди.
(давоми бор)
Амина ШЕНЛИКЎҒЛИ