Аёлларнинг машина ҳайдаши  ("Замонавий масалаларнинг шаръий ҳукмлари")

20:15 15.07.2019 2755

Савол: Шу кунларда йўлларимизда машина ҳайдаётган аёлларни кўп учратмоқдамиз. Эшитишимизча, мусулмон ўлкаларда уларнинг машина бошқариши ҳақида бир-бирига зид фикрлар мавжуд экан. Аслида аёлларнинг машина ҳайдаши масаласига динимиз қандай қарайди?

Жавоб: “Сайрул кабир”нинг шарҳида айтилади: “Муслима аёл эгарга минмайди. Бу Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: “Аллоҳ эгарлардаги фаржлар (аёллар)ни лаънатласин”, деган ҳадисларига биноандир. Бундан эгарга кўнгилҳушлик учун ёки ўзини эркакларга кўз-кўз қилиш учун минишлик ирода қилинган. Аммо унга эҳтиёжи борлигидан минса зарари йўқдир. Масалан эри билан ҳажга борганда ўранган ҳолда мингани каби”. Бу сатрлар “Сайрул-кабир” каби қадим китобимиздаги от, туя каби уловларни минишнинг ҳукми. Энди замонавий улов ҳисобланган машина ҳайдаш масаласига келсак, бу тўғрида замонамиз уламоларининг фикрлари қуйидагича: 

Сурия уламоларидан устоз доктор Ваҳба Зуҳайлий айтадилар: “Шаръан муқаррарки, аёл шаръан мубоҳ бўлган ишларни қилишдан маън этилмайди. Аёл машинани якка ҳайдаса ҳам, ёнида бошқа киши бўлса ҳам, бу жоиз амалдир. Чунки Исломнинг илк даврларида, турли асрларда аёллар туя, от каби уловлар минишган. Бу шаръан маън этилмаган. Лекин бунда асосий шарт аёл ҳаракатланишда, машинани миниш ва бошқа ишларида шариат доирасида бўлмоғи, унга кўзи тушганларга фитна бўлмайдиган даражада муҳташам кийиниши керак.

Европа фатво мажлисининг аъзоси Юсуф Абром айтадилар: “Ҳайдовчилик мубоҳ иш. Лекин ҳаром этилган ишга олиб борса унда ҳаром бўлади. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда эркаклар аралашмаган ва аёл эҳтиром қилинадиган таълим жараёнида қатнашса, сўнг машинани ўзи ва оиласи учун фойдали йўлда ишлатса, машина ҳайдашга монеълик йўқ деб биламан”.

Ал-Азҳар уламоларидан устоз, доктор Абдулфаттоҳ Ошур айтадилар: “Модомики аёл уйидан Аллоҳнинг шариатига риоя қилган ҳолда чиқар экан, унинг машина ҳайдашининг зарари йўқ. Модомики биз уни эркакнинг шериги деб тан олган эканмиз, таълим олишда, турли вазифаларда ишлашида уни тенг кўрарканмиз, машина ҳайдашида ҳам ҳеч қандай ёмонлик йўқдир. Буни маън этганлар ҳазир ва эҳтиёт бўлганликдан қилганлар. Энди аёл турли масалаларда эркак билан тенг мақомда кўрилаётган жорий муҳитда бундай эҳтиёткорликнинг маъноси бироз йўқолган. Биз таъкидлашимиз лозим бўлган нарса шуки, аёл албатта Ислом одоби билан одоблансин. Машина миниб шубҳали жойларга ёки ўзини ва шаънини хатарга қўядиган томонларга бормасин. Бундан бошқа ҳолларда ҳеч қандай монеълик йўқ. Балки аёл ўзи танимайдиган ёки аёлни танимайдиган бегона киши билан бир машинада юришдан кўра унинг машина ҳайдаши афзалдир”. 

Тўғри, саудиялик айрим олимлар машина ҳайдаш аёлни эркаклар назарига тушиши, ҳаёсининг камайиши, уйидан кўп чиқиши, ўзига эрк бериши, эрига бўйсунмаслиги, шаъни хатарда қолиши, шундоғам тирбанд кўчаларнинг янада тиқилинч бўлиши, ортиқча ҳаражатларга сабаб бўлиш каби фасодлар сабабидан унга машина ҳайдаш жоиз эмас, дейишади. Лекин бу ҳукм фақат Саудия мамлакатига тегишлидир. Қолган мамлакатлар эса бу ишдан келадиган фойда ва зарарларни ҳисоб китоб қилиб ҳукм берадиган ишончли уламоларининг фатволарига қарашади. Жумладан биз ҳам юқорида фикрлари келтирилган муҳтарам уламоларнинг раъйларига мойилмиз. Чунки улардаги ижтимоий ҳолат, аёлнинг жамиятда тутган ўрни бизникига ўхшашдир. Қолаверса икки зарар тўғри келиб қолганда уларнинг енгилини олиш шариатимиз қоидаларидандир. Аёлнинг машина минишидан келадиган зарардан унинг жамоат транспортидан фойдаланиш ёки бегона эркак билан хилватни юзага келтирадиган таксига минишидаги зарардан енгилроқдир. 

Аммо аёл кишининг такси ҳайдаб одам ташишига келсак, бу шаръан жоиз эмасдир. Зеро бунда аёл шаъни муқаррар хатарга қўйилган бўлади. Шунингдек аёллар машина ҳайдаши одатга кирмаган минтақаларимизда уни тарғиб қилмаган маъқул. Чунки жавобимиз аёлларга машина ҳайдаш рухсатлиги ҳақида бормоқда.  Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!