Аза маросимидаги бидъатлар...

20:00 14.05.2018 4461

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаззатларни кесувчи (ўлим)ни кўпроқ эслаб туринглар» дея марҳамат қилганлар. (Имом Термизий ривояти). Ва яна: Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалламнинг «Аллоҳга ва охират кунига ишонган аёлнинг ўлик учун 3 кундан ортиқ аза тутиши харомдир, фақат ўлган эри учун 4 ой 10 кун аза тутади» деганларини эшитдим (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло Ислом динини жуда мукаммал қилиб нозил қилган. Инсонларнинг ҳар бир ҳолатлари ҳақида бу динда мукаммал кўрсатмалар борки, ҳаттоки бу фоний дунёда сўнги манзилга томон бориш маросимлари, ундаги амаллар ҳақида ҳам фарзлар, суннатлар, вожиблар келганки, инсон уларни билмоғи зарурдир. Бунда эса аёллар ҳам тенг ҳисобланиб аёллар ўзларига хос масалаларга этибор бермоқлари шарт. Айниқса бугунги кунга келиб аёллар орасида жаноза масалаларида турли бидъатлар кўпайган даврда. Юқоридаги ҳадислардан кўринадики, аза нафақат аёл учун балки эркаклар учун ҳам 3 кундир. Аммо бугунга келиб юртимизнинг бази ҳудудларида аза маросимлари шунчалар чўзилиб кетдики, натижада ўлик эгалари умрларини аза маросими учун олган қарзларини тўлаш билан ўтказадилар. Аввало ўлим, маййитни ювиш, кафанлаш ва аза маросимларининг Исломдаги меъёрини ёритиб ўтамиз.

Ўлим олди ва ўлимдан сўнг маййитнинг яқинлари қиладиган амаллар қуйдагилар:

Ўлими яқинлашган кишининг ҳолати. У ҳолатда кишининг икки оёғи заифлашади, бурни бироз қийшаяди, юзинг териси чўзилиб икки чаккаси пасаяди. Агар кишида шу ҳолатлар пайдо бўлса, ёнидаги киши суннатга мувофиқ уни ўнг томони ила ётқизиб қўйиш керак. Бунга далил Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳ тўғрисида:

Маййитнинг эгаларги устидаги ҳақлари 4та. «Байтул Ҳаром тирик ва ўлим холатингиздаги қиблангиздир» деганлари (Абу Довуд ривояти).

Агар қиблага юзлантиролмаса оёғини қиблага қилиб қўяди, чалқанча ҳолда ётқизиб, Калималарни қайтариб туради. Ва яна “Ёсин” сураси ўқиб турилса осон бўлади. Агар жон берса кўзларини юмиб, икки оёғини бўйлаб қўяди. Ва сўнгра доу қилиб қўяди.энг машхур дуо: “Аллоҳумма яссир аълайҳи амроҳу, ва саҳҳил алайҳи ма баъдуҳу ва асъидҳу би-лиқоика, важаъл ма хорожа алайҳи хойром-мимма хорожа анҳу”.

Маййитни ювиш.

Кафанлаш.

Жаноза ўқиш.

Дафн қилиш.

Маййитни ювишда: бу фарзи кифоя амалдир, агар маййитни ювишга сув топилмаса, таяммум қилдирилади. Маййит одамларда холи ҳолда сақланади. Аёл кишини аёллар, эр кишини эркаклар ювишади. Ҳаттоки эр ўз аёлини юволмайди, чунки никоҳ ақди узилади, аммо аёл ўз эрини юволади, чунки идда ҳаққи бўлгани учун. Маййитни ювувчи киши оқил ва балоғатга етган бўлиши шарт. Шу билан бирга ювувчи киши солиҳ, тақводор, ишончли, жаноза ва ўлим ҳақида яхши биладиган бўлиши керак. Ювишдан аввал фарзи кифоя деб ният қилмоғи лозим. Ювувчи маййтни эҳтиётлаб, авратларини кўрмаслик учун устига мато ташлаб кийимларини шу ҳолда ечиб олади ва аста ювишга мўлжалланган тахтага олади. Ювувчи маййитни авратларига қараши жоиз амас бунга далил Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга: «Сонингни бировга кўрсатма ҳамда тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига қарама» деганларидир (Имом Аҳмад ривояти).

Яна ювувчи маййитнинг айбларини ҳеч кимга айтмас даражада омонатли бўлади.

Ювишни вожиб қилувчи шартлар:

Маййит мусулмон бўлмоғи.

Маййит тирик туғилганлиги маълум бўлмоғи.

Чунки ўлик ва чала туғилган чақалоқлар устида сув қуйиб, бир матога ўраб дафн этилади. Лекин ювиб жаноза ўқилмайди.

Маййитнинг жасади бутун бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, кўпроқ қисми ёки ярми боши билан бирга бўлиши керак.

Агар киши сувда чўкиб ўлса, ўша сувга ғусл ниятида 3 марта пишиб олинади.

Ювиш тартиби:

Маййитни жунуб киши ювингандек 1 марта ювиш вожиб.

Ювувчи қўлига қўлқоп кийиб олади. Бугунги кундаги медийина қўлқопларими ёки уй эгалари тикиб қўйган матода бўлган қўлқопми, кийиб олса бўлаверади.

Аввал марҳумни бироз суяб ўтирғизиб қорни силанади, агар силаганда нажосат чиқса ўша жой латта билан тозаланади. Маййит ифлосланган бўлса, ювувчи уни тозалаб кирларини озор бермай совун билан ювади, авратларини эса алоҳида латта билан ювади.

Намозга таҳорат олинганидек таҳорат қилдирилади. Лекин оғзи ва бурни сув билан чайилмайди

Агар маййит балоғатга етмаган бўлса таҳорат шарт эмас.

Аввал ўнг тарафи, сўнг чап тарафи ювилади. Аммо устида мато бўлади бутун танаси ёпилиб турадиган даражада. Сув илиқ бўлиши афзалдир.

Марҳумнинг сочи таралмайди, тирноғи ва сочи олинмайди.

Маййитни 3 марта ювиш суннат.

Ювиладиган сувга ҳушбўйлик аралаштирса яхши бўлади.

Сув оқиб кетадиган жой бўлмоғи афзал.

Сўнгида бутун бадан сочиқ билан артилади.

Маййитни кафанлашда:

Кафанлаш ҳам мусулмонлар орасида фарзи кифоядир.

Кафан 3 хил бўлади – зарурий кафан, кифоя кафан ва суннатга мувофиқ кафан. Бу эр киши ва аёлга ҳам тегишлидир.

Зарурий кафан – бутун тана ёпилса кифоя қиларлик кафан.

Кифоя кафан – инсоннинг ҳаётлик вақтида энг кам миқдорда кийимдир. Бундай кафан эр кишида 2тадир. Лифофа-бош-оёқ ўраладиган мато ва изор- бўйиндан то оёқлари билан ўраладиган мато. Аёл кишида эса 3 тадир. Лифофа, изор ва химор-юз билан бошни ўровчи мато. Бунда ками макруҳдир.

Суннатга мувофиқ кафан – эр кишиларга: лифофа, қамис бўйиндан бошлаб то оёқларини ҳамўровчи мато, изор. –аёлларда: лифофа, изор, қамис, химор ва икки кўкрагини киндигигача боғланидган мато.

Кафанлашда:

Аввал лифофани ерга ёйиб, унинг устига изорни ёйилади. Маййитни изор усйига қўйилади ва қамис бўйнидан бошлаб то оёқларини ҳам ўрайдиган матони оҳиста кийдирилади унинг тешик жойи бўлиб бош тарафи тешик бўлади. Сўнг сочи икки бўлак қилиб кўкрагига қамисни устидан қўйилади. Сўнг химорни сочи тепасигача лифофа остига қилинади. Изор ва лифофа ила ўралади ва кафан очилиб кетмаслиги учун бошини тепаси, бели, тиззаси ва оёғи пастидан боғлаб қўйилади.

Кафан оқ рангда бўлиши, ҳушбўйлик тоқ миқдорда сепиш мустаҳаб ва мато қимматбаҳо бўлмаслиги мустаҳабдир[i].

Қолган икки маросим, яъни Жаноза ва дафн маросимлари эр кишиларнинг вазифасидир. Энди бугунга келиб аёллар орасида ҳаттоки маййитни ювишда пайдо бўлган бази ножоиз ишлар ҳақида айтиб ўтамиз. Шу ергача маййитни ювиш ва кафанлаш Исломдаги кўрсатмаси қандай эканини айтиб ўтдик. Бугунга келиб 130 йиллик мустабид тузум ва ҳудосизлик пайтида барча жабҳаларда бидъатлар пайдо бўлгани каби маййитни ювишда ва аза маросимларида ҳам баъзи ножоиз ишлар кириб қолганлиги ачинарли албатта. Мисол қилиб юртимизнинг асосий ярми бўлган водий ҳудудларда маййитни ювиш пайтида оғиз бурунларига пахта тиқиб тозалашлар борлиги, сочларини тараб иккига ажратиб ўриб қийишлар борлиги дилни хира қилади албатта. Бу ҳам камдек ҳамма маросим жанозадан кейин бошланади.

Яъни биргина Фарғона вилояти жиҳатидан олсак, бу ҳудудда маййит қабрга қўйиб келингач ўлик эгалари ош пиширишади. Бу ошнинг номи «Сабр оши» ёки «Қора ош» дейилади. Буни ўликнинг эркак қариндошлари ейишади. Жаноза кунидан бошлаб маййитнинг умри ўтган уйда ёки маййит жони чиққан пайтда бўлган уйга ҳамон 40 кунгача чироқ ёқиш бор. Баъзилар бугунги кундаги электр токидан фойдаланишса, базилар пахтани ёғга ботириб ёқиб ёнига райҳон сув қўйиб қўйилади. Жанозанинг 3-куни маърака маросимдан сўнг аза тугатилмай энди ҳар пайшанба уй эгалари эрталабдан қозон осишиб, таъзияхонларни кутишади. Қишлоқ аҳли, танишлари, яқин-узоқ ким эшитган бўлса аёллардан иборат жамоа эрталабдан, то шомгача келаверишади. Бу таъзияхонлик то «40 кунлик» маросим ўтгунча давом этади. Шу «40 кунлик» маросимида қўшиб «Қаъда» маросими бор. Бу маҳаллий аёлларнинг энг муҳим маросимлари ҳисобланиб, унда ўлик эгалари ҳали аламлари, азаларининг ўрни битмай, ҳам маънавий, ҳам моддий қийинчиликда бўлсалар-да, аёлларни тўплаб ўлик ҳаққига деб бу маросимни ўтказишади.

Энг ачинарлиси бунда ўлик эгалари аёлларга бугунга келиб каттароқ харажат талаб қилувчи буюмларни тарқатишлари керак. Кимгадир берганлари ёқмаса албатта алмаштириб беришади. Чунки буюмни олган аёл уялмай берилган нарсани камчилигини айтадиган ҳолатлар ҳам бор. Кейин 52 ёки 53 дейилгувчи маросим бор, бу ҳам аёллар жамоасида давом этади. Бунда ҳам таъзияхонлик, ўлик эгаларини қарзга ботирар даражадаги харажатлар. Яна маросим бошқарувчиси бўлган «отин ойи» дейилган аёл ўлик чиққан ҳонанкнг полига игна санчиб чиқади. Кейин ўртада бироз тин олишиб мусулмонларнинг энг севимли, энг шодон ўтадиган икки байрами Ҳайитларнинг қайси бири ўлимдан сўнг келган бўлса, «Ҳайит оши» тарқатилади. Бу худди валийма ошидек катта ва дабдаба билан ўтади. Қувонч кунлари яна азахонлик, яна таъзияхонлик. Бу ҳадисга қарши чиқиш эмасми? Энг сўнгида эса ўлим бўлган санадан 11ой ўлик эгалари ширгуруч, яъни сутга гуруч солиб пишириладиган таом пишириб ейилади. Шунда отин ойи ўлик эгаларининг аёлларига бошига оқ румол ташлайди ва аёллар аза учун кийиб юришган алоҳида рангли либослари шу кунда алмаштирадилар. Бу ўлик оққа кўчсин деб қилинади.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайликчи, юқоридаги маросимлар динимизда борми? Булар маййит эгаларига зулм эмасми?

Водийда бир мақол бор: «Тўйники бир кун, Ўликники бир умр». Яъни, валийма-никоҳ маросими бир кунда ўтиб тугайди, хонадон аҳли тин олади. Аммо ўлик чиқса шу хонадонни баъзида бир умргача қарздорлик, азахонлик, дилхиралик тарк этмайди. Буларни қайси бири Исломдан? Қайси бири пок динни буйруғи эканки аёллар тўхтатмай қилишда давом этишса. Аза уч кун эканлиги ҳадисда айтиб ўтилган бўлса, энг муҳим Аллоҳга ва охират кунига деб муслималик, мўминлик шарт қилинди. Бундан тушуниладики, иймонли киши азани 3 кундан ортиқ давом эттирмаслик шартдир. Динимиз жуда пок дин, уни йўқ бидъатлар билан тўлдирмаслик керак. Чунки ўзи мукаммал дин, унга тўлдиришни ният қилиш бу борини бузишдир.

Орифахон ЮНУСХЎЖА,

Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси.

 


[i] «Исломда ўлим ва жаноза масалалари» китоби Салоҳиддин Муҳиддин.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!