Азиз, қалбида «Лаа илаҳа иллаллоҳ»дек нури бор қадрдоним!

15:20 14.09.2018 797

Агар сизга бирин-кетин мусибатлар келаётган бўлса, билингки сиз суюкли инсонсиз ва сиз тўғри йўлдан бормоқдасиз!

Ижозатингиз билан, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ айтиб ўтган ажиб бир ҳикматни эслаб ўтсам.

Кунларнинг бирида Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан бир киши, "Бу йўлингизда учрайдиган машаққат ва мусибатлар ортга тисаришга ундамайдими ҳеч?" дея сўради. У киши, “Аллоҳга қасамки, агар мана шу машаққатлар ва мусибатлар бўлмаганида, бу ҳаётдаги тутган йўлимни тўғрилигида шубҳа қилиб қолган бўлар эдим”, деб жавоб қилган эканлар.

Ҳа, Аллоҳ таоло сизни ҳеч бир нарсада имтиҳон қилмайдики, магарам унда сиз учун яхшилик бўлади. Яна айтадиларки, "Агар синов ва машаққатлар бўлмаганида, Юсуф алайҳиссалом оталарининг бағрида эркатой бўлиб ўтирган бўлар эдилар. Аммо, мусибатлар туфайли Мисрнинг азизи бўлдилар".

Худди шундай, "Мусо алайҳиссалом ҳам сургун қилинишдек синовдан сўнг, ўз қавмларига пайғамбар бўлиб қайтдилар". Қарангки, ўз диёридан ҳижрат қилиб чиқиб кетишдек синовдан сўнг, сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилувчи бўлиб қайтдилар!

Энди шундан сўнг ҳам юрагингиз сиқиладими?! Тушкунликка тушиб, келажакдан ноумид бўласизми?! Модомики ҳаётингизда машаққатларга дуч келаётган бўлсангиз, билингки, сабрингиз ортида сизни лол қолдирадиган яхшиликлар кутиб турибди. Бунга ишончингиз комил бўлаверсин. Чунки, ўтмишда бирор сабр қилган киши, улкан мукофотсиз қолмаган. Ҳеч бир мусибатларга сабр қилиб, сўнг дунёда ҳам мукофотини кўрмай ўтган инсонни топмайсиз!

Қарангки, Аллоҳ азза ва жалла бандаларига "Сабр" ва "Шукр" фазилатларини фақатгина еру осмонда азизликка эришмоқлари учун инъом этган экан. Мусибат келади, сабр қилиб азиз бўламиз. Мусибат кўтарилади, шукр қилиб азиз бўламиз.

Ҳар бир ишингизда азизлик инъом этувчи Роббингиз бор, шодланинг!

Маъмур Мухтор

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!