Азон боби (Енгил фиқҳ)

18:30 08.07.2019 328

Беш маҳал намоз ва жума учун азон айтиш суннатдир. Азоннинг сифати маълум, унда таржиъ қилинмайди. Бомдод азонида “Фалаҳ”дан кейин “Ассолату хойрум минан навм” қўшимча икки марта айтилади.

Иқомат азондекдир. Илло, унда “Фалаҳ”дан кейин икки марта “Қод қоматис солат” қўшимча қилинади. Азонни бўлиб-бўлиб, иқоматни эса қўшиб ва икковини ҳам қиблага қараб айтилади. Муаззин юзини “.. солаҳ” да ўнгга ва “.. фалаҳ”да чапга буради. Мезанада оёқни узмай, ўзи айланса ҳам бўлади.

Муаззин бармоқларини қулоққа киргизгани афзал, бундай қилмаса ҳам азон бўлади. Бомдодда азон ва иқомат ўртасида эълон қилиб қўйиш яхши. Бошқа намозларда эса зарари йўқдир.

Шомдан бошқа намозларда азон ва иқомат ўртасида бироз ўтирилади.

Қазо намозларга ҳам азон ва иқомат айтилади. Агар бир неча намозни қазо қилган бўлса, биринчисига азон ва иқомат айтади. Қолганларида ихтиёрли бўлади; хоҳласа азон ва иқомат айтади ёки иқоматнинг ўзи билан кифояланади.

Азон ва иқомат айтганда таҳоратли бўлиш керак. Азонни таҳоратсиз ҳолда айтса жоиз, аммо иқоматни айтиш макруҳ бўлади. Жунуб ҳолда азонни айтиш ҳам макруҳ бўлади. Агар таҳоратсиз азон ва иқомат айтиб қўйган бўлса, қайта айтилмайди. Жунуб айтган бўлса, қайтарган яхши, аммо жоиз бўлаверади.

Намознинг вақти кирмай азон айтиб бўлмайди. Айтилган бўлса, вақти кирганда қайта айтиш лозим.

Мусофир ҳам азон ва иқомат айтади. Икковини ҳам тарк қилиши макруҳдир. Шаҳарлик уйида намоз ўқиганда азон ва иқомат айтади. Тарк этса ҳам жоиз бўлаверади.

"Енгил фиқҳ" китоби
Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!